Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2025, Тошкент вақти: 14:28

“Отаси ўлмаган ким бор” ёки сайёҳлар сонини кўпайтириш учун нима қилиш керак?


Ўзбекистонлик мулозимлар мамлакатга келадиган сайёҳларга пахта тердирилиб, нон ёптирилиб, миллий либосларда шаҳар кездирилса, улар сони кўпайишига умид қилмоқда.

Хиванинг “Ичан қальа” музей қўриқхонасида уч йилдан бери ҳар сентябрда “Қадимий Хоразм маданияти” халқаро сайёҳлик фестивали ўтказилади.

Фестиваль бошланган 21 сентябрь куни “Ичан қальа” ҳудудида яшовчи барча фуқаролар миллий либослар кийиш тўғрисида буйруқ олди.

“Театрда актёр бўлиб ишлайман. Менга Хивада дарвиш кийимида юришга буйруқ беришди. Мана, отаси ўлмаган ким бор, деб юрибмиз”, - дейди юқорининг буйруғини сидқидилдан бажараётган бир фуқаро.

Хива шаҳри Бизнес ва туризмни ривожлантириш маркази раҳбари Одилбек Раҳимовнинг айтишича, фестивални бу тарзда ўтказиш ғояси ЮНЕСКО, Германиянинг нуфузли халқаро ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида обдон муҳокама қилинган.

ЮНЕСКОнинг Анна Паолини бошчилигидаги вакиллари, Германия халқ университетлари ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Маттиас Клингенберг ва унинг оила аъзолари Хивага яқинлашганда Ота дарвоза олдида карнай-сурнай садолари остида ҳаммани байрамга чорлаётган жарчилар садолари остида кутиб олинди. Дарвоза олдида эса икки томонда жанговар совут кийиб турган хон соқчилари найзаларини тиклаб, меҳмонларни қарши олди.

Сценарий бўйича Мирзабоши меҳмонхонаси ёнида Хива хони мирзабошиси уйига келин тушгани муносабати билан келин саломи, Оқ масжид олдида хон маҳрамларидан Султон маҳрамнинг невараси дунёга келиши муносабати билан бешик тўйи, Тошҳовли мажмуасида “лачак тўйи” маросими ўтказилди. Огаҳий номидаги вилоят театри артистлари кўҳна аркда хон қабулини намойиш этди.

Хивалик тарих ўтқитувчиси Матëқуб Рўзметов сўзларига кўра, сайлов арафасида хон даврлари ҳақида томошалар қўйилиши мамлакат қай томонга қараб ривожланаëтганидан дарак.

“Биз келажакка эмас, ўтмишга қараб кетяпмиз”, - дейди у.
XS
SM
MD
LG