Номозхонлар кўп бўлди
8 декабр куни самарқандлик ота –бола Шодиевлар эрта тонгдан шаҳардаги Хўжа Абдударун номидаги масжидга йўл олишди.
- Эрталаб ўғлим билан соат етти яримда чиқиб бордик. Одам гавжум. Излаб жой топдик. Имом хатиб яхши ниятлар айтди¸ яхши насиҳат гаплар айтди. Соат саккиздан ўтгандан кейин намоз бошланди,- деди Халил Шодиев.
- Масжиднинг ҳовлиси¸ катта асфалт кўча ҳам намозхонларга тўлиб кетди. Кўчанинг бу ëғида Амир Темур давридан қолган Ишратхона деган эски ҳовли бор. Унинг катта ҳовлиси ҳам тўлиб кетди. Намозхонлар йилдан-йилга кўпаймоқда.
Шу гапларни айтиб бир оз тин олган Халил ака ўтган йиллардаги воқеаларни ҳам эслади:
- Илгари орган ходимлари туриб мактаб болаларини қайтарар эди. Ҳозир бундай эмас. Милиция ходимлари тартибга қарайди¸ лекин нима учун намозга бординг¸ нимага болани намозга олиб бораяпсан¸ деб тергамаяпти ҳозир. Намоздан кейин ширинликлар¸ мевалар сотилади. Хуллас¸ шу байрамларнинг ичида Рамазон ҳайити билан Қурбон ҳайити яхши ўтаяпти, -деди Ҳалил Шодиев.
“Байрамга бўғирсоқ пиширдик”...
Бошқа ўзбекистонликлар ҳам Халил Шодиев каби байрамона кайфиятдами? Мана шу саволга жавоб излаб бир гуруҳ ўзбекистонликларни суҳбатга тортамиз.
Биринчи суҳбатдош:
- Катта байрамку бу. Кўтаринку руҳда жуда катта байрам қиламиз. Ота-онамизни йўқлаб¸ хурсанд қиламиз. Ëшларга хайриялар бериб хурсанд қиламиз.
Иккинчи суҳбатдош:
- Бўғирсоқ¸ қуш тили¸ ош қилдик. 80 дан ошган онамиз борлар. Биринчи навбатда онахонимизни табриклаб¸ ҳаммамиз ўша ерда йиғилишамиз. Онамизнинг дуоларини олиб¸ кейин бошқа ҳаракатлар қила бошлаймиз. Кексаларни¸ касал одамларни бориб кўрамиз.
Учинчи суҳбатдош:
- Бир-иккита беморларни бориб кўрдик. Онамларникига меҳмонга келдик. Ҳозир байрам қилиб ўтирибмиз.
Тўртинчи суҳбатдош:
- Бўғирсоқ қилаяпмиз¸ ош қилиб тарқатдик. Бугун ҳамма келди. Бувим 82га кирганлар. Ҳар йили бувимни кўргани келишади.
Кимга тўй, кимга аза
Айрим суҳбатдошларга кўра, кўпчиликда байрам кайфияти деярли йўқ. Сабабини уларнинг ўзидан эшитсак.
- Президентнинг фармони билан ҳайит бўлиши керак. Лекин ҳозир 10 фоиз халқ байрам қилиши мумкин. Қолган 90 фоиз одам ночор аҳволда. Байрам ҳам¸ ҳайит ҳам қила олмайди. Ҳамма нарса телевизорда айтилади¸ лекин ҳақиқатда йўқ нарса,- дейди хоразмлик 70 ёшдан ошган Болтабой ака.
- Бу энди кимга қандай. Пули борга байрам¸ пули йўққа ўзингиз биласизку. Уйда чироқ¸ газ йўқ. Ўзимизни ўзимиз хурсанд қилиб ўтирибмиз, -деди қашқадарёлик Зулфия.
Андижонда томошалар бўлаяпти
Андижондаги диний муассасалар вакилларига боғланганимизда улар Қурбон ҳайити муносабати билан жуда кўплаб тадбирлар режалаштирилганлигини таъкидлашди.
- Маҳаллаларда муҳтож оилаларга ëрдам берилаяпти. Байрам муносабати билан кўчаларда томошалар бўлади. Боғларда концертлар бўлади, -деди ўз номини айтишни истамаган андижондаги диний муассаса вакили.
Мутасаддиларга кўра, жойларда байрам тантаналари кўтаринки руҳда нишонланмоқда.