Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:05

Италиянинг Турин шаҳрида 20чи Қишки Олимпиада ўйинлари бошланди


10 феврал куни Италиянинг Турин шаҳрида (Тошкент вақти билан ярим тунда) 20-Қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Аммо шаҳар аҳолисининг ҳаммаси ҳам ушбу тарихий воқеадан мамнун эмас кўринади. Хусусан, 9 феврал куни Туринда норозилик намойиши уюштирилгани натижасида Олимпиада машъалини олиб келаётган спортчилар йўлни ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Бу Италия ҳудудларида Олимпиада машъали йўлини тўсишга тўртинчи уринишдир.


Олимпиада машъали қадимдан тинчлик ва яхши ният рамзи бўлиб келган. Бироқ бугун бу рамз ҳам Италияда глобаллашув масаласида бораётган тортишувларнинг асосий нишонига айланди. Бир гуруҳ маҳаллий фуқаро Туринда тезюрар поезд йўли қурилиши лойиҳасига ўз норозиликларини билдириш мақсадида Олимпия ўйинларидан ўзлари учун қулай фурсат сифатида фойдаланмоқда. Уларга кўра, Италиядан Францияга улкан тунел кавлаш Алп тоғлари экологиясига салбий таъсир этади.

Норозилик намойишлари зўравонликка айланиб кетишидан хавотирланган Олимпиада ташкилотчилари пайшанба куни машъални олиб келаётган спортчилар йўлини икки марта ўзгартиришга мажбур бўлди.


Биринчи воқеа Турин ва Франция ўртасида, яъни Алп тоғларида жойлашган Авилина шаҳарчасида рўй берди. Анжела Бракко ўн икки минг аҳоли яшайдиган Авилина шаҳрининг маданият ва туризм масалалари бўйича мутасаддиси. Унга кўра, шаҳар аҳолиси ушбу тарихий воқеага катта тайёргарлик кўрган. Мактаб ўқувчилари бир неча ҳафта давомида байроқчалар, майка ва турли шиорлар тайёрлаганлар. Бироқ энг сўнгги дақиқаларда Олимпиада ташкилотчилари тадбир бекор қилинганини эълон қилишган.

“Олимпиада машъалини катта тантаналар билан кутиб олиш мақсадида биз бир неча кун давомида қўлимиздан келганча тайёргарлик кўрдик. Мактаб ўқувчилари ва бошқа болалар каби мен ва шаҳар ҳокимияти расмийлари бундан жуда хафа бўлдик”, – дейди Анжела Бракко.

Унга кўра, Олимпиада машъалини кутиб олиш учун минглаб одамлар йўлнинг икки томонида саф тортиб турган ва машъалга ҳеч қандай таҳдид бўлмаган. У ерда темир йўл қурилишидан норози бўлган бир неча одам бўлган, холос.

Олимпиада ташкилотчилари ва аксарият италияликлар норозилик Олимпиада мусобақаларини тўхтатиб қўйиши ёки байрамона муҳитга путур етказиши мумкин, деган хавотирда.

Болония университети профессори Энзо Боши Италиянинг Геофизика институтига раҳбарлик қилади.

“Асосий муаммо шундан иборатки, биз италияликлар норозиликлар чиқишида бир-биримизни тушуна олмаймиз”, – дейди италиялик профессор.

Италияда Қишки Олимпия ўйинлари бошланиши арафасида АҚШ ташқи сиёсатига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Олимпия ўйинларининг тантанали очилиши маросимида АҚШ президенти рафиқаси Лора Буш, унинг қизи ва ўн беш давлат раҳбарларининг қатнашиши режалаштирилган эди. Пайшанба кунги намойиш қатнашчилари, “Лора, уйингга кет!” деган шиорлар билан чиқишди.


20чи Қишки Олимпия мусобақалари 11 феврал куни бошланади. Шу куни биатлончилар, аёллар хоккей командалари, эркаклар ўртасида 500 метр масофага конькида югуруш ва бошқа қишки спорт турлари бўйича мусобақалар старт олади.
XS
SM
MD
LG