Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:40

Ўзбекистон уй қамоғига ташланмоқда


Ўзбекистон чегарачиларига қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан ëпилган чегаралардан ўтишга уринган исталган шахсга қарши ўт очиш ваколати берилган.
Ўзбекистон чегарачиларига қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан ëпилган чегаралардан ўтишга уринган исталган шахсга қарши ўт очиш ваколати берилган.

Ўзбекистондан келаëтган турли расмий ва норасмий хабарлар мағзини чақаëтган мустақил кузатувчилар¸ булар ортида битта мақсад - мамлакат фуқароларини ҳамма томондан изоляцияга ташлаш мақсади ëтганини таъкидламоқдалар.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Жисмоний шахслар томонидан истеъмол молларининг мамлакатга олиб кирилишини тартибга солиш” тўғрисидаги қарорни имзолади.

Бир қарашда тингловчимиз бу хабарнинг қандай фавқулодда аҳамияти бор экан, деб ўйлаши мумкин.

Лекин, кузатувчилар бу янгиликнинг аксарият ўзбекистонликлар, айниқса, қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларида яшовчи оддий одамлар турмушига бевосита алоқаси борлиги, қолганларнинг ҳаётига билвосита таъсир қилишини айтаётгани боис, уни бугунги дастуримизга мавзу қилиб олдик.

Биринчидан, мазкур ҳужжатга кўра, бундан кейин оддий ўзбекистонликлар қўшни давлатлар, масалан, Қирғизистоннинг Қорасув бозори ёки Қозоғистоннинг Олмaота бозоридан, борингки, “Черняевка”дан у-бу нарса олиб қайтадиган бўлса, божхонадан ўтаётиб, мол нархининг 10 АҚШ долларидан ортиғига давлатга бож тўлаб қўйиши лозим бўлади.

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги Давлат божхона бошқармаси ходими президент янги қарорининг айни шунга асос бўлажагини таъкидлади:

Озодлик: 1 июндан жисмоний шахсларнинг четдан истеъмол молларини олиб киришини тартибга солиш бўйича қарор чиқипти. Шунга бир изоҳ керак эди. Олиб кириладиган товарлар нархи 25 доллардан 10 долларга туширилипти. Бундан кейин бож 10 доллардан қиммат товарга солинадими?

- Худди шунақа. Тўғри тушунибсиз.

Озодлик: Масалан¸ мен ўзимга Қорасувдан кийим-бош олсам ҳам солинади-а?

- Ўзбекистон республикаси фуқаролари қўшни давлатлардан¸ қўшни дегани Қирғизистон¸ Тожикистон¸ Туркманистон¸ Афғонистон давлатлари дейлик¸ юк олиб кирганда¸ 10 долларгача ўз эҳтиëжлари учун ҳеч қанақа тўловсиз олиб кириши мумкин. Ундан ортиқ нархда бўлган товарга белгиланган тартибда божхона йиғимлари ундирилади.

Озодлик: Масалан¸ мен ўзимга 100 долларга костюм олдим.

- Унда унинг 90 долларига сизга нимани ҳисоблаб беришади.

Озодлик: Ўша 100 долларлик костюм учун қанча миқдорда бож тўлашим керак?

- Энди уни ҳисоблаб беришади.

Озодлик: Бу чоралар нима мақсадда кўрилаяпти?

- Бу чоралар Ўзбекистон республикасининг ички бозорини ҳимоялаш¸ иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрилаяпти.

Озодлик: Масалан¸ мен Москвадан келаëтган бўлсамчи?

- Унда 1000 долларгача олиб келаверасиз, деди Давлат божхона қўмитаси ходими.

Бир йил аввал бож солинадиган истеъмол моллари нархи 50 АҚШ доллари бўлган бўлса¸ 2008 йилнинг июл ойидан бу нарх 25 долларга туширилган.

Аввалги қарорларда бўлгани каби янгисида ҳам гап фақат қўшни мамлакатлардан олиб келинадиган товар ҳақида кетаяпти. Узоқ хориж, айтайлик Россия ё Европадан совға-салом олиб келмоқчи бўлсангиз, божхона ходимига кўра, 1000 АҚШ долларигача бўлган мол учун бож йиғилмайди.

Хўш, қўшни мамлакатлардан келадиган маҳсулотларнинг узоқ хориждан олиб келинадиганларидан нима фарқи бор?

Президент қарорида айтилишича ва божхона ходимидан эшитганимиздек, янги қарордан мақсад, Ўзбекистон ички бозорини ҳимоя қилиш ва мамлакатга сифатсиз маҳсулотлар олиб кирилишининг олдини олиш эмиш.

Тошкентлик мустақил иқтисодчи Ориф Ҳошимов фикрича, Ўзбекистон шароитида бундай қарор билан унда даъво қилинаëтган мақсадга етишнинг иложи йўқ.

- Асосий айтмоқчи бўлган гапим нимадан иборат? Бу чегаралов авваллари 50 доллар¸ ундан олдинроқ 100 доллар эди.

Яъни бир фуқаронинг қўшни давлатлардан олиб кириши мумкин бўлган товарнинг максимум баҳоси 2003 йилда 100 доллар эди¸ 2005 йилда 50 долларга туширилди¸ адашмасам 2006 йилдан 25 долларга туширилган эди.

Аллақачон бозорни сифатсиз маҳсулотлардан¸ рақобатбардош бўлмаган маҳсулотлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги мақсаддан ўтилган. Контрабанда 1 июн қарори чиқишидан олдин ҳам бор эди¸ бундан кейин ҳам бўлади.

Қўшни давлатлардан бир сўмлик нарса ҳам олиб кириш мумкин эмас¸ деган қарор чиққан тақдирда ҳам контрабанда давом этаверади. Бу гапларимнинг исботини топиш учун узоққа бориш шарт эмас.

Мана Чорсу бозорига¸ Отчопар (Ипподром) бозорига¸ Паркент бозорига чиқинг ва сотилаëтган товар ва хизматларни кўринг. Ҳаммаси десам лоф бўлади¸ лекин 70 фоизи чет элдан олиб келинган товарлар. Қарорда айтилганидай¸ сифатсиз товарлар.

Демак¸ контрабандани бу йўл билан чеклаб бўлмайди. Ҳамма нарса¸ ҳаттоки контрабанда ҳам марказлаштирилган. Контрабандани маълум бир одамлар¸ аниқ бир одамлар¸ маълум бир гуруҳлар амалга оширади.

Бу куч ишлатар тизимларга ҳам¸ бошқаларга ҳам – умуман ҳаммага маълум. Улар деярли ярим легал ҳолатда фаолият кўрсатишади. Бу нарса қайтанга уларнинг йўлини янада кенгайтиради¸ дейди иқтисодчи.

Санжарбек исмли фарғоналик суҳбатдошимиз ҳам мамлакатга олиб кириш рухсат этилган моллар нархи 10 доллар бўладими, 1000 доллар бўладими фарқи йўқ, муҳими чегарада керакли одамга берадиганингизни берсангиз бўлди¸ дейди.

Санжарбек: Машиналар билан келишасизда ака. Ўзи одамлар бор. Аскарлар билан гаплашилади. Ҳеч ким чегарадан тўғридан-тўғри ўтиб кетмайди.

Уйига келиб кетса ҳам ўзининг айланма йўллари бор. Ўша йўллардан келиб кетиладида. Лекин барибир бош оғриғи бўлади.

Озодлик: Қанақа бош оғриғи бўлади?

Санжарбек: Пул сўрайдида.

Озодлик: Қанча бериш керак?

- 5000-10000 да. Товарингизга қарабда. Ўзингизга бўлса¸ 5000 бериб ўтиб кетса бўлади. Товар бўладиган бўлса¸ гаплашиш керак бўлади¸ дейди Санжарбек.

Энг яхшиси, деб маслаҳат беради Санжарбек, чегарачилар билан олди- берди қилишни истамасангиз, чегардан айланма йўллар билан ўтишнинг ҳам иложи бор.

Санжарбек: Чегарадан ҳамма ëғингиз зўр бўлса¸ ўтиб кетсангиз бўладию¸ ҳамма ҳар хилда. Билиб бўлмайди. Сўраши ҳам мумкин.

Озодлик: Мана сиз охирги марта тўполондан (25 майдан 26 майга ўтар кечаси содир бўлган воқеалар назарда тутилмоқда – таҳр.) олдин бордим деяпсиз. Нималар олдингиз?

Санжарбек: Ўзимга кийим олган эдим.

Озодлик: Сир бўлмаса¸ неча пуллик олган эдингиз?

Санжарбек: Тахминан 200 долларлик.

Озодлик: Чегарадан қандай қилиб олиб ўтдингиз?

Санжарбек: Айланма йўллар бор. 5000 сўм берган эдим¸ ўшанақа йўл билан олиб ўтиб қўйишди.

Озодлик: 5000 сўмни кимга берасиз?

- Олиб ўтиб қўядиган маҳаллий халқ бор¸ дейди Санжарбек.

Лекин шу кунларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегараларида назорат кучайтирилгани ва, айниқса, ўтган ҳафта чегарадан айланма йўл билан ўтмоқчи бўлган қирғизистонлик ёш йигитнинг ўзбек чегарачилари томонидан отиб ташлангани¸ контрабанданинг бу айланма йўллари ниҳоятда хавфли йўналишга айланганини кўрсатди.

Хўш, янги қонун Ўзбекистонга сифатсиз молларнинг контрабанда йўли билан олиб кирилишига реал тўсиқ ярата олмас экан, унинг нима кераги бор?

