Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:53

Исломофобия илдизи қайда?


Айрим мусулмон жамоалари учун Марва ҳижоб йўлидаги шаҳидга айланди.
Айрим мусулмон жамоалари учун Марва ҳижоб йўлидаги шаҳидга айланди.

Дрезден судида - суд ҳайъати ва иштирокчилари кўзи ўнгида чавақланган мисрлик аёл Марва ал-Ширбиний кўпчилик томонидан Ғарбдаги исломофобия қурбони дея талқин этилмоқда. Хўш¸ инсоний фожиаларга сабаб бўлаëтган бу феноменни суғораëтган омиллар нима?

Марва ал-Ширбиний уни ҳақорат қилгани учун, асли келиб чиқиши россиялик бўлган, 2003 йили Германияга кўчиб келиб¸ немис фуқаролигини олган 28 ёшлик муҳожир устидан судга арз қилган эди.

Унинг даъво аризаси бўйича 2009 йилнинг 1 июлида бораётган маҳкама жараёни чоғида судланувчи курсисида ўтирган россиялик муҳожир Александр Виенс, кутилмаганда, Марвани пичоқлаган эди.

11 ноябр куни Дрезден суди ваҳшиёна қотилликни содир қилган Александр Виенсга умрбод қамоқ жазоси тайинлади. Аммо, Виенсда 15 йилдан кейин яна қайта судга мурожаат қилиш ва ҳукмни қайта муҳокамага қўйиш ҳаққи бор.

Марва Ширбинийнинг суд залида ўлдирилиши Ғарб ва Шарқда яшаётган мусулмон жамоаларини қаттиқ жунбушга солди ва уларнинг кўпчилиги Дрезден судининг 11 ноябр кунги қароридан қониқмаганини айтмоқда.

Биз Марва Ширбиний билан боғлиқ сўнгги воқеалар ривожига яна бир бор назар ташлаш билан бирга ҳижобли муслима аёлнинг пичоқланишига олиб келган омилларни ўрганишга уриндик.

31 яшар мисрлик Марва илмий тадқиқот олиб бораётган турмуш ўртоғи Элви Али-Оказ ортидан бир ўғли билан Германияга келган эди.

Унинг ҳаётига қасд қилган ва 2003 йилда Россиядан Германияга борган Александр Виенс Марванинг оиласига қўшни эди. Марва аввалига бу қўшнисининг унга нисбатан ёмон хулқидан яқинларига шикоят қилиб юрди.

Марванинг яқинлари сўзларига кўра, биринчи жанжал болалар ўйингоҳидаги арғимчоқни, деб қўзғалган. Марва арғимчоққа ўтириб олган Александрдан уни болаларга бўшатиб беришни талаб қилган, у эса бунга жавобан ҳижобли муслима аёлни “террорчи¸ қанжиқ”, деб ҳақорат қилган.

Кейинчалик бу ҳақоратлар яна бир неча бор такрорланиб, бир сафар эса Александр Виенс Марванинг бошидаги рўмолини тортиб олишга уринганидан сўнг олий маълумотли фармацевт бўлган Марва Ширбиний кўплаб муслима аёллардан фарқли равишда ўз ҳаққини талаб қилди ва Александр Виенс устидан судга мурожаат қилди.

Суд Виенсни айбдор, деб топиб унга жарима солди. Виенс эса ўз навбатида суднинг қарори устидан арз қилди ва Дрезденда бораётган аппеляция суди чоғида эндигина кўрсатма беришга отланган Марвани судланувчи курсисида ўтирган Александр Виенс даҳшатли тарзда пичоқлади.

Марванинг акаси Ториқ Шербинининг Озодликка айтишича, саккиз минут давомида қотил ҳомиладор Марвага 16 бора пичоқ уришга, аёлини ҳимоя қилишга отланган турмуш ўртоғини ҳам бир неча бор пичоқлашга улгурган.

Бундан ташқари, бу жиноятга фақат томошабин бўлиб турган суд ҳайъати ва қўриқчиларидан бири — полиция офицери адашиб кетиб, Марванинг эрига қарата ўқ узган ва уни оёғидан жароҳатлаган.

Бу қадар ваҳшиёна жиноят қурбонига айланган Марванинг яқинлари Германия адлия тизими, ҳукуматининг бу воқеага муносабати, қотилга тайинлаган жазосидан қониқмаётганини айтмоқда.

- Шахсан, мен суд қароридан қониқмадим. Суд қотилга умрбод қамоқ жзаосини тайинлади. Аммо, 15 йилдан сўнг у яна судга мурожаат қилиши ва иши қайта кўрилиб, озодликка чиқиши мумкин. Ваҳоланки, Германияда умрбод қамоқ жазоси 25 йиллик муддатга ҳам берилиши мумкин. Нега шу қадар золимона жиноятга энг оғир жазо қўлланмади¸ дея савол билан юзланади Марванинг акаси Ториқ Ширбиний.

Айни вақтда у Марванинг турмуш ўртоғига ўқ узган полиция офицери устидан бораётган тергов жараёнидан ҳам қониқиш билдирмаётганини айтмоқда.

- Марванинг эрига қарши ўқ узган полиция офицери устидан қўзғатилган иш эса мана икки ойдирки, прокурорнинг қўлида турибди. Бу иш судга оширилмади. Бундан ташқари¸ Марва ва унинг эри 4 ёшли ўғлининг одида пичоқланиши, отилишига томошабин бўлиб турган суд ҳайъатига нисбатан ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Биз Марва учун адолатни талаб қиламиз, бу ерда адолат тиклангани йўқ ҳали, дейди суд залида пичоқланган 31 ёшли ҳижобли аёл Марванинг акаси Ториқ Ширбиний.

Жорий йил ëзида Дрезден суди залида саккиз иштирокчи кўз ўнгида содир бўлган фожиа Германиядаги мусулмонлар, шунингдек, дунёнинг бошқа давлатларидаги мусулмон жамоаларини ҳам қаттиқ жунбушга солди.

Марва Ширбинийнинг ватани Александрияга олиб борилган маййити минглаб мусулмонлар, шу жумладан, Миср ҳукумати аъзолари томонидан қарши олинди. “Ҳижоб учун шаҳид бўлган аёл” мақомини олган Ширбинийнинг дафн маросими эса йирик норозилик намойишига айланди.

Кейинчалик Миср, Эрон ҳукумат раҳбарлари, ҳатто, президентлари расмий баёнотлар билан чиқиб, фожианинг келиб чиқишида Ғарб жамиятларидаги исломофобия ва бунга йўл қўйиб берган, бунинг олдини олмаган, дея Ғарб ҳукуматларини айблади.

Хусусан, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ўз баёнотида, фожиага Германия ҳукуматининг бефарқлиги, Ғарб жамиятларининг эса инсон ҳуқуқлари масаласидаги иккиюзламачи сиёсати сабаб, деб таъкидлади.

Марва Ширбинийнинг суд ҳайъати кўз ўнгида пичоқланиши Германия канцлери Ангела Меркел ва Миср президенти Ҳусни Муборак ўртасида ҳам муҳокама этилди.

Табиийки, қандай қилиб судланувчи курсисида ўтирган жиноятчи ҳайъат кўз ўнгида даъвогар муслимага 18 бора пичоқ уришга эришди, деган савол, нафақат, мусулмон жамоалари, балки, Германия жамоатчилигини ҳам қийнамоқда.

Германия расмийлари бу борада бир неча бор баёнот берди. Хорижий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, хусусан, Дрезден суди матбуот вакили Беттина Гартман жиноятчининг суд залига пичоқ билан кирганини изоҳлай туриб, фуқаролик аризаларини кўриш чоғида суд залига кириш олдидан махсус текширув ўтказмаслигини айтган.

“Islamnews” нашрида келтирилган иқтибосда айтилишича, Гартман: “Бу гал махсус текширувга асос йўқ эди, чунки, жавобгар муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган эди”, деб жавоб берган.

Аммо, суд ҳайъатининг Марвага 18 бора пичоқ уриш учун кетган саккиз дақиқа вақт ичида ҳаракатсиз қолгани ва бундан ташқари, судда қўриқчилик қилаётган полиция офицерининг адашиб кетиб, айнан Марванинг эрига ўқ узгани хусусида ҳали тугал расмий изоҳ берилмади.

