Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 07:21

Британия кенгаши Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқчи


Британия кенгаши директори вазифасини бажарувчи Мартин Дэвидсон “The Times” газетасига берган интервьюсида ташкилот мусулмон давлатлари, жумладан, Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқчи эканини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Британия кенгаши жорий йил охиригача Австралия, Болгария, Эстония, Финляндия, Венгрия, Латвия, Литва, Словакия и Словениядаги ваколатхоналарини ëпиб, Яман, Покистан, Бангладеш, Ўзбекистан, Ироқ, Афғонистон ва Непалдаги фаолиятини кенгайтиради.

Британия кенгаши ноҳукумат ташкилот ҳисобланиб, 1934 йилда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган. Айни пайтда ташкилот дунёда юздан ортиқ ваколатхонага эга.

Британия кенгаши Ўзбекистонда Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтиб, 1996 йилдан бошлаб фаолият юритиб келмоқда. Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Press-uz.info” сайти эса ташкилотнинг бугунги кундаги юридик мақоми ноаниқлигича қолаётганини билдирган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 декабрдаги қарорига биноан 2004 йил 1 мартдан эътиборан хорижий нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлар мамлакат Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши тўғрисида янги тартиб жорий қилинган, аммо Британия кенгаши ҳали ҳам бу рўйхатдан ўтмаган.

Буни Адлия вазирлиги ходими Жалол Абдусатторов ҳам тасдиқлади.

“Британия кенгаши Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган. Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун Ташқи ишлар вазирлигига телефон қилинг”, -деди Ж.Абдусатторов.

Британия кенгашининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходими Акмал Саидовдан эса вазиятни ойдинлаштирадиган жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Унда Британия кенгашининг Ўзбекистондаги фаолияти нимадан иборат?

“Анчагина лойиҳалар, асосан, таълим соҳаси билан боғлиқ лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Барча лойиҳалар Ўзбекистон Халқ таълими¸ Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликка амалга оширилади”, - деди Акмал Саидов.

Буюк Британияда ўқиётган Нодир исмли йигит “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик талабаларнинг аксарияти Англияга айнан Британия кенгаши дастури орқали келиб таҳсил олаётгани, бу ташкилотнинг ўзбек ёшларига кўрсатаётган хизматлари чексизлигини эътироф этди.

Британия кенгашининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш режасига расмий Тошкент қандай қараши ҳозирча номаълум. Лекин мамлакатда аниқ юридик мақомга эга бўлмай турган бу ташкилотнинг ўз фаолиятини кенгайтириши, кузатувчилар фикрича, Ғарб ташкилотларига душманлик кўзи билан қараётган Ўзбекистонда анча мушкул кўринади.
XS
SM
MD
LG