Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:35

Ҳуқуқ ҳимоячиси фирибгарликда айбланмоқда


Сирдарё вилоят прокуратураси ҳуқуқ ҳимоячисини ноқонуний тарзда бошқа бировнинг 200 минг сўм пулини ўзлаштириб олганликда айбламоқда.
Сирдарё вилоят прокуратураси ҳуқуқ ҳимоячисини ноқонуний тарзда бошқа бировнинг 200 минг сўм пулини ўзлаштириб олганликда айбламоқда.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Карим Бозорбоев фирибгарликда айбланмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси эса буни ўз фаолияти учун кўрсатилаётган босим сифатида баҳолайди.

Сирдарё вилояти прокуратураси Бозорбоевни ўз ҳамшаҳари Муқимжон Маратбоевни алдаб, 200 минг сўм пулини олган, дея гумон қилмоқда.

Дастлаб, сирдарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Карим Бозорбоевни фирибгарликда айблаб, прокуратурага мурожаат қилган гулистонлик Муқимжон Маратбоевнинг арзига қулоқ солдик.

- Ўтган йил қишнинг совуғида менинг уйимни сув босиб кетди. 20 кундан кейин уйим қулади. Қайси идора бўлса ëрдам сўраб ҳаммасига бордим. Бирор инсон менинг ëнимга келиб қандайсан¸ демади. Сенга қандай ëрдам керак¸ демади. Бир-икки одамдан маслаҳат сўрасам “Сен шу одамга боргин. У қоида-қонунни билади”, деб Каримжон Бозорбоевни кўрсатишди,- дейди Муқимжон Маратбоев.

Қишнинг қоқ чилласида уйини сув босиб қулаб тушганидан кейин Маратбоев ёрдам сўраб, шаҳар ва вилоят ҳокимлиги эшигини қоқа-қоқа толиққанидан сўнг Карим Бозорбоевга бориб учрашганини айтмоқда. Бозорбоев эса унга уйини тиклаб олиш учун банкдан кредит олишда ўз ёрдамини таклиф қилган.

Аммо, кредит Ўзбекистонда ҳамма ҳам олиши мумкин бўлган неъмат эмас. Бунга Маратбоев узоқ вақт ёзув-чизувлардан сўнг шахсан ўзи банкка борганда амин бўлганини айтади.

- Банкдагилар “Амаки нима кафолат қўясиз?” деди. Мен “Қанақа кафолат?” дедим. “Сизнинг машинангиз¸ катта нарсангиз борми”¸ деб сўрашди. Мен “Йўқ” дедим. “Унда бўлмайди, амаки. Агар машинангиз бўлса¸ кафолатга қўйиб олсангиз бўлади”, дейишди. Мен “Агар машинам бўлса¸ мен бу ерга келмасдим”, дедим¸- дейди Муқимжон Маратбоев.

Аммо, банкдан шугина жавобни олиш учун бўлган салкам 9 ойлик жараён ичида Карим Бозорбоев мендан 200 минг сўм пул олган эди, дейди яна Маратбоев.

- Мендан тўрт марта қилиб 200 минг сўм пулни олган. Бир марта 50 минг¸ бир марта 100 минг¸ бир марта 20 минг¸ бир марта 30 минг. Менинг шу пулимни қайтариб бермаяпти. Бир марта “Банкка бераман” деб айтган эди. Банкка берганми ë йўқми менга квитанциясини кўрсатмади¸ - дейди Муқимжон Маратбоев.

60 ёшни қоралаётган Муқимжон Маратбоевнинг оиласи оғир аҳволда. У ва унинг қарамоғидаги 18 ёшли ўғли, рафиқаси ишсиз. Уйда ул бул нарса пишириб, Гулистон шаҳридаги бозорда сотиб кун кўради. Ҳозир унинг асосий мақсади 200 минг сўм пулини қайтиб олиш. Шу қайғуда Муқимжон Маратбоев маҳаллий идораларга арз қилди.

Уйини сув босганда, девори қулаб тушганда арзини тингламаган маҳаллий идоралар унга банкдан кредит олиб беролмаган Карим Бозорбоев ҳақида арз қилиб борганда, дарров ҳушёр тортди.

- Прокуратурага бордим. “Кимнинг устидан арз қилмочисиз”¸ деди прокурор. Мен “Каримжон Бозорбоевнинг устидан”, дедим. “Ээээээ¸ у катта фирибгарку. Шу билан ишлаяпсизми?” деди прокурор. Кейин прокурорнинг ўзи менга индамасдан ўзи ариза ëзиб берди¸- дейди Муқимжон Маратбоев.

Муқимжон Маратбоевнинг ҳолига ачинган прокурор ўз қўллари билан ёзиб берган аризада Карим Бозорбоев фирибгарликда айбланган.

Ана шу аризага биноан шу кунларда ҳуқуқ фаоли Гулистон шаҳар ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан босим остига олинган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Карим Бозорбоев эса уйи қулаб тушган оиладан пул олганини инкор қилмайди ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам ўз ҳужжатларини тақдим этганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Мен унинг ишончли вакили бўлиб ишни олиб бораëтганимда керакли харажатлар¸ якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномаси олиш учун¸ банкда ҳисоб рақами очиш учун ва бизнес режалари тайëрлаш учун у кишидан маблағ олганман. Ўзимда бўлган далилий ҳужжатларни уларга тақдим қилдим. Ана шу тўловлар учун тўланган квитанциялар ва маълумотларни тақдим қилдим¸ - дейди Карим Бозорбоев.

Аммо, прокуратура ходимларини безовта қилаётган нарса 200 минг сўмлик можарогина эмас, деб ҳисоблайди Карим Бозорбоев.

“Ҳап сеними, шошмай тур!” қабилидаги огоҳлантирув анчадан буён бор эди.

Жумладан, шу йил октябр ойида Карим Бозорбоев вилоятга келган АҚШ элчихонаси мулозимига ҳамроҳлик қилиб, пахта далаларида ишлаётган болаларни кўрсатган эди.

- АҚШ элчихонасининг учинчи маслаҳатчиси жаноб Ричард иккинчи октябр куни Сирдарë вилоятига келиб¸ Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамиятининг ишларини¸ кейин Вазирлар маҳкамасининг болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисидаги қарори амалдами ëки йўқми эканлигини ўрганишга келган эди. Ўша қарор ҳақиқатан амалда эмаслигини ва болалар пахта тераëтганини ўз кўзи билан кўриб кетди. Ўшанда элчихона ходимини кузатиб қўйганимдан кейин ҳам менга нисбатан ички ишлар ходимлари провокация уюштирган¸- дейди Карим Бозорбоев.

Карим Бозорбоевга кўра, Ўзбекистонда банкдан кредит олиш жараёни қандай кетиши-ю, бунинг ортидаги қоғозбозлик неча пул туришини яхши англамаган кекса пенсионер Муқимжон Маратбоевнинг арзи Сирдарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларига тайёр баҳона бўлди.

Карим Бозорбоев 2007 йилда ҳам туҳмат ва мансаб ваколатини суистеъмол қилишда айбланиб 2 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик бу айбловлар ноҳақ, деб топилиб, уни тергов қилган прокуратура ходимлари ишдан бўшатилган эди.

Шундан кейин ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячи сифатидаги фаолиятини тўхтатмагани учун Каримбойни яна изига тушишди, дейди унинг фаолиятидан яхши хабардор гулистонлик Ориф ҳожи Усмонов.

- Фирибгарликда қамаса¸ албатта айб топадида. Нимагаки бу ўтган йил ҳам жиндай айбдор бўлганда. Азалги душман дўст бўлмайди дейдику ўзи. Ҳуқуқ ҳимоячилигида ишлаяпти. Битта фуқаронинг тарафини олиб кўп раҳбарлар билан гаплашиши керак. Шунинг учун кўп талашадида. Кўп талашгандан кейин яхши кўринармиди раҳбарларга¸- дейди Ориф ҳожи Усмонов.

Ўз вақтида Карим Бозорбоев диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, гулистонлик имом билан ҳам судлашган эди.
XS
SM
MD
LG