Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:19

Текин ёрдамнинг тўқмоғи оғир


23 ноябрь куни Россия ҳукумати халқаро тараққиётга кўмаклашиш концепциясини муҳокама қилди. Бу дастур мамлакат Молия вазирлиги томонидан тайёрланган.

Концепция лойиҳасида айтилишича, расмий Москва кейинги уч йил давомида халқаро ривожланишга 250 миллион долларлик кўмак кўрсатиш мажбуриятини олган.

“Лекин бу ёрдам мунтазам характерга эга эмас ва халқаро статистикада кўрсатилмайди. Шунинг учун ҳам бу кўмаклар халқаро резонансга эга эмас”, - дейилади концепция лойиҳасида.

Бу борада жамоатчилик фикрини ўзгартириш мақсадида концепция муаллифлари халқаро тараққиётга кўмак дастури учун Россия 400-500 миллион доллар маблағ ажратиш таклифини киритмоқда.

Маълум бўлишича, концепцияда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон молиявий кўмак кўрсатиладиган асосий давлатлар қаторига киритилган.

Концепцияда иқтисодий кўмак кўрсатилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари рўйхатида биринчи ўринда Тожикистон, кейин Қирғизистон турибди. Учинчи навбатда Ўзбекистонга ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Унда минтақадаги давлатлар саноат корхоналарнинг акцияларини сотиб олиш ҳам иқтисодий кўмак сифатида баҳоланиши алоҳида белгиланган.

Мазкур ҳужжатда молиявий кўмак беғараз кўрсатилмаслиги зарурлиги тўғрисида гап боради.

“Иқтисодий ёрдам уни олувчи давлат Россияга нисбатан дўстона сиёсат юритган ва ҳамма соҳаларда Россия билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлик изҳор этган тақдирда берилади”, - дейилади концепцияда.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Москванинг бундай талабини “совуқ уруш” даври анъаналарига содиқлик белгиси сифатида изоҳлайди.

Россия халқаро кўмак дастури асосида қолоқ мамлакатларга ажратаётган моддий ёрдам жаҳон миқёсида олинадиган бўлса, жуда сезиларли эмас. Буни Россия ҳукумати ҳам тан олади ва муҳокама қилинган концепцияда бу ёрдамни халқаро статистика сезадиган даражага кўтариш зарурияти алоҳида таъкидланади.

Шундан келиб чиқиб, таҳлилчилар бу иқтисодий ёрдамлар минтақадаги Ғарб таъсирини сусайтиришга қодир эмас, дея фикр билдирмоқда.

“Ведомости” нашрининг хабар беришича, концепциянинг асосий ғояси Россиянинг хориж мамлакатларига кўрсатаётган иқтисодий ёрдамдан сиёсий манфаат топишдир.
XS
SM
MD
LG