Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:50

Судланувчига қўйилган энг оғир айблар ўз исботини топмади, лекин…


Покистонда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Қобилжон Масирохунов устидан Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида 10 ноябрь куни бошланган суд жараёни 2 декабрда ниҳоясига етди.

Суд Қ.Масирохуновни Жиноят кодексининг 5 моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш, ёлланиш) бўйича айбдор деб топди ва жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 11 йилга озодликдан маҳрум этди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, Қ.Масирохуновнинг акаси 1998 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати сафларида хизмат қилган. У ўша йили акасини уйга олиб келиш мақсадида Чеченистонга борган. Чунки акасини Чеченистонда деб эшитган. Бу ерда ҳужжатларидан айрилган. Сўнг паспорт сотиб олиб Афғонистонга кетган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, айблов хулосасига кўра, Қ.Масирохунов Афғонистондалигида Тоҳир Йўлдошев, Жума Намангоний, Обид қори, Руҳиддин Фахриддинов бошқарадиган қуролли гуруҳга аъзо бўлган. АҚШ бу мамлакатда ҳарбий амалиёт бошлагандан кейин Покистонга қочиб ўтган. Бу ердан Эронга ўтиб, яна қайтиб боргач, 2004 йил январда Покистон полицияси томонидан қўлга олинган. Жорий йилнинг 1 июнида эса Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Суд ҳукмида айтилишича, айбланувчи ўз айбини қисман тан олган. Адвокатларнинг билдиришича, у ҳарбий амалиётларда қатнашмаган. Ўзбекистон ҳукуматига қарши фаолият юргизмаган.

С.Икромовнинг маълум қилишича, Қ.Масирохуновга қўйилган асосий айблар – конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм, жиноий уюшма ташкил этиш, қўпорувчилик кабилар ўз исботини топмагани учун айбловдан олиб ташланган.

Прокурор суддан айбланувчини 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Судья Аҳрор Қодиров ҳукмни ўқир экан, судланувчига қўйилган ҳарбий амалиётларда қатнашганлик ва бошқа оғир айблар суд жараёнида ўз исботини топмаганини билдирди. Шунга қарамай, Қ.Масирохунов прокурор сўраганидан бир йил кам муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

С.Икромовнинг фикрича, бу ҳолат суд мустақил эмаслигидан далолат беради.

Судланувчининг адвокатлари ҳукм нусхаси қўлларига тегиши билан суд ҳукмидан норозилик билдириб, юқори суд идораларига мурожаат қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG