Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 14:28

Тасдиқланмаётган хабар ортидаги ўйинлар


Ўзбекистон Қирғизистонга етказиб берилаётган газнинг ҳар минг куб метрини ҳозиргидек 55 доллардан эмас, балки 100 доллардан сотишни режалаштираётгани ҳақидаги хабар Бишкек ҳукуматини тушкунликка туширди.

Гарчи “Қирғизгаз” ва “Ўзтрансгаз” вакиллари ўзбек газининг қимматлашуви ҳақидаги хабарларни инкор этса-да, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жеқшенқуловнинг Тошкентга сафари қирғиз давлати раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифидан ташқари бу масала ҳам икки давлат расмийлари ўртасидаги музокаралар кун тартибида бўлганига ишончни кучайтиради.

А.Жеқшенқулов Тошкентда ҳамкасби Владимир Норов билан учрашди. Мазкур учрашув дипломатия тилида салом-алик тусини олиб, мамлакат раҳбарларининг ўтказилиши кутилаëтган учрашувига тайëргарлик вазифасини ўтади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, Тошкентдаги учрашувда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, савдо ва иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, минтақавий ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилган.

Шунингдек, чегарадан ўтиш ҳақидаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги битим ва икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг 2006-2007 йиллардаги ҳамкорлигига оид дастурнинг имзолангани ҳам маълум қилинади.

Тошкентдаги учрашув поëнига етиши биланоқ “Би-Би-Си” радиоси “Қирғизгаз” бош директори биринчи ўринбосари Саломат Айтикеевага таянган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистонга етказиб бериладиган минг куб метр газ учун 55 доллар эмас, балки 100 доллар ҳақ белгилашини маълум қилди.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси вакили бу масалага аниқлик киритишни истамаган бўлса-да, жаҳон бозорида нефть ва газ нархи ошиб бораётганига эътибор қаратди.

Шундан сўнг “Қирғизгаз” бош директори ИгорьЧудинов газ нархи ошишини тасдиқлаган бўлса-да, унинг 100 долларга етиши ҳақидаги хабарларни инкор этди.

“Қўшни республика ëнилғининг бугунги кунда дунë бозоридаги нархини инобатга олган ҳолда нарх сиëсатини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Ўйлайманки Ўзбекистондан экспорт қилинадиган газнинг нархи бўйича аниқ маълумот октябрь ойларида пайдо бўлади”, - деди И.Чудинов.

Қирғизистон тадбиркорлари уюшмаси президенти Умурбек Абдураҳмонов Ўзбекистон газ баҳосини кўтараётганини нормал ҳодиса сифатида баҳолади.

“Бугун газнинг бозордаги нархи шуни тақозо этмоқда. Ëнилғи ташиш воситалари қимматлашиб бораётир. Ҳатто Россия ва Беларус ўртасида ҳам газ нархи бўйича келишмовчиликлар бўлиб туради. Бироқ бу муаммони сиëсат билан аралаштириш лозим эмас. Қирғизистон ва Ўзбекистон нафақат бир-бирига қўшни, балки оға-ини халқлардир. Биз бундай масалаларни эҳтиëткорлик билан ҳал этишимиз лозим”, - деди У.Абдураҳмонов.

Қирғизистон ўзининг газга бўлган эҳтиёжини тўлалигича Ўзбекистондан келаётган ёнилғи ҳисобидан қоплайди. Ўтган йили расмий Тошкент газ нархини 33 доллардан 55 долларга кўтарган эди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиевнинг Тошкентга сентябрь ойига мўлжалланган ташрифи чоғида газ масаласи кўтарилиши кузатувчиларда шубҳа уйғотмаётир. Агар Тошкентда ўтадиган музокаралар давомида Қ.Бақиев газ муаммоси бўйича муросага бормаса, у ҳолда Қирғизистонни қахратон қиш кутмоқда, деган фикрда таҳлилчилар.

Бироқ Ўзбекистон Қирғизистонга газ сотишда етарли имтиëз бериши мумкинлигига ҳам ишонаётганлар топилади. Яъни Тошкент ҳукумати Бишкекка сотадиган газ нархини оширишни режалаштираëтгани ҳақидаги маълумотларни расмиятчилик учун тарқатиб, аслида парда ортида бошқа ўйин кетяпти, дейдиганлар ҳам бор.

Сўнгги пайтларда Бишкек ҳукуматининг ўз ҳудудида юрган андижонлик 5 қочқинни Тошкент ихтиëрига топширгани, таниқли имом Абдурафиқ қори Камоловнинг ўлдирилгани, Ўшда андижонлик яна 5 қочқиннинг ғойиб бўлгани, “Ҳизб ут-таҳрир”га қарши фаол ҳаракат олиб бориши Оқсаройга ëқаëтган кўринади. Сиздан угина, биздан бугина қабилида Қирғизистон Ўзбекистон билан бу борадаги ҳамкорлик эвазига газни импорт қилиш учун имтиëзга эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас, демоқда баъзи таҳлилчилар. Жумладан, ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев ҳам айни фикрда.

“Мен Қирғизистон сиëсий томондан Ўзбекистонга ëн бераëтгани учун Тошкент ҳам Бишкекка ёрдам бераётгани ҳақидаги фикрларга қўшиламан. Бундай маълумотлар эълон ҳам қилинмайди, чунки бу иккала мамлакатда ҳам норозлик келтириб чиқариши мумкин”, - дейди Т.Йўлдошев.

Унинг фикрича, ҳам Москва, ҳам Тошкент босими остида қолаётган Бишкек ҳукумати сиёсий жиҳатдан етук эмасга ўхшайди.

“Афтидан улар (Қирғизистон раҳбарияти) ўзи учун алоҳида йўл қидирмоқда. Булар, шунингдек, ҳам Москва, ҳам Вашингтон босими остида бўлиши ҳам мумкин. Аммо Бишкек ҳукуматининг ҳозирги қилаëтган иши мамлакат манфаатига тўғри келмайди. Шу пайтгача “демократия ороли” ҳисобланган Қирғизистон тўла-тўкис авторитар режим билан ҳамкорлик қилмоқда”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG