Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:57

Кремль раҳбарини зиёрат қилишга ўхшаб қолган саммит


МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг 21-22 июль кунлари Москвада ўтган норасмий саммити файзсиз тўйни эслатди. “Чақирилган меҳмонлар”нинг айримлари турли сабаблар билан “тўй”га келмади.

Грузия раҳбари Михаил Саакашвили ҳукуматни истеъфога чиқариш билан, Украина президенти Виктор Юшченко эса мамлакатда юзага келган парламент бўҳронини бартараф этиш билан банд бўлди. Арманистон президенти Роберт Кочаряннинг тоби қочди, туркманбоши Сапармурод Ниëзов эса денгиз бўйида дам олишни маъқул кўрди.

МДҲ саммитида мезбон Владимир Путиндан ташқари Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Беларус раҳбари Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов ҳамда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қатнашди.

“Саммит борган сари оммавий тарзда Кремль хўжайинини зиëрат қилишга ўхшаб қолмоқда”, - деб ëзди бу учрашув ҳақида “Время новостей” газетаси.

Кузатувчилар сўнгги йилларда МДҲнинг кераксиз ташкилотга айлангани ҳақида кўп гапирмоқда. Улар бу ташкилот доирасида имзоланган юзлаб ҳужжатлар, ўтказилган ўнлаб учрашувлар ҳеч қандай натижасиз қолаётганига урғу бераётир.

“МДҲ ҳеч нарса ҳал қилмайдиган ташкилотга айлангани ва амалда президентларнинг виртуал жамиятига айланиб қолгани ҳақида фақатгина эринчоқ одам гапирмайди бугун. Москвада ўтган саммит ҳисоб бўйича қирқ биринчиси бўлди. МДҲнинг яроқсиз ташкилотга айланганини гапириш кутилмаган ҳол бўлмайди. Ҳатто бундан бир неча йил олдин Қозоғистон президенти МДҲ мўрт ташкилотга айлангани ва буни тан олиш кераклигини очиқча айтган эди”, - дейди журналист Аркадий Дубнов.

Унинг таъкидлашича, МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарлари бундай саммитларга В.Путин билан учрашиб, мавжуд муаммоларни муҳокама этиш учун қулай имконият сифатида қарайди.

“Бугун В.Путиннинг халқаро сиëсий саҳнада обрўси ортиб боряпти, бу ҳеч кимга сир эмас. Санкт-Петербургда ўтган “катта саккизлик” саммити ҳам бунга яққол далилдир. Шундай экан, кимнинг қандай муаммоси бўлса, албатта, буни В.Путин билан ҳал қилади ва Россиядан ëрдам истайди”, - дейди журналист.

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев гарчи МДҲга раислик қилаëтган бўлса-да, бу сафар ҳам ташкилот фаолиятидан норозилик билдирди.

“Ўтган йиллар мобайнида 1600 га яқин ҳужжат имзоланди. Улардан фақат 10 фоизи ишлаяпти. Бугун ташкилот фаолиятидан кўпчилик қониқмаëтгани ҳаммага аëн. Айримлар жуда ҳам норози. Айрим раҳбарлар ҳужжатларни имзолаган, бошқалари эса йўқ. Шундай қилиб, ташкилот президентлар клубига айланиб қолди”, - деди Н.Назарбоев.

А.Дубновнинг айтишича, саммитда Қозоғистон президенти ўз ҳамкасблари эътиборини 5 та асосий мавзу, яъни муҳожирлик, транспорт ва таълим тизими, гуманитар муаммолар ва бугунги кундаги муҳим масалаларга қаратган.

Кўпчиликка маълум воқеалардан сўнг Россия билан муносабатларни ҳар қачонгиданда яқинлаштиришга бел боғлаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу саммитда қатнашиш истагини ҳам биринчилардан бўлиб билдирди.

“Ҳозир И.Каримов Кремль сиëсатини қўллаб-қувватлайдиган президентлардан биридир. У бугун Кремлнинг таъсири остида ва ўз хавфсизлиги таъминланиши учун ушбу таъсир остида юришга тайëр. Бугун И.Каримов бир неча йилдан буëн (Андижон воқеаларига қадар) олиб борган сиëсатидан воз кечишга мажбур. Бугун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг расмий аъзоси бўлиб улгурмаган Ўзбекистон учун асосий муаммолар бу - қўшни Тожикистон билан муносабатларнинг кескинлашиб бораëтгани, Қирғизистон билан ҳам қатор муаммоларнинг мавжудлигидадир. Аммо бу муаммоларни И.Каримов Москва ëрдамида ҳал қилмоқчи”, - дейди А.Дубнов.

Москва-Тошкент алоқаларининг сўнгги бир йил ичидаги ҳолатини кузатувчилар уларнинг ўзаро муносабатлари тарихидаги энг илиқ давр сифатида талқин қилмоқда.

Икки мамлакат, айниқса, Ўзбекистон Марказий Осиëдаги ëн қўшниларига қараганда Россия билан ака-укадек бўлиб қолгани гапирилади. Ҳатто бир қулфнинг иккита (захирадаги) калити бўлганидек, Тошкент ҳам иккита калитнинг бирини Москвага ишониб топшириб қўйгани айтилади.

Сиëсатшунос ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев МДҲнинг сунъий ва мўрт ташкилотга айланганини қайд этар экан, ака-ука бўлиб қолган Москва ва Тошкент муносабатлари қанчалик илиқ, дея таърифланмасин ушбу муносабатлар қўйилган тарозининг бир палласи Москва томонига оғиб кетаëтгани Оқсаройга ëқмаслигини таъкидлайди.

“Москва билан Тошкент ўртасида маълум бир сиëсий келишув бўлгани билан катта аканинг ўзига муносабати Тошкентга ëқмаяпти. Бундан ташқари, Кремль И.Каримовга маълум шартлар қўймоқда. 2007 йилдан кейин Ўзбекистонда нима ўзгариши мумкин, мамлакатнинг келажаги нима бўлади, деган саволларга жавоб кутяпти”, - дейди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG