Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2025, Тошкент вақти: 10:18

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов учинчи марта президентликка даъвогарлик қиладиган бўлди


Ўзбекистон либерал демократик партиясининг 4 октябрь куни ўтказилган пленумида Ислом Каримов номзодини мамлакат президентлигига кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. У Оқсаройга содиқ партиялар президентликка илгари сурган номзодларнинг бешинчиси бўлди.

ЎзЛДП вакилининг “Озодлик”ка айтишича, энди И.Каримовнинг номзоди партиянинг ноябрнинг биринчи ўн кунлигида ўтказиладиган қурултойида тасдиқланиши керак.

Ўзбекистон конституцияси бир фуқаронинг икки мартадан ортиқ президент этиб сайланишига йўл бермайди. И.Каримовиннг иккинчи президентлик муддати 2007 йил 22 январда тугаган бўлса-да, у давлат раҳбари вазифасини бажаришда давом этиб келмоқда.

Ислом Каримовнинг ўзи ЎзЛДПнинг қарорини ҳозирча изоҳлагани йўқ.

Оқсаройга содиқ баъзи кузатувчи ва сиёсатчилар президент Ислом Каримов мамлакатнинг асосий қонунида белгилаб қўйилган иккита имкониятдан биттасини ишлатиб бўлганини айтмоқда.

И.Каримов 2002 йил 27 январь куни ўтказилган референдум якунларига изоҳ берар экан, ҳокимиятга ёпишиб олиш истагида эмаслиги ва жорий президентлигини иккинчи муддат, деб ҳисоблашни илтимос қилган эди. Унинг бу сўзлари ўз вақтида Ўзбекистон матбуотида берилган.

Ўзбекистон президентлиги учун мустақил тарзда курашиш истагини билдирган Суҳбат Абдуллаев И.Каримовни конституцияни қасддан бузаётганликда айблади.

“Каримов номзодининг президентликка қайта қўйилиши Ўзбекистонда муқаддас ҳисобланаётган конституцияни олиб кўчага улоқтирадиган нарсага айлантирди. Аслида Каримов ўз номзодини яна президентликка қўйишга ҳаққи йўқ эди. Унинг иккала муддати тугаган эди. ... Афсуски, халқ яна етти йил қийинчилик кўрадиган бўлди”, – деди С.Абдуллаев.

"Бирлик халқ ҳаракати" партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажон Ислом Каримов тарихда яхши ном билан хотирланишини истаганида, ҳеч бўлмаса, қонунларни бузмаган бўлар эди, дея фикр билдирди.

“Каримов ўз муддатини ўтади. Балки у яхши президент бўлишга ҳаракат қилгандир. Минг афсуски, унда шунга яраша иқтидор, имконият бўлмади. У миллат олдида ўз вазифасини бажара олмади. У ҳақиқатан ҳам хоҳлагандир, аммо бу қўлидан келмади. У тарихда яхши ном олгиси келади. Лекин минг афсуски, Ислом Каримов бу нарсанинг уддасидан чиқа олмади”, – деди И.Дадажон.

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ "Озодлик" билан суҳбатда Ислом Каримов Ўзбекистон тарихида нафақат конституция, балки ўзбек халқини оёқ ости қилган бир сиёсатчи сифатида қолишини таъкидлади.

“Мен Каримов ёки вафот этса, ёки ички тўнтариш билан ишдан олинсагина мансабдан кетади, деб йиллар давомида гапириб келяпман. Бу нарса мен учун янгилик эмас. Зотан, бу йил бошидаёқ унинг конституциявий муддати тугаган эди. Аммо у ҳокимиятдан кетмади. У ҳокимиятда қолиш ҳаракатини давом эттиряпти. Каримовнинг масхарабозларча амалга оширган референдуми, сайловлари, афсуски, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий маънода ўзбек халқининг фожеасини янада чуқурлаштирди. Ўзбек халқи минтақада энг қашшоқ жамият савиясига тушди ва энг қашшоқ халққа айланди. Биз ҳуқуқлари поймол қилинган ва ҳуқуқлари қўлидан олинган миллат ҳолига тушдик”, – деди М.Солиҳ.
XS
SM
MD
LG