Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Россиянинг “дўст”лари ва “душман”лари кимлар?


Россиядаги “Левада” тадқиқот маркази ўтказган сўров натижалари россияликлар айрим қўшни давлатлар билан бир қаторда АҚШни “дўст бўлмаган” мамлакатлар сафига қўшишини кўрсатди.

Сўровда қатнашганларнинг 37 фоизи АҚШнинг Россияга “дўст эмаслиги”ни айтган. Ўтган йили бундай салбий муносабатда бўлганлар 23 фоизни ташкил этганди.

Респондентларнинг 46 фоизи Латвияни, 44 фоизи Грузияни, 42 фоизи Литвани Россияга дўст эмас, деб ҳисоблайди.

Россияликлар бундай муносабат билдирган мамлакатлар рўйхати давомида Афғонистон, Молдова ва Польша ҳам бор. Қайси давлат рўйхатда қуйироқда бўлса, демак унга россияликларнинг муносабати илиқроқдир.

Сўров Россиянинг барча минтақаларида яшовчи 2500 киши орасида ўтказилган.

АҚШга салбий муносабатда бўлган россияликлар сонининг бир йил ичида 23 фоиздан 37 фоизга кўтарилгани икки давлат ўртасидаги муносабатларга яқинда совуқлик тушгани билан изоҳланиши мумкин.

Болтиқбўйи мамлакатлари ҳамда ГУАМ ташкилотига аъзо давлатлар – Грузия, Украина, Озарбойжон ва Молдовага оддий россияликлар муносабатининг яхши эмаслиги, аслида кутилмаган ҳодиса эмас. Россия матбуотининг бу мамлакатлар тўғрисидаги материаллари аксарият ҳолатларда ўта салбий бўлиб, давлат амалдорлари президент Владимир Путин ва Давлат думаси ортидан уларни Ғарб томон интилаётгани учун кескин танқид қилиб келади.

Россия матбуоти Болтиқ денгизи билан Қора денгиз оралиғидаги давлатларга “бузуқлик камари”, деб нисбат бера бошлаганига анча бўлди. Матбуот, радио ва телевидение, Интернет нашрларида Латвия расмийлари нацистларга хайрихоҳликда айбланади.

Масалан, русча сайтлардан бирида Латвия президенти Фрайберга хонимнинг Гитлер Германиясининг махфий хизмати - SS ходими сифатидаги сурати эълон қилинди.

Президент Владимир Путиннинг севимли газетаси “Комсомольская правда” эса ўтган йили Латвияда ишлаб чиқарилган товарларга қарши очиқдан-очиқ тарғибот кампанияси ўтказди. Газетанинг ёзишича, Латвия товарларини сотиб олиш SSга хизмат қилиш билан тенгдир. Россиялик журналистлар Латвия расмийларини русофобликда айблаб келмоқда.

Россия матбуоти мамлакат “дўстлари” образини яратиш йўлида ҳам ўз хизматини аямаяпти. “Левада” тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларига қараганда, Беларус Россиянинг энг яқин дўстидир. Сўровда қатнашганларнинг 47 фоизи шундай фикр билдирган. Ўтган йили бу рақам бир фоиз кам эди.

Россия “дўст”лари рўйхатида кейинги ўринларни Германия (23 фоиз) ва Қозоғистон (20 фоиз) эгаллаган. Шунингдек, бу рўйхатда Ҳиндистон билан Хитой ҳам бор.
XS
SM
MD
LG