Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:43

Ўзбекистон учун имконият


Бишкекдаги АҚШ ҳарбий ҳаво базаси Афғонистондаги коалиция қўшинлари таъминоти учун юк олиб ўтиладиган асосий йўллардан биридир.
Бишкекдаги АҚШ ҳарбий ҳаво базаси Афғонистондаги коалиция қўшинлари таъминоти учун юк олиб ўтиладиган асосий йўллардан биридир.

Расмий Тошкент ва Душанбе президент Бакиевнинг АҚШ базаси ёпилиши тўғрисидаги баёнотидан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдалана олиш имкониятига эга бўлди.

Душанба куни айрим газеталар ва ахборот агентликлари мана шу ҳақда ёздилар.

Москвада нашр этилувчи “Независимая газета”нинг ёзишича, Бишкекдаги Манас АҚШ ҳарбий ҳаво базасининг ёпилиши тўғрисидаги баёнотдан сўнг расмий Вашингтон Афғонистонга юк олиб ўтилувчи муқобил йўлларни қидира бошлаган.

“Тожикистон ўз ҳаво йўлагини транзит қатори қўлланилишига тайёрлигини билдирган. Ўзбекистон ҳам бу борада кўмак кўрсатиши мумкин. Бу борада Ўзбекистон билан олиб борилаётган музокаралар якунига етай деб қолди. Тошкент ўз темир йўлларидан НАТО фойдаланишига рухсат беришга тайёр”, деб ёзади “Независимая газета”

Regnum ахборот агентлигининг Reuters агентлигига таянган ҳолда маълум қилишича, Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистонга юк етказиб бериш борасидаги шартномани имзолашига бир баҳя қолган, холос. Агентликнинг хабарида айтилишича, бу шартноманинг имзоланиши АҚШнинг Афғонистонга юк етказиш имкониятларини кенгайтиради.

Америкаликлар бу ҳолатда ўтган йили қурилиши якунланган Термиз-Ҳайратон темир йўлидан фойдаланиши мумкин.

“Лекин бундай вазиятда қўшимча пункт ташкил қилишга тўғри келади. Чунки Термизда ҳозир бўлган Германия ҳарбий гуруҳи бундай катта миқдордаги юкни жўнатишга етишмай қолади”,-деб ёзади Regnum ахборот агентлиги.

Айни пайтда Тожикистон ҳам АҚШ билан ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилмоқда. Президент Имомали Раҳмон АҚШ томонига Панж дарёси қуйисида яна бир кўприк қуриш таклифини киритди ва бу борадаги техник ҳужжатлар ҳамда ҳисоб-китобларни Америка элчихонасига тақдим этди.

“Независимая газета”га суҳбат берган Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институти раҳбари Суҳроб Шариповнинг айтишича: “Ҳозирча бу мамлакат ҳудудида АҚШ базасини ташкил қилиш тўғрисида сўз бўлмаган. Агар бу борада музокаралар бошланса, Тожикистон ижобий жавоб қайтариши мумкин”.

Айтиб ўтиш жоизки, Тожикистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлат қатори ташкилотнинг бошқа аъзолари билан келишмай туриб, АҚШ базасини жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қила олмайди.

“Бироқ Марказий Осиё республикалари билан АҚШ расмийлари олиб бораётган музокаралар ижобий якунланишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки Россия Америка ноҳарбий юкларини Афғонистонга олиб ўтишда қўмак кўрсатишга тайёр эканлигини изҳор қилган”,деб ёзади Regnum ахборот агентлиги.

Айни пайтда Россиянинг “Коммерсант” газетаси АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Қирғизистон ҳукумати билан база масаласида музокаралар олиб борилаётганини маълум қилгани ҳақида ёзган.

“ “Бу борада олдинга қараб бораверамиз ҳамда қирғиз ҳукуматининг якуний қарори қандай бўлишидан қатъий назар энг самарали натижаларга эришамиз,”-деб билдирди Хиллари Клинтон ўтган ҳафта сўнгида”, деб ёзади “Коммерсант” нашри.

“The Washington Times” газетасининг Оқ уй расмийларига таяниб ёзишича, Қирғизистон ҳукуматининг АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қарори бу база учун тўланадиган ижара ҳақини ошириш мақсадида қабул қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Адахан Мадумаровнинг Бишкекда ўтган матбуот анжуманида қилган чиқиши ҳам Оқ уй расмийларининг бу таҳминини тасдиқлагандай кўринади.

Адахан Мадумаров НАТОнининг Афғонистонга йўналтирилган бирорта дастурига Қирғизистон киритилмаганини адолатсизлик, деб баҳолади:

-Бу дастур учун миллиардлаб маблағ ажратилган. Бу пуллар НАТО ўзи учун керакли, деб ҳисоблаган давлатларга йўналтирилди. Лекин Афғонистонга яқин бўлган давлатлардан бирортаси бу дастурга киритилмади. Мен буни адолатсизлик, деб ҳисоблайман,-деди Адахан Мадумаров.
XS
SM
MD
LG