Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:00

Янги йил тилаклари


Бу йил ҳам, одатдагидек, 2009 йил кириб келиши арафасида ўзбекистонликларнинг янги йилдаги орзу-ўйлари билан қизиқдик.
Бу йил ҳам, одатдагидек, 2009 йил кириб келиши арафасида ўзбекистонликларнинг янги йилдаги орзу-ўйлари билан қизиқдик.

Янги йил арафасида ўзбекистонликлар бир-бирларига қандай тилаклар билдираяптилар? Улар келаётган йилда қандай орзу-ниятларга эришмоқчилар?

Аввал сўз шоирларимизга.

Шоир Усмон Азим:

- Одам келажакдан ҳар доим яхши нарса кутади. Ҳаëтим яхши бўлсин? дейди. Мен бутун дунëдаги ўзбекларга¸ бутун дунëдаги яхши одамларга келаси йил омадли келишининг тарафдориман.

Уларга жуда жайдари бўлса ҳам¸ ҳамма бу гапнинг устидан кулса ҳам, бахтли бўлсин, дейман. Одамларнинг юзидан кулгу аримасин. Кўнгиллари тўлиб яшасин. Ўзидан ва атрофдагилардан рози бўлсин.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева:

- Тасаввур қиласизми¸ менинг кайфиятим табрик кайфияти эмас. Нималарнидир кутган эдим. Халқимиз учун¸ юртимиз учун яхши янгиликларни орзу қилган эдим. Бунинг дараги йўқ. Лекин ноумид шайтон.

Янги йил арафасида амалга ошмаган орзуларим янги йил давомида амалга ошишини¸ янги йил халқимиз учун чин маънодаги янги бахт йили бўлишини¸ янгиликлар йили бўлишини¸ чин маънодаги баҳор йили бўлишини¸ чин маънодаги озодлик йили бўлишини ниҳоятда истардим.

***

Ўзбекистонлик санъаткору ҳофизлар ҳам янги йилда яхши тилаклар билдирдилар.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов:

Тоза тилакларга бешикдир дунë¸
Очолсанг¸ Жаннатга эшикдир дунë.
Ҳофиз қидирган қўшиқдир дунë¸
Сизларга тилагим камлик кўрмангиз¸
Сиз ҳам бизни ҳеч қачон ғамли кўрмангиз.

Қуëшнинг қатраси ерни ëритар¸
Бир чимдим меҳрингиз дилни ëритар¸
Қувонч ëшартирар¸ қайғу ëритар¸
Қувонч қувиб юрсин¸ ҳеч ғам кўрмангиз¸
Қайғудан қартайган одам кўрмангиз.

Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Ортиқ Отажонов:

- Ассалому алайкум, ҳурматли Озодлик радиоси хизматчилари. Озодлик радиоси орқали бизнинг юртимизни таниб турган дўст давлатлар¸ бутун дунëдаги ўзбек юртдошларимизни янги йил билан табриклайман.

Мана, биз янги йил муносабати билан жуда кўп жойларда хизматда бўлиб турибмиз¸ концертлар бераяпмиз. Қаëққа қарасак ҳам ашула¸ ўйин-кулги бўлиб турибди.

Шундай ажойиб замон бўлаяптики¸ ҳамма жойда тўй-томоша¸ хурсандчилик. Тўйларга вақтимиз¸ ресторанлар ҳам етишмай қолади. Халқимиз шундай тўй қилишни яхши кўрадиган халқ. Илоҳим топганларингиз тўйларга¸ яхши кунларга буюрсин.

Келаëтган 2009 йил ҳаммангизга омад¸ бахт келтирсин. Юртимизда ва тинчлик¸ фаровонлик бўлаяпти. Бутун давлатлар аҳил бўлсин.

Дунë бўйлаб биргалашиб қўшиқ айтиш ҳаммамизга насиб қилсин. Қилаëтган хайрли ишларингизга омад тилайман. Соғ-саломат бўлинглар.

Ўзбекистон¸ Туркманистон¸ Қорақалпоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов:

- 2008 йил мен учун жуда яхши ўтди. Янги қўшиқларни ижро қилдим. Диск чиқардим. Энди ҳар йили бўладиган “Хоразм юлдузлари” концертига бериб ҳам реклама қиламан. Албатта бизнинг ҳам янги йил тилакларимиз бор.

Биз халқ билан яшаймиз. Халқимиз қанча тўқ ва фаровон яшаса¸ бизга ҳам шунча яхши бўлади. Ўзбекистонимизда бу йилнинг яхши бўлганини тўйхоналар кўпайганидан биламиз.

Аввал одамлар тўйни ҳовлисида қилар эди. Шундан билинадики¸ давлатимиз кундан-кунга яхши бўлиб бораяпти. Бизга ўхшаган 70 яшарлар ҳам ҳар кун тўйдамиз, Худога шукур. Шунинг учун мен ўз халқимга миннатдорчилигмни билдираман.

Мени эшитаëтган одамларни келаëтган янги 2009 йил билан табриклайман. Ҳаммага узоқ умр¸ оилавий бахт-саодат тилайман. Юртимиз тинч бўлсин. Сизлар орқали халққа мурожаат қилиб¸ уларни табриклаганим учун сизларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен бундан жуда ҳам хурсандман.

