Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:36

Қирғиз чегарасидаги шлагбаум ўзбек фуқаросини ўлдирди


12 май куни Сўх туманининг Қирғизистон билан чегарасида жойлашган “Чечме” постида рўй берган ҳодисада оғир тан жароҳати олган ўзбекистонлик фуқаро бир неча кундан кейин шифохонада вафот этди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси Ботир Қодиров бошқарувидаги автомобиль постдан ўтаётганда қирғизистонлик чегарачилар унинг устига шлагбаумни тушириб юборган ва оқибатда оғир тан жароҳати олган ҳайдовчи туман шифохонасига ётқизилган.

“Росбалт” ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси баёнотига асосланиб тарқатган хабарга кўра, Б.Қодиров куни-кеча вафот этган.

“Б.Қодиров “Жигули” русумли автомобилда ўз рафиқаси билан Қирғизистон Республикасининг “Чечме” чегара пункти орқали Ўзбекистоннинг Сўх туманига кираётган эди. Чегара назоратидан ўтиб, олдинга ҳаракат қила бошлагач, қирғиз чегарачилари бирдан Қодировнинг автомобили олдига шлагбаумни туширган. Оқибатда автомобилнинг олд ойнаси синган ва ҳайдовчи кўпгина тан жароҳати билан туман шифохонасига етказилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, беш кундан сўнг Б.Қодиров оламдан ўтди”, - дейилади Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси баёнотида.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан Қирғизистоннинг Боткен вилояти ўртасидаги чегараолди ҳудудида жойлашган “Чечме” постида содир бўлган воқеа тафсилотларини билиш мақсадида “Озодлик” мухбири Сўх тумани ҳокими ўринбосари Мунавваржон Азимовга мурожаат қилди. У чегарада шундай воқеа бўлганини тасдиқлади, аммо жароҳат олган фуқаронинг ўлими ҳақида ҳеч қандай ахборотга эга эмаслигини айтди.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг маҳаллий расмийлардан иборат махсус комиссияси воқеа сабабларни ўрганмоқда.

Бу ҳодиса Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичида жойлашган Сўх анклавида содир бўлган ва оқибати ўлим билан тугаган биргина воқеа эмас. Шу ҳудудда яшайдиган боткенлик журналист Соатбек Эгамбердиев “Озодлик” билан суҳбатда мазкур чегара ҳудудига оид асосий баҳсли масала - чегара делимитация ва дермаркацияси муаммоси ҳал этилмас экан, зиддият давом этаверишини таъкидлади.

“Чунки чегара аниқ белгиланмагани боис, аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган постлар пайдо бўляпти. Айни вақтда бу постлардан ўтиш-қайтиш қоидалари ҳам тез-тез ўзгариб туради. Шу боис, бу каби воқеалар яна содир бўлмаслигига ишониш қийин”, - дейди журналист.

Қирғизистонлик собиқ депутат Тошпўлат Болтабоев ҳам чегарада муаммолар кўп эканини тасдиқлар экан, айни пайтда чегарага оид муносабатларда Ўзбекистон томони тобора кескинлашиб бораётганини билдирди.

“Яқинда Ўзбекистон томони ҳали Қирғизистон билан якуний келишувга эришмай туриб, бир томонлама тартибда тиканли сим тўсиқларни ўрнатиб чиқди. Бу эса мазкур ҳудудга оид демаркация ва делимитация масалаларида келишиб бўлинди, деган маънони англатади. Бироқ билишимча, бу масала ҳали ҳал этилмаган”, - дейди боткенлик собиқ депутат Т.Болтабоев.

Унинг сўзларига кўра, чегарачиларнинг таъмагирлиги шундай ҳам таранг вазиятни янада кескинлаштирмоқда.

“Ҳам у, ҳам бу томон чегарачилари ўтувчилардан ноқонуний равишда пул талаб қилади. Бу эса чегара постидан норози одамларнинг ғашига тегиши табиий. Шунинг учун ҳам чегара постида тез-тез жанжал, ур-йиқит тўполонлар, баъзида эса чегарачиларнинг тинч аҳолига қарата ўқ узиш ҳоллари бўлади. 12 май кунги воқеа қурбони ўлганларнинг биринчиси эмас”, - дейди Т.Болтабоев.
XS
SM
MD
LG