Линклар

Шошилинч хабар
12 июл 2025, Тошкент вақти: 07:15

“Ҳамас” Исроилни тан олиш ва қуролсизланиш борасида халқаро ҳамжамият босимини рад этмоқда


Фаластиндаги “Ҳамас” гуруҳи, агар ҳукумат таркибига кирса, ўзи Исроил давлатини тан олиши ва қуролсизланиши борасида халқаро ҳамжамият босим ўтказаётганини қоралади. Яқин Шарқ тинчлик жараёнига ҳомийлик қилаётган тўртлик, яъни АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва БМТ келгусида Фаластин халқига молиявий ёрдам кўрсатиш “Хамас” етакчилигидаги ҳукуматнинг халқаро ҳамжамият қўйган талабларни қанчалар бажаришига боғлиқ эканини маълум қилди.

“Ҳамас” матбуот вакили Сами Абу Зуҳрий ўз ташкилотига бўлаётган халқаро босимларни адолатсизлик, деб атайди:

“Фаластин халқига нисбатан Ғарб позицияси адолатсиз, Исроил босқинчилигига нисбатан бир томонлама. Бу қарор демократияга муваффақиятли амал қилаётган бизнинг халққа нисбатан кўрилган жазодан бошқа нарса эмас. Шу боис биз Ғарб давлатларидан ўз позицияси ва қарорини қайта кўриб чиқишни сўраймиз ”.

Тўртлик учрашуви баёнотига кўра, Фаластинга кўрсатилаётган молиявий ёрдам “Ҳамас” етакчилигидаги ҳукуматнинг Фаластин-Исроил тинчлик жараёнини қабул қилиши ёки қабул қилмаслигига боғлиқ.

30 январ куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳозирда Европа Иттифоқи президентлиги вазифасини бажараётган Австрия Ташқи ишлар вазири Урсула Плассник Иттифоқнинг мазкур талабини бундай баён қилди:

“Зўравонлик ва террор демократик жамиятга бутунлай зид. Шу боис биз “Ҳамас” ва бошқа фракцияларни зўравонликдан воз кечиш, Исроил давлатчилигини тан олиш ва қуролсизланишга чақирамиз”.

Европа Иттифоқи фақат ўтган йилнинг ўзида Фаластинга 600 миллион доллардан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатган.

Ўтган ҳафта АҚШ ҳукумати БМТ ва ноҳукумат ташкилотлари орқали Фаластинга берилаётган молиявий ёрдам масаласини қайта кўриб чиқиши мумкинлигига ишора қилган эди. АҚШ Жорий йилда Фаластинга 234 миллион доллар ҳажмида молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирган эди.

Россия президенти Владимир Путин радикал “Ҳамас” гуруҳини Исроил ва халқаро ҳамжамият билан тинч мулоқот ўрнатишга чақирди.

Кремлда ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарган Путин Россия “Хамас”ни ҳеч қачон террорчи гуруҳлар қаторига қўшмаганини, айни пайтда бу Россиянинг “Ҳамас”ни кўр-кўрона қўллаб-қувватлашини англатмаслигини таъкидлади:

“Ҳамас радикал баёнотлар беришдан тийилиши, Исроил давлатчилигини тан олиши ва халқаро ҳамжамият билан алоқа ўрнатиши лозим. Биз “Хамас” ташкилотини бу борада тинимсиз иш олиб боришга чақирамиз”.

30 январ куни БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам “Ҳамас”ни зўравонликдан воз кечишга чақирган эди.

“Яқин Шарқ тинчлик жараёнига хомийлик қилаётган тўртлик, яъни АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва БМТ Фаластиннинг янги ҳукумати зўравонликни рад этиши, Исроил давлатчилигини тан олиши ва аввалги ҳукумат имзолаган келишувлар, жумладан “йўл харитаси”да белгиланган мажбуриятларни бажариш масъулиятини ўз зиммасига олишини хоҳлайди”, – дея баёнот берди БМТ Бош котиби.

Аммо “Ҳамас” гуруҳи матбуот вакили Абу Зуҳрий бир оз аввал “Хамас” халқаро босим туфайли ўз позициясини ўзгартирмаслигини айтган эди. Айрим араб давлатлари, жумладан Саудия Арабистони Фаластинга молиявий ёрдам беради. Эроннинг ҳам фаластинликларни маблағ билан қўллаб-қувватлаши айтилмоқда. Агар Ғарб Фаластинга кўрсатаётган молиявий ёрдамини тўхтатса, мусулмон давлатларнинг бу ёрдамни кўпайтириш-кўпайтирмаслиги аниқ эмас.
XS
SM
MD
LG