Иқтисодчи Ориф Ҳошимов гапиради.

- Тасаввур қилинг: Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қўшни мамлакатлар ҳудудига кунлик трафик¸ ойлик трафик қанчани ташкил қилади?

Одамларнинг трафигини¸ уларнинг қўшни мамлакатларга бозор учун¸ бошқа масалалар учун ўтиш билан боғлиқ масалаларни чеклаш билан боғлиқ масалалар тургандир бу қарорнинг орқасида.

Чунки фуқаро томонидан 25 долларлик товар олиб кирилдими ëки 10 долларлик товар олиб кирилдими – ҳозирги кунда бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.

Эксперт шартли равишда 10 долларлик товарни 25 доллар деб баҳолаши мумкин. Яъни буни контрабанда сифатида тан олиб¸ унга қарши ҳаракатларни олиб бориш мумкин¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Бундан асосий мақсад эса, деб давом этади, суҳбатдошимиз...

- Менинг фикримча¸ асосий мақсад қўшни мамлакатларга фуқароларнинг борди-келди трафикларини максимум даражада қисқартириш.

Қўшни давлатга қанақадир мақсад¸ қанақадир ташвиш билан чиққан одамнинг қуруқ қўл билан қайтишини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Яъни бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтаëтган фуқаронинг қўлида қандайдир сотиб олинган нарсаси бўлади.

Бундан бу ëғига исталган фуқарони чегара ҳудудидан ўтаëтганда унга нисбатан контрабанда билан шуғулланаяпти¸ деган маҳкама қўзғалиши мумкин. Чунки чет элдан келаëтган ҳар қандай фуқаронинг қўлида товар ëки хизмат бўлади.

Бир шиша ароғи бўлиши мумкин¸ бир шиша минерал суви бўлиши мумкин¸ қанақадир канцелярия товари бўлиши мумкин¸ дафтар-китоби бўлиши мумкин¸ бир блок сигаретаси бўлиши мумкин.

Ҳар қандай фуқаро¸ русчасига айтганда “под калпаком” бўлади. Мамлакат чегарасини кесиб ўтаëтган фуқарога нисбатан қарши ҳаракатларни амалга ошириш керак бўлса¸ уни исталган пайтда айблаш¸ жиноий жазога тортиш мумкин бўлади¸ дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Мустақил иқтисодчининг бу фикрлари, Ўзбекистон ҳукуматининг шу кунларда қўшни мамлакатлар билан чегараларни янада мустаҳкамлаш асносида, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара чизиқлари бўйлаб чоҳ қазиб, қўрғон қураётгани билан президент қарори ўртасида сиртдан кўзга кўринмас алоқадорлик борлигига ишоратдек.

Бундай алоқадорлик мавжуд¸ дер экан иқтисодчи Ориф Ҳошимов, президент қарорининг индаллоси ҳам Ўзбекистонни мутлақ ёпиқ мамлакатга айлантириш ҳаракатларига ҳисса қўшишдан иборат, деб хулоса қилади.

- Бу иқтисодчи сифатидаги эмас¸ оддий фуқаро сифатидаги фикр. Менинг ҳаëтимга қанақа томондан таъсир қилишини ўйлаб кўрганимда¸ мен фақат шу томонига эътибор бердим. Фуқаро сифатида менинг иқтисодий ҳаëтимга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Лекин менинг ҳаракат эркинлигимни¸ албатта¸ чеклайди. Инсоннинг эркинлигини белгилайдиган асосий шартлардан бири бу ҳаракат эркинлиги. Фуқаронинг исталган пайтда мамлакатдан чиқиб кетиш имконияти бор ëки йўқлиги.

Шу жиҳатдан ҳам мамлакатларни эркин бўлган ëки эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига қўшиш мумкин. Шу жиҳатдан қараганда¸ биз эркин бўлмаган жамият қуриш йўлидан кетаëтганимизни яна бир марта кўрамиз.

Бунинг асосий вазифаси одамларнинг ташқи давлатларга бўлаëтган трафик ҳаракатларини максимум камайтириш, дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Суҳбатимизни Ўзбекистон ҳукуматининг ички бозорни ҳимоялаш ва мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш уринишларига боғлиқ танишимиздан эшитганимиз қисқа бир воқеа билан тугатсак.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг сотилишини таъминлаш мақсадида ҳукумат оддий фуқароларга ташқаридан олиб келадиган автомобиллар учун 100 фоизлик бож тўловини белгилаганини тингловчимиз яхши билади.

Ўзбекистон давлат божхона қўмитасидаги танишимизнинг ҳикоясига кўра, бундан бир неча йил аввал Ўзбекистондаги жуда катта бир амалдорнинг қизларидан бир мамлакатга “Hyunday” русумли машиналарнинг жуда катта партиясини олиб кириб олиши учун ана шу божлар бир ҳафтага бекор қилиб турилган.
XS
SM
MD
LG