Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 10:31

Ўзбекистон Тожикистонга сотиладиган газ нархини кўтарди...ми?


9 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати 2007 йилдан бошлаб Тожикистонга етказиб берилаëтган газ нархини оширишини маълум қилди. “Ўзтрансгаз” ҳар минг куб метр газ нархини 100 доллар этиб белгилади.

Тожикистондаги “Авесто” ахборот агентлигининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, шу вақтгача Ўзбекистон Тожикистонга газни 55 доллардан сотган. Расмий Тошкент таклиф қилаëтган янги нарх Тожикистондаги аксарият корхоналарнинг чўнтагига оғирлик қилади.

“Тожикгаз” давлат унитар корхонаси матбуот котиби Фаёзиддин Содиров “Озодлик”ка берган интервьюсида: “Бугун Тожикистон Ўзбекистондан ҳар минг куб метр табиий газни 55 доллардан сотиб олмоқда. 2007 йилда ҳам бу нарх ўзгаришсиз қолишига умид билдирган эдик, лекин яқинда “Ўзтрансгаз”дан олинган огоҳномага кўра, 2007 йилдан эътиборан газ нархи юз доллар қилиб белгиланиши мумкин”, - деди.

“Ўзтрансгаз” компаниясининг ўз исмини айтишни истамаган ходими эса Ўзбекистон экспорт қилинадиган газ нархини ошириши ҳақида ҳали ҳеч қандай гап-сўз бўлмаганини билдирди.

“Ҳали 2006 йилни тугаллаганимиз йўқ. Йил охирида шартнома тузиш жараëни бошланади. Ўшанда режалаштирилган нархларни эълон қилишимиз мумкин”, - деди компания вакили.

У газ нархи ошиши ҳақидаги гап-сўзлар бекорга пайдо бўлмагандир, деган саволга жавоб берар экан: “Биласизми, “Газпром” билан Туркманистон ўртасида яқинда эришилган келишувга мувофиқ туркманлар газни 100 доллардан сотадиган бўлди. “Тожикгаз” давлат унитар корхонаси ўзбек газининг нархи ҳам ошиши мумкин, деб ўйлагандир”, - деди.

Тожикистондаги газ истеъмолчилари “Тожикгаз” Ўзбекистондан сотиб олаëтган газни ҳозир ҳам аҳолига 100 АҚШ доллари атрофида сотаётганини айтмоқда.

“Ҳозир аҳоли ўзи ишлатаётган ҳар минг куб метр газ учун белгиланган 100 долларни ҳам тўлай олмаяпти-ю, янги йилдан газ яна қимматласа қандай тўлайди?”, - дейди маҳаллий кузатувчи Нўъмон Фахриддинов.


Бироқ “Тожикгаз” вакили Фаёзиддин Содиров ҳозир Ўзбекистондан сотиб олинаётган газ мамлакатдаги истеъмолчиларга 80 доллардан (271 сомоний) сотилаётганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, жаҳон бозорида газ ва нефтнинг баҳоси ошиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ҳам экспорт учун нархни кўтараëтгани тушунарлилир.

Айрим кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати экспорт қилинадиган газ нархини у ëки бу мамлакат билан муносабатларига асосланиб белгилайди, деган фикрда.

Масалан, август ойининг охирларида Ўзбекистон Қирғизистонга етказиб берилаётган газнинг ҳар минг куб метрини ҳозиргидек 55 доллардан эмас, балки 100 доллардан сотишни режалаштираётгани ҳақидаги хабар тарқалган эди. Бироқ Қирғизистон президентининг Тошкент сафари чоғида Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги иқтисодий аҳволни тушунган ҳолда газ нархини ўзгартирмаслигини маълум қилди.

Бу ҳақда Қирғизистондаги “Электростанция” очиқ акциядорлик жамияти бош директори Сапарбек Балкибеков яқинда Бишкекда ўтган матбуот анжуманида айтган эди.

“Қурманбек Бақиев ва Ислом Каримов ўртасидаги музокарада Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги иқтисодий аҳволни тушунган ҳолда газ нархини эски нархда, яъни 55 доллар қилиб қолдирган. Кейинги йили ҳам худди шу нарҳда сотилади. Ўзбекистон шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Қирғизистонга етишмаётган 30-40 миллион куб метр газни шу нархда етказиб беришни ваъда қилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Қирғизистоннинг Тўхтагул ГЭСдан 4 йилдан бери электр қуввати олмай қўйган эди. Бу масала ҳам ҳал қилинди”, - деган эди С.Балкибеков .

Унинг сўзларига кўра, Тошкент учрашувида келаси йил январдан бошлаб Ўзбекистон яна Тўхтагул ГЭСдан электр қуввати олишга рози бўлган ва бунинг эвазига ҳам газ беришига келишилган.

Демак, Қирғизистон қулай нархдаги газга, Ўзбекистон эса электр қувватига эга бўлди.

Аммо кузатувчилар Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари анча мураккаблиги улар ўртасидаги газ олди-сотдисига ҳам таъсир қилишини мумкинлигини аймоқда.

Лекин “Ўзтрансгаз” ходими бу иддаоларни инкор этади.

“Бизда давлатларга қараб нарх белгиланмайди. Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистонга доимо бир хил нарҳда, Россияга эса бошқа нарҳда сотганмиз. Бизда бир давлатни иккинчи давлатдан афзал кўриш йўқ. Буни бозор дейишади. Биз ҳам бозорга қараб нархни белгилаймиз”, - деди суҳбатдош.

Демак, газ соҳасидаги ҳамкорликка сиëсатнинг ҳеч қандай дахли йўқми?

“Йўқ-е! Бундай гаплар, асосан, Россия матбуотида пайдо бўлади. Дейлик “Газпром” Украина, Европага сотадиган газ нархини оширса, сиëсий буйруқ сифатида талқин қилинади. Бизда ундай гап йўқ. Илгари қандай ишлаган бўлсак, ҳозир ҳам шундай ишламоқдамиз”, - дейди “Ўзтрансгаз” ходими.
XS
SM
MD
LG