Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2025, Тошкент вақти: 09:23

Озар-туркман муносабатларидаги илиқлик Ғарбда умид уйғотмоқда


Туркманистон ва Озарбойжон муносабатларида илиқлик пайдо бўлаётгани Ғарбда туркман газини Россия ҳудудини четлаб ўтувчи транскаспий қувури орқали жаҳон бозорига чиқаришга умид уйғотмоқда.

Кейинги ўн йил ичида икки давлат раҳбарлари биринчи бор ҳамкорлик борасидаги музокараларга мойил эканини билдирмоқда. Шу йил Туркманистон президентининг Бокуга сафар қилиши ҳам режалаштирилган.

Кейинги ойда Боку Европа Иттифоқи ва АҚШ вакилларини кутиб олади ва у ерда Каспий энергетика захиралари келажаги муҳокама қилинади. Ғарбда Каспий энергетика захираларига қизиқиш ортиши ўтган йили Туркманистон президентлигига сайланган Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг мамлакатни халқаро изоляциядан олиб чиқишга мойиллиги билан изоҳланмоқда.

Қ.Бердимуҳаммедов нафақат Россия, балки Ғарб ва Хитой билан ҳам ҳамкорликка тайёр эканини билдирмоқда. Бундан ташқари, Туркманистон президенти шу йил ёзда Бокуга расмий сафар билан боради.

Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ханамов сўзларига кўра, бу сафардан асосий мақсад Озарбойжон билан муносабатларни тиклашдир. Икки давлат ўртасидаги муаммоларни ҳал этишга интилиш эса бир неча энергетика лойиҳаларининг амалга оширилиши учун омил яратади.

“Қ.Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келиши биланоқ, қўшни давлатлар билан алоқаларни аввалгига нисбатан анча мустаҳкамлашга ҳаракат қила бошлади. Масалан, яқинда Туркманистон ва Озарбойжон ўртасида Каспий денгизи билан боғлиқ муаммолардан бири муҳокама этилди. Бу эса ижобий жараёндир. Муаммолар музокаралар орқали ҳал этилса, бу Каспий қувури лойиҳаси амалга оширилишига турки берар эди”,- деди Н.Ханамов

Туркманистон-Озарбойжон муносабатлари Каспий денгизидаги озарлар Кяпаз, туркманлар эса Сардор, деб атайдиган нефть-газ ҳудудини ўзлаштириш юзасидан бошланган мунозаралардан сўнг совуқлашган эди. Озарбойжон бу ҳудудни ўзлаштиришини билдиргач, Туркманистон расмий Бокуни халқаро судга тортиш билан таҳдид қилганди. Муносабатларнинг илиқлашаётгани эса бу каби муаммолар ҳал этилишига умид уйғотмоқда.

Озарбойжон томони ҳам Туркманистон билан алоқалар мустаҳкамланишидан манфаатдордир. Чунки туркман газини жаҳон бозорига олиб чиқиш ғояси амалга оширилса, Озарбойжон бу газ йўлидаги транзит мамлакатлардан бири бўлиб қолади. Ғарб эса бугунги кунда Россияга қарам бўлмаган энергетика йўлларини қидираётир.

“Нефть ва газни жаҳон бозорига чиқаришдан манфаатдор ҳар бир давлат қатори ташаббус кўрсатилишидан манфаатдормиз. Агар бундай ташаббуслар бўлса, албатта, биз уларга қўшиламиз. Озарбойжон бу каби лойиҳаларда асосий роллардан бирини ўйнайди”,- деди Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Халаф Халафов.
XS
SM
MD
LG