Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:09

Зилзила қурбонлари сони ортмоқда


27 май куни Индонезиянинг Ява оролида рўй берган зилзила 4600 дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди. Оролдаги кўплаб қишлоқлар вайрон бўлди. Айни пайтда вилоятга дастлабки инсонпарварлик ёрдами етказиб берила бошлади.

Зилзила кучи Рихтер ўлчови бўйича 6,2 баллни ташкил этди. Ҳозир жароҳатланганлар сони 20 мингдан ортиқлиги айтиляпти. Вайроналар орасида яна тирик ёки ўлган одамлар бўлиши мумкин.

Жароҳатланган минглаб кишиларга ёрдам бериб улгурмаётган шифокорлар кўчаларнинг ўзидаёқ биринчи ёрдам кўрсатяпти. Ер силкиниши яна такрорланиши мумкин, деган хавотир ҳам мавжуд.

Зилзила маркази бўлмиш Ёгякарта шаҳридаги шифохоналарга дори-дармон ва тиббий анжомлар кераклиги айтилмоқда.

“Шу вақтда энг зарур нарса – дори-дармон ва асбоб-ускуна. Кўп одам қаттиқ жароҳатланган. Шунинг учун оғриқ қолдирувчи дорилар ва антибиотиклар ҳам керак”, - дейди шифокорлар.

Ўлганларнинг жасадини кўмиш ҳам муаммога айланди. Омон қолганлар зилзила такрорланишидан хавотирланиб, ҳали ваҳимадан қутулгани йўқ. Ҳалок бўлганларни эса тезроқ кўмиш керак. Шунинг учун оммавий қабрлар қазиляпти.

Мамлакат президенти Сузило Юдҳаёно бу ишларга ҳарбийларни сафарбар қилди. Ҳарбийлар омон қолганларни қутқариш ва вайроналарни тозалаш ишларини ҳам бажаряпти.

Халқаро қизил хоч ташкилоти ва Халқаро қизил ярим ой ташкилоти жабрланганларга ёрдам бериш учун камида 10 миллион доллар маблағ зарурлигини маълум қилди.

Бу чақириққа жавобан ЮНИСЕФ зарурий озиқ-овқат, 2 мингга яқин чодир, 9 минг брезент ва шахсий гигиеник воситалар жўнатди. Европа Итифоқи эса 3 миллион евро маблағ ажратилганини маълум қилди. Австралия 2,5 миллион, АҚШ эса 2,2 миллион долларлик гуманитар ёрдам жўнатаётганини билдирди.

Табиий офат, асосан, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларни вайрон қилди. Табиий офат 2 мингдан ортиқ киши қурбон бўлган Бантул шаҳрида турар-жой биноларини ер билан яксон қилди. Ҳозир шаҳарда вайроналарни тозалаш бошланган. Шу жараён давомида етган талофат миқдори ҳам аниқ бўлади.

“Кеча дўконимиз мутлақо вайрон бўлди. Лекин биз одамлардан сўрамоқчимиз, келиб вайроналарни тозалашда, очишда ёрдам қилсин. Балки кунимизга ярагулик бирор нарсалар бутун қолгандир”, - дейди бантуллик савдогар.

18 ой аввал Индонезия кучли зилзила туфайли юзага келган цунамидан талофат кўриб, 170 киши ҳалок бўлган ёки бедарак кетганди.
XS
SM
MD
LG