"Бу жазосизликнинг намойишидир", - дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева. "Европа Иттифоқи гўёки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўсиш кузатилди, деб санкцияларни юмшатди. Европа Иттифоқининг бундай аҳмоқона баҳосига Ўзбекистоннинг жавоби бу", - дейди Отаева.
Аъзам Турғунов шу йилнинг 11 июл куни Нукусдаги фуқаро маҳкамасида ҳимоячи сифатида иштирок этиш учун борган пайт ҳибсга олинганди. У уйсиз қолганидан шикоят этган қорақалпоғистонлик аёлнинг ҳимояси учун 20 миллион сўм пулни товламачилик йўли билан олганликда айбланди. Ҳамкасбларининг айтишича, Аъзам Турғунов сўнгги пайтларда бир қатор маҳкама ишларида ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларни ҳимоя қилган. Улар 56 ёшли Аъзам Турғуновнинг ҳибсга олиниши унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ эканини айтишади. Мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова Турғунов устидан ўтган маҳкамани томоша деб атади.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукуматини ўзгача фикрловчилар ва ҳуқуқ фаолларини таъқиб қилишда айблашади. Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Аъзам Турғуновга нисбатан чиқарилган ҳукмни Ўзбекистондаги адолат учун фаолият олиб бораётганларга аччиқ огоҳлантириш дея таърифлаган.