Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:07

Бекободдаги қамоқхонада қийноқлар давом этмоқда


Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги қамоқхонада 20га яқин маҳбусга нисбатан кучли қийноқ қўлланмоқда. Улар орасида Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон ва Россия фуқаролари ҳам бор.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг маҳбуслар яқинларига таяниб бу ҳақда тарқатган хабарида айтилишича, қамоқхонадаги оғир шароит ва суд тизимидаги ноҳақликлар ҳақида ташқарига хабар берган, ўзига нисбатан ҳукмни адолатсиз ҳисоблаб, ҳуқуқий ҳимоя қидирган маҳбуслар шу кўйга тушмоқда.

Бекобод шаҳридаги 64/21-қамоқхонада, асосан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаб жиноят қилган маҳбуслар сақланади.

Тошкент шаҳрида яшайдиган Наталья Бондернинг турмуш ўртоғи Санжар Исмоилов ҳозир Бекобод қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда. Бир ой муқаддам белгиланган қонуний муддатда турмуш ўртоғи билан кўришишга борганида у қамоқхонага қўйилмаган. Апрель ойида ичкарида жанжал чиқиб, қамоқхона ходимлари бир маҳбусни калтаклаб ўлдириб қўйганидан кейин учрашувлар тақиқлаб қўйилганини айтади Наталья.

“Маҳбусларга келган озиқ-овқатларни олиб қўйишар экан. Бир маҳбус озиқ-овқатларни талаб қилиб, қайтариб олибди. Аммо унга олиб келинган сариёғни олиб қолишган экан. Маҳбус сариёғни суриштиргани учун роса қаттиқ калтакланган. У шифохонада тушган ва ўша ерда оламдан ўтган. Бу катта шов-шув бўлиб кетди. Ўшандан бери учрашувга рухсат беришмаётган эди”, - дейди Н.Бондер.

Ниҳоят куни-кеча икки соатлик учрашувга рухсат олган Н.Бондер қамоқхонада қийноқлар ҳунуз давом этаётгани, асосан, бу ердаги оғир аҳвол ҳақида ташқарига ахборот берганлар қаттиқ қийноққа солинаётганини билдирди.

“У ерда амнистия қўлланмаслиги буюртма қилинган маҳбуслар кўп. Сохта айбловлар билан буюртма асосида қамалган маҳбуслар кўп. Шу боис, бу жиноятларнинг очилишидан қўрққан амалдорлар юқоридан туриб мунтазам босим ўтказади. Камига Интернетда бирдан мақолалар пайдо бўла бошлади. Бу эса юқоридагиларга ёқмаяпти, шунинг учун маҳбусларни роса қийноққа солишяпти”, - дейди Наталья Бондер.

Унинг турмуш ўртоғи Санжар Исмоилов муқаддам Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармасида юқори лавозимларда ишлаган, подполковник унвонига эга бўлган. 2005 йилги Андижон воқеаларидан бир ой ўтиб, Россия фойдасига жосусликда айбланган ва 20 йилга озодликдан маҳрум этилган. Н.Бондер эрини сохта айблов билан қамалган, деб ҳисоблайди. Мана икки йилдирки, уни озодликка чиқариш бўйича уринишлари бесамар бўлмоқда.

Бекобод қамоқхонасидаги вазиятдан яхши хабардор бўлган тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Улуғбек Усмонов у ерда сохта айбловлар билан қамалган маҳбуслар кўплигини билдирди.

“У ерда ўтирган маҳбусларнинг ҳуқуқий саводи юқори, ҳаммаси ўқимишли одамлар. Муҳими, улар Ўзбекистон суд-прокуратура тизими ва куч ишлатар тузилмалари ичидаги жараёнлардан, албатта, бу тузилмаларнинг кирдикорларидан яхши хабардор. Билишимча, бу ҳақда ташқарига ахборот чиқарган маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилмоқда”, - деди У.Усмонов.

Бекобод қамоқхонасида 600га яқин маҳбус жазо ўтаётгани айтилади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабарига кўра, бу қамоқхонада жазо ўтаётганларнинг яқинлари аксар ҳолларда маҳбусларга нисбатан ноқонуний равишда амнистия қўлланмаслиги, ичкарида сохта айбловлар қўйилиб, яна муддати узайтирилиши ва қийноққа солинишидан шикоят қилади.

Ушбу гуруҳ апрель ойида бир маҳбуснинг қийноқдан вафот этгани ҳақида хабар қилган, аммо бу хабар, одатдагидек, расмийлар томонидан тасдиқланмаган эди.
XS
SM
MD
LG