Режиссëр Баҳром Ëқубов:

- Бу йил менга ҳам жуда омадли келди. Ўзимнинг ижодий гуруҳим билан иккита филм суратга олдим.

Биринчиси¸ жуда катта мазмунга эга бўлган “Ташландиқ” фильми.

Иккинчиси томошабоп ва халқчил деб айтишган “Супер келинчак” фильми.

“Супер келинчак” фильми учун бу йил Ўзбекистонда бўлиб ўтган миллий кинофестивалда махсус соврин ҳам олдик. Буни ижодий ҳаëтимдаги жуда катта соврин десам, адашмайман.

Бундан ташқари¸ ўзимнинг шахсий ҳаëтимда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Қизим магистратурани тугатиб¸ ҳозир янги бир режалар ортида юрибди.

Мен Ўзбекистон ëшларига¸ айнан ëшларига¸ ўзимнинг тенгдошларимга¸ қолаверса, чет элда юрган ўзбек биродарларимизга ўз мустақил фикрларига эга бўлишларини¸ оиласида¸ ижодида¸ ҳаëтида демократ бўлишларини тилаб қоламан.

Ўзбек қаерда бўлишидан қатъий назар¸ Ўзбекистонда бўлаëтган ривожланишга ўз ҳиссасини қўшишини тилаб қоламан.


***

Биз оддий муштарийларга ҳам микрофон тутдик. Эл-улус қандай кутмоқда янги йилни? Уларнинг тилаклари нима?

Биринчи суҳбатдош:

- Ўзбек халқини 2009 йил билан табриклайман. Гарчи Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан ошиғи Россия¸ Қозоғистон ва бошқа давлатларда муҳожирликда юрган бўлса-да¸ Озодлик радиоси эфири орқали¸ Озодлик радиоси бераëтган минбар орқали дунëнинг қайси бир нуқтасида бўлишидан қатъий назар¸ барча ватандошларимизни 2009 йил билан табриклайман.

Умид қиламанки¸ 2009 йил Ўзбекистонга қандайдир ўзгаришлар олиб кела олади ва халқимизнинг озодлиги учун жиддий ўзгаришлар ясай оладиган йил бўлади.

Иккинчи суҳбатдош:

- Авваламбор, Озодлик радиоси орқали бизнинг ўтюрак аëлларимиз Мўътабар Тожибоева ва Умида Ниëзоваларни олган мукофотлари билан табриклайман.

Бу фақатгина Мўътабар Тожибоеванинг ëки Умида Ниëзованинг мукофоти эмас. Бу бутун Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг мукофоти деб биламан ва уларни ҳам шундай мукофот билан табриклайман.

Бундан ташқари¸ Ўзбекистон ичкарисида ва ташқарисида бўлган бутун ўзбекларнинг ҳаммаларини кириб келаëтган янги йил байрами билан табриклайман.

Уларнинг оиласига тинчлик¸ тотувлик тилайман. 2009 йил халқимиз учун енгиллик йили бўлсин ва қамоқда бегуноҳ ëтган йигитларнинг ҳаммаси озод бўлсин.

Учинчи суҳбатдош:

- Хорижда яшаëтган барча-барча ўзбекларни янги йил билан табриклайман. Худо хоҳласа, яхши кунлар келади. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса¸ ўн беши ëруғ дейишади-ку. Ўша кунлар, Худо хоҳласа, келади.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Албатта бу халқ яхши яшашга ҳақли. Мен ўйлайманки¸ бунинг учун кўп нарса керак эмас. Мана мустақиллигимизга 17 йил бўлди. Яхши кунларга етишиш учун албатта курашиш керак.

Бешинчи суҳбатдош:

- Байрам табриги сифатида аввало ҳаммага Оллоҳдан соғлик¸ хотиржамлик¸ оилаларига тинчлик¸ 2009 йилда 2008 йилда қилган хатоларни такрорламаслик¸ ҳаëт яхшиланишини тилаб қоламан.

Олтинчи суҳбатдош:

- Биринчидан¸ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари¸ мустақил журналистлар¸ чет элларда муҳожирликда юрган мухолифатчиларнинг ҳаммаларини Ўзбекистонга қайтишини тилардим. Ҳаммага хурсандчилик¸ бахт-саодат тилайман.

Еттинчи суҳбатдош:

- Эфирдаги вақтимдан фойдаланиб¸ барча юртдошларимга¸ юртдан ташқарида юрган ватандошларимга айтадиган сўзим шуки¸ 2009 йил барчамиз учун омадли келсин¸ бахт келтирсин.

Четда юрган юртдошларимиз¸ қамоқда ноҳақ қамалиб ëтган дўстларимиз¸ сиëсий диссидентларимиз озодликка чиқсин¸ рўшнолик кўрсин.

Президентимиз Каримовга Худо инсоф¸ виждон берсин. Каримов 2009 йилда ўз қарашларини тубдан ўзгартирсин. Ватанимиз келажаги учун сидқидилдан ҳаракатни бошласин.

Республикамизда фақатгина битта нарса: мавжуд қонунлар устиворлиги амал қила бошласин, деган катта бир орзу-ниятим бор.

***

Янги йилингиз муборак бўлсин!
XS
SM
MD
LG