Бу хусусидаги эътирозларга жавобан 10 ноябр куни баёнот берган Германия ҳукумати расмийси Томас Стег, Германия раҳбарияти сукут сақламаётгани, аксинча, тезкор муносабат учун етарли даражада ахборот бўлмаганини важ қилиб тилга олди.

Хорижий ахборот воситалари хабарига кўра, Томас Стег бу жиноят “даҳшатга солувчи қилмиш” экани айтган ва бундан Германия ҳукумати “чуқур хавотирга тушиб, даҳшатда қолганини” таъкидлаган.

Албатта, 31 ёшли ҳижобли аёл, бундан ташқари, ҳомиладор бир аёлнинг судда пичоқлангани жуда, жуда, жуда даҳшатли воқеа.

Бундан ташқари, бу аёлнинг ҳимоясига отланган отанинг ҳам пичоқланиб, бу воқеанинг 4 ёшли фарзанднинг кўз ўнгида содир бўлгани эса ундан ҳам даҳшатли воқеа.

Дарвоқе, шу кунларда Ширбинийнинг турмуш ўртоғи Элви Али-Оказ шифохонадан чиққан, соғлиги тикланган ва ўз илмий тадқиқотларини давом эттирмоқда. Унинг 4 ёшли ўғли эса Мисрда, Элвининг ота-онаси билан яшамоқда.

Бир оилани шунчалик саргардон қилган фожиа содир бўлганидан буён бунга бефарқ қолмаган инсонларни унинг сабаблари ўйлантирмоқда.

Яъни, нега энди Марва ҳижоби учун ҳақоратланди, нега Германияда яшаётган муҳожирда унга нисбатан нафрат пайдо бўлди, кўпчилик бу ҳолат билан боғлаётган исломофобия кайфиятининг кучайишига сабаб нима, деган савол кўпчиликни ўйга солмоқда.

Биз баҳсларга сабаб бўлаётган бу саволлардан, эҳтимол, энг муҳими бўлган учинчисини Марванинг акаси Ториқ Ширбинийга бердик.

- Менимча, бунга асосий сабаб Дрездендаги баъзи одамларнинг мусулмонларни ёқтирмаслиги бўлса керак. Чунки, Марва маҳаллий тилни яхши билар эди. Мулоқотга очиқ қиз эди. У, ҳатто, Мисрдаги қўл тўпи бўйича миллий терма команданинг фаол аъзоларидан бири эди. Бу ерга келганидан сўнг у маҳаллий аҳоли орасида кўплаб дўст орттирди.

Аммо бу шаҳарда мусулмон жамоаси жуда кичик. Шу боис, маҳаллий аҳоли орасида уларга нисбатан ёвқараш бор, деб ўйлайман. Бошқа бир тарафдан, эҳтимол, бу фақатгина шу Марвага пичоқ санчган қотилнинг муаммоси ҳам бўлиши мумкин, дея тахмин қилади Ториқ Ширбиний.

Унинг сўзларига кўра, Марванинг оиласи аввал Германиянинг бошқа шаҳарларида ҳам яшаган. Аммо бирор марта маҳаллий аҳоли ёхуд бу давлатдаги бошқа миллат, бошқа диндаги муҳожирлар билан зиддиятга бормаган.

Аммо Дрезденга келгач, Марва қарийб икки йил иш қидирган ва у борган кўплаб дорихоналар унга норасмий тарзда ишга ҳижобсиз келиш шартини қўйган. Шундан келиб чиқиб Ториқ, эҳтимол, бу жамиятларда мусулмонларни суймаслик сабаблари мусулмонларнинг хулқи билан боғлиқ эмасдир, деган фикрга ҳам боради.

- Марва икки йил ичида битта дорихонадан аранг иш топган эди. Бу дорихона эгаси ҳижоб мусулмонлик шарти эканини тушунди. Марва эса бу шаҳар аҳолисининг унга ва унга ўхшаган бошқа ҳижоблиларга нисбатан жуда совуқ муносабатда эканидан кўп сиқилар эди. Назаримда, бу шаҳарнинг муқаддам Ғарб дунёсидан узилиб, социалистик тузумда яшагани ҳам исломофобия кайфиятининг кучли эканига сабабдир.

