Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 11:15

Янги қонун тартиб ўрнатадими ёки...


2007 йилнинг 15 январидан бошлаб Россия Федерациясида миграция рўйхати ва “Чет элликларнинг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун кучга киради.

Ҳужжатга биноан Россияда чет эллик мигрантларни рўйхатга олиш тартиби бекор қилиниб, ўрнига уларни ҳисобга олиш тартиби жорий этилади.

Россиядаги ноқонуний муҳожирлар сони 10 миллиондан ошади. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам оз эмас. Шунинг учун юқорида тилга олинган ҳужжат ўзбекистонлик мигрантларга ҳам тегишли.

Энди Россияга тирикчилик учун борган ҳар бир хорижлик рўйхатдан ўтиш ўрнига мамлакатга киргани ҳақида тегишли идораларга хабар бериши шарт. Яъни меҳнат мигранти Россияга келгани тўғрисида миграция идораси расмийларини хабардор қилади, агар вақти бўлмаса, маҳаллий почтада махсус варақани тўлдириб, миграция идорасида юборади. Аммо бу варақани тўлдириш осон кечмайдиган кўринади. Чунки уни муҳожирнинг ўзи эмас, мигрантни таклиф этган мезбон ëки маҳаллий ташкилот ходими тўлдириши керак.

Бундан ташқари, иш берувчилар ҳам чет элликларни ишга жалб қилгани тўғрисида тегишли идораларни хабардор қилиб қўйиши зарур.

Бу қонун ноқонуний муҳожирларни ишга жалб қилганларнинг маъмурий жавобгарлигини ҳам кучайтиради.

Ҳар бир меҳнат муҳожири ўз даромадидан давлатга солиқ тўлаши керак бўлади. Қонунни бузса, 2 мингдан 5 минг рублгача жарима тўлайди ëки мамлакатдан чиқариб юборилади. Ноқонуний муҳожирлар меҳнатидан фойдаланаëтганлар, яъни иш берувчилар қонунни бузса, 250 минг рублдан 800 минг рублгача жаримага тортилади.

Шунингдек, янги йилдан муҳожирларнинг Россияга келиб тирикчилик қилиши учун квоталар киритилган. Авваллари бундай чекловлар фақат виза билан келувчи чет элликларга тегишли бўлса, энди бу қоида пул топиш илинжида келган барча муҳожирларга тааллуқлидир.

Россиядаги “Москва ëтоқхоналари” ҳаракати раҳбари Ирина Бергалиева сўзларига кўра, Москва шаҳридаги ва мамлакатдаги бошқа ëтоқхоналарнинг аксариятида 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошида Россияга келиб қолганлар истиқомат қилади. Улар собиқ иттифоқ республикалари вакиллари ёки миллатларо низолар туфайли бу ерга қочиб келганлардир.

“Мен ноқонуний муҳожирлик масалалари билан шуғулланувчи расмийларимизнинг феълини яхши биламан. Шунинг учун бу қонунларнинг 15 январдан кучга кириши ижобий самара берадими ëки салбий, буни ҳозирча айта олмайман”, - дейди И.Бергалиева.

Россиядаги ҳар бир ноқонуний муҳожир қонуний мақомга эга бўлиши учун аввал Россия ҳудудини тарк этиб, кейин қайтиб кириши ва бу тўғрида миграция хизматини хабардор қилиши керак. 15 январгача Россиядан чиқиб кетмай меҳнат қилаётганлар тўлдирган махсус варақа қабул қилинмайди.

Ўзбекистонлик Мурод 4 йилдан буëн Москвада истиқомат қилади. У кучга кириши кутилаëтган қонундан кўп ҳам енгиллик кутмаëтганини айтди.

“Россияда кўплаб марказий осиëликлар тирикчилик қилади. Ҳамманинг ҳам топаëтган пули мамлакатдан чиқиб, унга яна қайта киришга етмайди. Чунки агар Ўзбекистонга бораман, десангиз авиачипта нархи 12 минг рублни ташкил этади. Масалан, тожикикистонликлар Москвада ойига 6 минг рубль ишлаб топади. Улар уйига бориш учун икки ой ишлаб, емай-ичмай пул йиғиши керак. Бу ҳар бир ноқонуний муҳожир учун оғир. Шу сабабдан бу қонун биз учун бир қанча ноқулайликлар яратади. Борди-ю қонун кучга кириб, ҳуқуқ-тартибот ходимлари бизни Россиядан депортация қилмаса, у ҳолда ўз иш жойимдан керакли ҳужжатларни тўғрилайман”, - дейди Мурод.

Ўзбекистонлик яна бир муҳожир Мансур ака эса янги қонун мигрантларнинг пулини соғиш учун яна бир имконият, деган фикрда.

Россия ҳукумати ўтган йил ноябрда виза тартиби бор давлатлар учун 309 минг ва визасиз мамлакатлар учун 6 миллион квота ажратган эди. Энди эса қайси минтақага қанча чет эллик ишчи кераклигини маҳаллий расмийлар ҳал қилиши лозим. Ҳукумат эса иш берувчилардан тушган сўровлар асосидагина қанча квота ажатилиши ва ишчи кучларга бўлган эҳтиёжни аниқлашнинг умумий қоидаларини тасдиқлайди.

Россияга хориждан қанча ишчи кучи кераклиги ҳақида ҳукумат ҳозирча аниқ бир рақамни келтирмади. Аввал қонун кучга кирсин, у ëғи бир гап бўлар, демоқда расмийлар.
XS
SM
MD
LG