Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:37

Эрон-Сурия: Тобора яккаланиб қолаётган лидерлар бир-бирига кўмак кўрсатмоқчи


Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот пайшанба куни Сурия пойтахти Дамашққа икки кунлик ташриф билан сафар қилди.

Теҳрон раҳбарининг Дамашққа ташрифи у ўтган йилнинг июлида сайланганидан буён амалга оширган биринчи сафаридир.

Аҳмадийнажотнинг сафари Эрон ҳам, Сурия ҳам тобора кучайиб бораётган халқаро босим остида қолаётган бир пайтга тўғри келди. Теҳрон ўзининг ядровий дастури туфайли босим остида бўлса, Дамашқ Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб, босим остида қолмоқда.

Хўш, мана шундай вазиятда Теҳрон Дамашқ билан ўзаро иттифоқ тузмоқчими?

Сурия президенти Башар ал-Асад 19 январь куни қилган чиқишида Эроннинг ядровий дастури бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан бирга Ғарбни танқид қилиб, жумладан бундай деди:

- Биз Эроннинг ва дунёдаги бошқа давлатларнинг тинчлик учун хизмат қиладиган ядровий технологияларга эга бўлиш ҳуқуқини қўллаб- қувватлаймиз. Бунга қарши бўлган давлатлар шу пайтгача ишонарли важ-корсон кўрсата олганлари йўқ. Агар улар ҳақ бўладиган бўлсалар, ишни Исроилдан бошлашлари керак. Чунки Яқин Шарқда шу давлатнинггина ядровий арсенали бор.

Ўз навбатида президент Ахмадийнажот Сурияни "Исроилга қарши собит турган мамлакат", деб баҳолади. Эрон эса, Аҳмадийнажотга кўра "Исломий қадриятлар ҳимоячиси"дир. Унинг фикрича, мана шу икки омил Эрон билан Суриянинг ҳамкорлик қилиши учун асос бўлади.

Аслида Теҳрон Дамашқ билан узоқ йиллар давомида иттифоқчи бўлиб келган. 1980-88 йиллар орасида бўлиб ўтган Эрон-Ироқ уруши давомида Эроннинг ёнини олган ягона араб давлати Сурия бўлган эди.

Айни пайтда АҚШ айнан шу икки давлатни терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда, Яқин Шарқ тинчлик жараёнига тўсқинлик қилаётганликда айбламоқда. Шунингдек, Tеҳрон ва Дамашқ Ироқнинг ички ишларига аралашганликда айбланмоқда.

Аҳмадийнажотнинг Сурияга биринчи ташрифи Эрон ядровий дастури масаласи Халқаро атом энергияси агентлигида кўрилиши арафасига тўғри келди.
Агентликнинг қарийб икки ҳафтадан сўнг ўтказиладиган мажлисида Эрон муаммосини БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига чиқариш масаласи муҳокама қилинади.

18 январь куни президент Аҳмадийнажот Эроннинг Сурия билан муносабатларини "узлуксиз ва мустаҳкам" муносабатлар, деб баҳолади. У иккала мамлакат биргаликда ҳар қандай ташқи аралашувга қарши туриши лозим, деди.

Яқин Шарқ муаммосидан яхши хабардор лондонлик журналист Алиризо Нуризода фикрича, Эрон ҳам, Сурия ҳам ўз хавфсизлигига таҳдидни сезмоқда ва шунинг учун ҳам ўзаро алоқаларини янада яқинлаштирмоқчи. Таҳдидни назарда тутар экан, журналист бундай дейди:

- Шунинг учун ҳам кейинги ойларда Эрон билан Сурия бир-бирига орқа қилишга ҳаракат қилмоқда. Эрон хавф остида қолганини сезиб турибди. Унинг ядровий муаммоси диққат марказида. Шунинг учун ҳам Эронга араб дунёсидан иттифоқчилар керак. Табиийки, ўзи ишончни йўқотиб қўйган, тақдири савол остида турган Сурия иттифоқчи бўлиши мумкин мамлакатлардан биридир.

Бироқ, Теҳрондаги халқаро ҳуқуқ университети профессори Хермидас Бованднинг фикрича, Аҳмадийнажотнинг Сурияга ташрифи Эроннинг ядровий масаладаги муаммоси ечимига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди.

- Эрон бу ташрифдан бирон нарсалик бўлади, деб ўйламайман. Шу кундаги шароитда, яъни Сурия АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатлар босими остида турган бир пайтда, ҳатто араб мамлакатлари ҳам Суриянинг ёнини олишга шошмаётган бир пайтда Эроннинг бу ҳаракатидан фойда йўқ. Аксинча, ташрифнинг оқибатлари муайян даражада салбий бўлиши мумкин,- дейди Теҳрондаги халқаро ҳуқуқ университети профессори Хермидас Бованд.
XS
SM
MD
LG