Бундан ташқари, у жиноятчи ҳам Россиядан келган. Ҳар ҳолда мен аниқ сабабларини билмайман ва бу мени жуда ҳам қийнаяпти, тўғриси. Биз ҳозир Марва Ширбиний номи қўйилган маданият ва таълим марказини очдик. Шу марказдан туриб, исломофобия илдизини кесишга ва мусулмон жамоаларининг маҳаллий аҳоли билан маданий алоқаларини кучайтиришга ҳаракат қилаяпмиз, дейди исломофобия азобини бошдан кечираётган мисрлик Ториқ Ширбиний.

Ҳижобли аёлга нисбатан ёвқараш, норозилик ёхуд нафратнинг кучаяётганига сабаб нима, деган саволга ҳижобли аёлларнинг ўзлари нима дейди?

Биз ана шу савол билан муҳожирликда яшаётган икки муслима аёлга мурожаат қилдик ва бу суҳбатдошларимизнинг айни масаладаги фикри мутлақо икки хил бўлди.

Дастлабки суҳбатдошимиз Швецияда яшаётган Муслима исмли аёл. Унинг бу юртга келганига 3-4 йил бўлган ва ҳижобда юради. У Марванинг тақдиридан куюнар экан, бундай фожианинг юзага келиши, яъни муслима аёлга нисбатан Ғарб жамиятида пайдо бўлган эътирознинг икки муҳим сабаби бор, деб ҳисоблайди.

Муслима: Бу саволни мен жуда ҳам кўп ўйлайман. Бу менинг фикрим¸ мен билмайман¸ кўп ҳижоблилар бор. Кўплари ҳижобда лекин Ислом қоидаларини яхши билмагани учун Исломни хунук кўрсатиб қўйишган.

Озодлик: Хунук кўрсатиш деганда нимани назарда тутаяпсиз?

Муслима: Қолоқлик. Исломдаги қолоқ инсонлар. Улар ҳозирги шароитга ҳеч мослаша олмайди деган нимани...

Озодлик: Тасаввур пайдо бўлган.

Муслима: Келтириб қўйишган ҳа. Бу биринчиси. Иккинчиси¸ исломий аëлларни яхши кўрмаслик¸ умуман мусулмонларни яхши кўрмаслик. Динга қаршилик¸ деса ҳам бўлади. Бу қачондир тугайдими ëки тугамайдими билмайман. Менинг фикримча¸ ҳозир демократия вақти бўлгандан кейин баъзи аëллар бор¸ ярим-яланғоч юришади. Уларга ҳеч кимнинг ҳеч қанақа фикри йўқ. Ëз пайтида чўмилиши кийимида юрадиган аëллар бор. Унга ҳеч ким аҳамият бермайди. Нимага нормал одамга ўхшаб кийинмайсан¸ деб қараб ҳам қўймайди. Улар “Демократия¸ хоҳлаган кийимини кияди” дейишади. Нимага энди биз ҳижобда¸ бизга демократия йўқ? Булар “Демократия¸ хоҳлаган кийимини кийиши мумкин” деган назарни нимага бизга беришмайди? Улар қолоқми ëки жуда ҳам ақллими¸ қолоқлик назарида ҳам¸ замонавийлик назарида ҳам ҳеч ким аҳамият бермайди. Улар учун демократия бор¸ бизлар учун йўқ.

Озодлик: Нима деб ўйлайсиз¸ нима учун йўқ?

Муслима: Агар мен билганимда эди нима учунлигини¸ мен бу саволни ўртага қўймаган бўлардим. Бизлар масалан¸ университетда¸ мактабда ўқиймиз. Бир хил илм ола оламиз¸ бир хил даражада ишлай оламиз¸ ақлимиз бир хил¸ турқимиз бир хил¸ еяëтган нарсамиз кўп жиҳатдан бир хил. Фақагина 15-20 граммлик бир парча латтани кўп нарсага тақашади. Нима учун?

