Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:59

Тақирбошлар Кремлга керак...ми?


Кузатувчилар тақирбошлар ва неонацистлар ҳаракати Кремл олиб бораëтган сиëсат ҳамда амалдаги ҳукуматнинг сайловларда ғалаба қозонишида қўл келиши ва шунинг учун ҳам бундай ҳаракатлар ҳукуматнинг ўзига кераклигини таъкидламоқда.

Россияда ҳар сафар сайлов олдидан мамлакатни қўрқув қамраб оладигандек.
Масалан, 1996 йили мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Борис Елцин иккинчи муддатга сайланиши учун халқни коммунистик тизимнинг қайта уйғонаëтгани билан қўрқитган эди.

2000 йилда эса амалдаги президент Владимир Путин сайлов кампанияси давомида террорчилик ва чечен айирмачиларининг мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаëтгани ҳақида гапирган эди.

2004 йили бўлиб ўтган навбатдаги сайловда эса В.Путин ўзини халқнинг нонини олиб қўяëтган олигархлардан ҳимоячи сифатида кўрсатган эди.
Россияда кейинги президент сайлови 21 ойдан сўнг, аниқроғи 2008 йилнинг март ойида бўлиб ўтади. Аммо Кремл ҳозирданоқ унга тайëргарлик кўраëтган ва фашизмга қарши кураш доирасида сайлов кампаниясини ўтказадиган кўринади.

Шу йилнинг 9 май куни Қизил Майдонда нишонланган Ғалаба байрамида В.Путин ирқчиликка ўрин йўқлигини яна бир бор таъкидлаганди.

“Янчиб ташланган ирқчилик илдизига сув қўяëтганлар, экстремизм, ксенофобия ҳаракатлари сабабсиз қон тўкилишига ва дунëни боши берк кўчага етакламоқда. Шунинг учун фашизмнинг барбод бўлиши қасос олмасликнинг иложи йўқлигига далил ва огоҳлантирув бўлиши керак”, - деганди В.Путин.

Ҳақиқатдан ҳам ирқчилик ҳаракатлари кўп миллатли Россия хавфсизлигига таҳдид солаëтганини яшириб бўлмайди.

Москвадаги “Бойқуш” маркази тарқатган маълумотга кўра, шу йилнинг ўзида миллатчилик асосида 150дан ортиқ жиноят содир этилган. 18 хорижлик ва Россиянинг славян миллатига мансуб бўлмаган фуқароси унинг қурбони бўлган.

2004 йили тожик миллатига мансуб 9 яшар Хуршиданинг тақирбошлар томонидан ўлдириб кетилгани ва бундан бир неча ой олдин Санкт-Петербург шаҳрида сенегаллик талаба отиб ўлдирилганидан сўнг дунë ҳамжамияти Россиядаги ирқчилик билан боғлиқ вазиятни жиддий танқид қилган эди.

Бугун ер юзидаги барча ирқчиларнинг сони 70 мингни ташкил қилган бир пайтда Россиянинг ўзида 60 мингга яқин ирқчи борлиги айтилади.

Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Лев Понаморëв Кремлнинг ирқчиларга муносабати, асосан, у олиб бораëтган сиëсат ва 2008 йилги президент сайлови билан боғлиқлигини таъкидлайди.

“Расмийлар ирқчиликнинг олдини олишга легитимликнинг бир механизми сифатида қарайди. Улар ушбу механизмни қўллаш билан одамларга ҳокимиятга ирқчилар келганидан кўра, ўзлари ўтиргани маъқуллигини кўрсатмоқчи бўлади”, - дейди Лев Понаморев.

Ирқчилик стратегияси скептик бўлган Ғарбни Путин ва унинг жамоаси мамлакатда юз бериши мумкин бўлган бошбошдоқликдан сақлаб қолишига ишонтира олади. Москвадаги Карнеги маркази ходими Николай Петров “Озодлик”ка берган интервюсида: “Кремл портлаши мумкин бўлган таҳдидни изламоқда. Ғоя шундаки, ҳукумат мамлакат ичида халқ ва Ғарб билан баҳам кўриши мумкин бўлган бирор мавзуни топиш керак. Агар ҳақиқатдан ҳам ирқчилик ҳаракатлари кузатилса, унинг олди олиниши лозим. Бу эса Кремл томонидан қилинадиган ҳар қандай ҳаракатни оқлай олади”, - деди.

Ирқчиликнинг олди олиниши ҳақида қанчалар гапирилмасин кузатувчилар агар Кремл ҳақиқатдан ҳам буни истаганда, аллақачон тегишли дастурлар ишлаб чиқиши мумкинлигини айтмоқда. Ҳозирга қадар баландпарвоз гаплар фақатгина қоғозда қолиб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG