Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

Покистон ўз портларини Ўзбекистон учун очмоқда


22 август куни Покистон ҳукумати Ўзбекистон юкларини Гвадар порти орқали ташиш таклифини тасдиқлади. Бу ҳақдаги келишув Покистон бош вазири Шавкат Азизнинг Тошкентга ўтган йил майдаги сафари чоғида имзоланган эди.

Эндиликда Покистон томони бу борада конкрет таклифлар билан чиқиш ниятида.

Покистон Транспорт вазирлиги вакили Шоҳид Иқбол “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Покистон портларининг афзалликлари ҳақида уқтиришга ҳаракат қилди.

“Фикримча, Марказий Осиё давлатлари учун Покистон портларидан фойдаланиш масофа нуқтаи назарда Эрон бандаргоҳларидан афзалроқдир. Ҳозирча Ўзбекистон билан умумий келишувга эришган бўлсак ҳам аниқ йўналиш хусусида ҳали кўп бош қотиришга тўғри келади”, - деди Шоҳид Иқбол.

Бугунги кунда Эрон портлари орқали ўтувчи юкларнинг 22 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда Эрон орқали ташилган юкларнинг умумий оғирлиги бўйича Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллади.

Лекин транспорт ва юк ташиш соҳаси мутахассислари яқин келажакда Ўзбекистон Покистон портларига муҳтож бўлмаслигини айтмоқда.

Латвиянинг “Проложистикс” компанияси Тошкентдаги ваколатхонаси мутахассисининг айтишича, Ўзбекистон-Покистон йўналишида жуда кўп тўсиқлар мавжуд.

“Биз темир йўл орқали иш қиламиз. Барча портлар темир йўл билан боғланади. Покистонга Афғонистон орқали чиқилади, лекин Афғонистонда темир йўл ҳам йўқ, автомобиль йўллари ҳам абгор ҳолатда. Қолаверса, Афғонистондаги хавфсизлик вазияти оғир”, - деди тошкентлик мутахассис.

Собиқ дипломат ва мустақил журналист Алишер Таксанов Покистон портлари келаси 5 йил ичида ҳам Ўзбекистон учун долзарблик касб этиши амри маҳоллигини айтар экан, айни транзит имконияти ҳақида гап очиш яна сиёсий ўйинларга бориб тақалишини таъкидлайди.

“Бу ҳақиқий сиёсий масала. Ўзбекистон ўзининг мустақил эканини, янги бозорларни кашф этаётганини таъкидламоқчи. Лекин на иқтисодий, на техникавий нуқтаи назардан мамлакат бундай имкониятларга эга эмас”, - дейди Алишер Таксанов.

Ўзбекистон иқтисодиётидаги оқсоқликларни президент Ислом Каримов йиллар давомида мамлакатнинг бевосита денгизга чиқиш имконияти йўқлиги билан оқлашга ҳаракат қилиб келади.

Расмийларнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон 78 давлатга, асосан, хомашё етказиб келмоқда. Хориждан эса Ўзбекистон мамлакат ичида танқис бўлган хомашё, тайёр маҳсулотлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олади.

Ўзбекистон экспорт-импорт учун ҳозир ўнга йўналишдан фойдаланади. Бу йўналишлар нафақат иқтисодий эҳтиёжлардан келиб чиқиб, балки раҳбариятнинг сиёсий қарашларига асосан ҳам шаклланди. Биргина Россияни четлаб ўтиш мақсадида Туркманистон ва Озарбойжондан Қора денгизга чиқувчи транскавказ йўналишининг пайдо бўлишини олинг. Ёки эндигина пайдо бўлаётган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой коридорини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон орқали ўтиладиган Болтиқбўйи давлатлари портлари, қолаверса, Украинанинг Қора денгиз бандаргоҳларини афзал кўради.

Алишер Таксанов Ғарбий Европа томон элтувчи транспорт коридорларининг келажакда ҳам долзарб бўлиб қолишига умид қилишини айтади.

“Умуман мен Ғарбий Европа билан савдо-сотиқ ҳеч қачон тўхтатилмаслиги лозим, деб ҳисоблайман. Ғарбий Европа юқори технологиялар ва сармоялар демакдир”, - дейди Алишер Таксанов.
XS
SM
MD
LG