Озодлик: Сиз яшаб турган Ғарб давлатларидаги ҳукуматларнинг¸ давлат органларининг ҳижобни ëқтирмасларга муносабати қанақа?

Муслима: Мен яшаëтган жойимда олдиндан кенгчилик эди. Хоҳлаган хоҳлаганча кийинади. Ҳозир энди қанақадир баъзи бир мактабларда мумкин эмас¸ ишларда мумкин эмас дегандай проблемалар чиқаяпти. Ҳали юзага аниқ чиқиб бўлгани йўқ. Асли давлатнинг ўзининг қаршилиги йўқ бу нарсага. Лекин инсонлар орасида озгина проблема бор деб ўйлайман.

Озодлик: Бу мен ўзим Праганинг марказида кўрган нарсам. Бир аëл кетаяпти. Фақат кўзи очиқ. Бошдан-оëқ қоп-қора кийим кийган. Атрофдагиларнинг реакциясига қарасангиз¸ қочишаяпти. Шу нарсалар ҳам сабаб бўлмаяптимикан? Нима деб ўйлайсиз?

Муслима: Ўша кийинган аëлнинг ичига кириб чиқсангиз¸ шунча иймони кучлилигидан менга нисбатан кучли нима бўлмасин. Инсон нафратлангани билан¸ Оллоҳу алам¸ Оллоҳ уни жуда яхши кўриши мумкин. Мен уларни тарозига қўя олмайман. Фақат Оллоҳ қўяди. Инсонлар нафратланадиган кийимда юра олганига мен уларни ҳурмат қиламан. Қаерда яшасак¸ ўша ерга мослашишга ҳаракат қиламиз¸ лекин ўзимизнинг кимлигимизни ҳам унутмаслигимиз керак.

Озодлик: Сиз қандай йўл тутасиз? Қанақа ҳижоблар киясиз?

- Мен унақа қора киймайман. Қора кийина олмайман. Мен унчалик даражада кучли эмасман. Ўшаларда бор куч менда йўқ¸ дейди Муслима.

Швецияда яшаётган Муслима исмли бу суҳбатдошимиз дунёнинг баъзи давлатларида исломофобия кайфиятининг кучайиб бориши сабаблари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Бу суҳбатдошимизга кўра, бунда мусулмонларнинг ҳам айби бор. Аммо, асосий сабаб, мусулмонларни, ҳижобли аёлларни суймаслик ва бунда муслималарнинг айби йўқ, демоқда Муслима. У муҳожиратдаги мусулмон жамоалари ўзлигини сақлаш учун Ғарб жамоалари билан чуқур интеграциялашмаслиги керак, деган фикрда. Унга кўра, ўзга диндаги жамоалар билан интеграциялашув исломофобия муаммосини йўқ қила олмайди.

Кейинги суҳбатдошимизнинг фикри эса бунинг акси. У ҳам Ғарб давлатларидан бирида яшайди.У ҳам ҳижобда ва бу давлатларда ҳижобга кучайиб бораётган норозиликдан чуқур ташвишда.

- Бу хусусда мен ҳам кўп сиқилдим. Мана ҳозир Францияда тақиқланди¸ Ҳолландия ҳозир ҳижобни тақиқлаш олдида турибди. Ислом хусусида чуқур билмаган одам Ислом давлатларида бўлаëтган ҳар хил номаъқулчиликлар¸ уруш¸ деярли нотинчликларнинг ҳаммаси Ислом давлатларида. Кўпчилик шундан таъсирланади. Қачон Ислом хусусида гаплашсак¸ биринчи бўлиб бериладиган савол “Нима учун Ислом яхши бўладиган бўлса¸ нега айнан Ислом давлатларида уруш бўлаяпти? Нега Ислом давлатида тинчлик йўқ? Бузуқчилик¸ қаллоблик¸ алдовни ўша ерларда кўпроқ кўрамиз” деган мазмунда бўлади. Одам уяласан. Ўзи аслида Ислом давлатида унақа бўлмаслиги керакку. Биринчи сабаби шу деб ўйлайман. Кўпчилиги шунақа эмаслигини билса ҳам¸ Исломни ëмон кўрган одамлар шуни ўзига ҳужжат қилиб олади. Кейин ўзимизда ҳам Исломга тўлиқ амал қилмаслик ҳолатлари кўп. Мен мусулмонман деймизку¸ гоҳида алдаймиз. Бировнинг ҳақидан қўрқмаслик ҳолатлари бўлади. Кимдир Исломни чиройли қилиб кўрсатган жойда¸ атрофдагилар Ислом чиройли экан¸ деган фикрга эга бўлади. Нотўғри ўрнак бўлиб қолаëтганлардан эса нотўғри таъсир олади. Бунинг сабаблари жуда кўп деб ўйлайман. Менинг атрофимдагиларнинг муносабати жуда гўзал. Ҳеч ҳам жиддий қаршиликка учрамадим. Борди-келди ҳам қиламиз. Мен юзимни ëпиб юрмайман. Юзим очиқ ҳолатда юраман. Ҳижоб кияман¸ лекин юзимни очиб юраман.

