Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 00:55

Путин Қозоғистон ва Туркманистонни ўзига янада яқинлаштирмоқчи


Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон сафарини бошламоқда. У ерда қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашади ва икки давлат раҳбарлари биргаликда Ашхободга йўл олади.

Туркманистон пойтахтида 10-12 май кунлари саммит ўтказилади. Саммитдан сўнг В.Путин Н.Назарбоев билан яна Остонага қайтади.

В.Путиннинг бу икки давлатга сафари тасодифий эмас. Бу давлатлар минтақада табиий захираларга энг бой ҳисобланади.

“Озодлик” мухбири Брефни Орурк Лондондаги илмий тадқиқотлар институти ходими Юрий Фёдоров билан суҳбатлашиб, В.Путиннинг қудратли давлат раҳбари учун анча узоқ муддатли сафарга отлангани сабаблари билан қизиқди.

“Кремль раҳбари Ашхободга бораëтганининг асосий сабаби - Туркманистонда янги президент сайланди. Эндиликда бир қанча жиддий саволларга жавоб топиш, жумладан, Туркманистон гази экспорти масаласини муҳокама қилиш керак,- деди Ю.Фёдоров. - Россия узоқ йиллардан бери Туркманистон газининг экспортига таъсир ўтказиб келган. Бироқ Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент этиб сайлангандан сўнг вазият бироз ўзгариши мумкин”.

Таҳлилчининг бундай дейишига асос бор. Яқинда Қ.Бердимуҳаммедов Американинг “Chevron” нефть корпорацияси раҳбарлари билан учрашиб, Каспий денгизида нефть қазиб олиш ишларида иштирок этишни таклиф қилди. Агар бу иш амалга ошса, “Chevron” Туркманистонда фаолият юритадиган учинчи нефть корпорациясига айланади.

Қозоғистон ҳақида гапириб, Ю.Фёдоров унинг МОда энг жадал ривожланаëтган давлат эканини таъкидлайди.

“Қозоғистоннинг МОдаги роли кучайиб бормоқда. У минтақадаги энг муҳим республикага айланмоқда”, - деди таҳлилчи.

Н.Назарбоев МОдаги бошқа давлатлар раҳбарларидан фарқли ўлароқ, ўз мамлакатига хориждан кўпроқ сармоя жалб қилаётган президент ҳисобланади. Унинг сармоядорлари орасида АҚШ, Буюк Британия ва Япония каби давлатлар бор.

Вашингтон Остона расмийлари билан муносабатларнинг янада яқинлашиши тарафдори эканини айтган.

Қозоғистоннинг яқин келажакда МОда муҳим рол ўйнашига яна бир сабаб унинг 2009 йили ЕХҲТга раислик қилиши эҳтимолидир. Ушбу эҳтимолларни реалликка айлантириш мақсадида эса Остона расмийлари мамлакатда бир қатор демократик ислоҳотларни амалга ошираëтганини таъкидламоқда.

“Вазиятнинг бундай тус олиши Россия президентига хуш келмаслиги табиий. Шу сабабли у МО давлатларининг ўзидан узоқлашмаслигини истайди. Бошланаëтган сафарда эса айни масалалар тилга олинади”,- дейди Ю.Фёдоров.
XS
SM
MD
LG