Озодлик: Агар ëпиб юрсангиз¸ нима бўларди? Муносабат ўзгарармиди?

- Ëпиб юрганни кўпчилик ëқтирмайди. Буни очиқ айтишади. Ўзи ëпиб юрганлар кам. Бу ҳолат ҳам Исломдан деб айтамизку¸ қандайдир жамиятга кириб бориш учун ҳам юзимни очиб юрганим¸ тўғри деб ўйладим. Шу ернинг тилини ўрганишим учун¸ бу ердаги одамларни танишим учун.

Озодлик: Яъни муроса йўлларини қидирасиз-а?

- Енгилликлар борку¸ енгилликлардан фойдаланишимиз керак барибир. Бирданига оғир қилиб кўрсатмаслигимиз керак. Мен ўзимча шу йўлни тўғри деб билдим. Мана келганимизга икки йил бўлиб қолди. Ҳар доим яхшилик билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Масалан¸ динга тўғри келмайдиган байрам бўлса¸ уни тушунтирамиз. Менинг атрофимдагилар буни жуда тўғри тушунишади. Бўлаверадиган оддий маросим бўлса¸ унда қатнашамиз. Ортиқча гуноҳкор бўлиб қолмайдиган ҳолатлар борку. Бутунлай ўзимизни бир маҳалла қилиб олмасдан уларнинг ичига кириб бориб¸ маданиятини ўрганиб¸ муросаи-мадора қилишимиз керак деб ўйлайман.

Озодлик: Шундай қилса¸ исломофобия деган муаммо йўқолармикан?

- Бу жуда илдизли муаммо. Қайсидир жойларда йўқолиши мумкин. Лекин бутунлай йўқолади¸ деб бўлмайди барибир. Муроса қилсангиз ҳам ëқтирмайдиганлар борда барибир. Ўша ҳолатларсда оғир. Бу табиий ҳолат энди. Оддий тушунишимиз керак¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Ҳозир Ғарб давлатларидан бирида яшаётган бу муслима аёл, мусулмон жамоалари ўзга юртда яшар экан ўша юртнинг аҳолиси қадриятлари, ҳаёт тарзига мослашиши ва баъзи ўринларда муросага келиш учун, Ислом динида белгиланган енгилликлардан фойдаланиши шарт, деган хулосада.

Бироқ, шунда ҳам дастуримиз аввалида ҳикоя қилиб берганимиз Марва Ширбиний бошига тушган кўргиликка олиб борган муаммо илдизини мутлақ кесиб ташлаш мумкинлигига бу аёл ҳам ишонмайди.

Бу ҳозирда Ғарбда яшаётган икки муслима аёлнинг фикрлари эди, холос ва биз бугун фақатгина воқеа қаҳрамонларининг фикрини бердик. Сизнинг фикрингиз эса, табиийки, уларнинг фикрларидан фарқли бўлиши мумкин.

Агар сиз ҳам бу борада ўз фикрларингизни билдиришни истасангиз, бизга қўнғироқ қилинг ёки Озодликнинг интернетдаги веб-сайтига кириб, ўз мулоҳазаларингизни қолдиринг. Сиздан фикр-мулоҳаза кутиб қоламиз¸ азиз муштарий!
XS
SM
MD
LG