Линклар

Шошилинч хабар
27 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 13:23

Ҳуқуқ фаоли: Саломованинг озод этилиши унинг ҳуқуқлари тикланганини англатмайди

Шоҳида Саломова қарийб тўрт йил руҳий шифохонада мажбуран даволанган. Сурат 2026 йил август ойида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси вакили Саломова билан у даволанаётган шифохонада учрашган пайтда олинган.
Шоҳида Саломова қарийб тўрт йил руҳий шифохонада мажбуран даволанган. Сурат 2026 йил август ойида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси вакили Саломова билан у даволанаётган шифохонада учрашган пайтда олинган.

Ижтимоий тармоқларда коррупция ва адолатсизликларга қарши кескин чиқишлари билан танилган блогер Шоҳида Саломованинг қарийб тўрт йил психиатрия муассасасида мажбуран сақланиши ва озод этилганидан кейинги ҳуқуқий мақоми унинг иши юзасидан жиддий саволларни яна кун тартибига олиб чиқди.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, Саломованинг озодликка чиқиши унинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланганини англатмайди. Ҳуқуқ ҳимоячиси блогерни муассасага жойлаштириш ва у ерда сақлашнинг қонунийлигини текшириш зарур, деб ҳисоблайди.

Тошкентлик блогер ва Telegram’даги «Патанатомия страны Уз» канали маъмури Шоҳида Саломова 2022 йил декабрь ойида ҳибсга олиниб, мажбурий психиатрия даволаниши учун юборилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Атаеванинг Озодликка айтишича, 64 ёшли Саломова 19 октябрь куни ёпиқ психиатрия муассасасини тарк этган, бироқ амбулатор даволаниш ва тиббий кузатувда қолмоқда:

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева

“Афсуски, ҳозирда Шоҳида Саломова озод қилинганидан кейинги соғлиғи ҳақида янгиланган маълумотларга эга эмасмиз. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи учта ташкилотнинг апрель ойидаги баёнотида унинг сурункали касалликлари, жумладан, диабет ва астма билан оғриши ҳақида маълумот берган эдик. Бизнинг ишончли вакилимиз озод қилинишидан бир неча кун олдин у билан учрашган. Саломованинг кайфияти яхши бўлган ва у яқин орада муассасадан чиқишини билган. Бу умидбахш маълумот, аммо у тиббий текширувнинг ўрнини босмайди ва Саломованинг ҳозирги аҳволига баҳо бериш имконини бермайди. Ҳозирги турган жойи ҳақида тасдиқланган маълумотни ҳозирча тақдим эта олмаймиз.”

Озодликнинг Шоҳида Саломова ва унинг яқинлари билан боғланишга уринишлари бесамар бўлди.

Саломова АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи ва Самарқандда бўлиб ўтган «C5+1» форматидаги вазирлар учрашуви фонида психиатрия шифохонасидан чиқарилган.

“Саломованинг озод қилинишини АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи билан боғлаймиз. Саломова ҳибсга олинганидан бери бизнинг ассоциациямиз Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамкорлиги ташкилоти — IPHR билан биргаликда унинг ишини кузатиб келди ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилувчи дипломатик миссияларни мунтазам хабардор қилиб турди. Апрель ойида IPHR, бизнинг ассоциациямиз ва Норвегия Хельсинки қўмитаси уни озод қилиш талаби билан қўшма мурожаат эълон қилди. Октябрь бошида эса унинг иши ЕХҲТнинг Варшавадаги Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси учун тайёрланган қўшма баёнотда кўтарилди. Саломованинг тақдирига нисбатан халқаро эътибор у сақланган бутун давр мобайнида давом этди”, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.

“Шахиня Королева” тахаллуси остида фаолият олиб борган блогер YouTube, Фейсбук ва Телеграмдаги саҳифаларидаги чиқишларида Ўзбекистон Адлия вазирлиги, прокуратура, суд, вилоят ва айниқса Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимларини ҳам танқид қилиб келган.

Шоҳида Саломова 2022 йил 18 декабрда уйидан олиб кетилган. AsiaTerra нашри ёзишича, бунга блогернинг Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаров ҳақидаги танқидий чиқишлари сабаб бўлган. Унга интернетда ҳақорат ва туҳмат қилиш айбловлари қўйилган.

Нашр маълумотига кўра, 2023 йил февраль ойида Миробод туман суди Саломовани муомалага лаёқатсиз деб топиб, уни мажбурий даволанишга юбориш ҳақида қарор чиқарган. Кейинчалик у Тошкентдаги кучайтирилган кузатув остидаги республика психиатрия шифохонасига ўтказилган.

“Саломова президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаровни очиқ танқид қилганидан кўп ўтмай, «даволаниш» учун психиатрия муассасасига тушиб қолди. У ўзининг Telegram-каналида Шавкат Мирзиёев ва унинг оила аъзоларининг фотосуратларини эълон қилиб, уларни қариндош-уруғчилик ва коррупцияда айблади. Жумладан, Саломова президентнинг кичик қизи Шаҳнозага уйланган Отабек Умаров «Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ўз уйи ёнидан қарийб 20 та ер участкаси сотиб олган ва уларнинг ўрнига катта ҳовли-жой қурмоқчи» эканини маълум қилган”, дейилади AsiaTerra мақоласида.

Бу ҳақда Озодликнинг икки йил аввалги “Otabek Umarov o’nlab million dollarlik qasrni qaysi puliga quryapti?” номли суриштирувида ҳам айтилган.

Саломованинг қамалишига сабаб сифатида кўрсатилаётган бу иддаолар юзасидан Умаров муносабат билдирмаган.

“Биз Саломованинг узоқ муддат изоляцияда сақланишини ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум қилиш ва очиқ танқидга жавобан жазоловчи психиатрия қўлланилиши деб баҳолаймиз. Саломова мажбурий даволаниш заруратига бир неча бор эътироз билдиргани бизга маълум. Биз олган маълумотларга кўра, даволанишни давом эттириш зарурати баҳоланганда унинг эътирозлари ва адвокати келтирган далиллар тегишли даражада кўриб чиқилмаган. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ўзгартириш ёки бекор қилиш суд томонидан тиббий хулоса асосида амалга оширилади. Шунинг учун унинг ҳозирги ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш учун суднинг сўнгги қарорини олиш керак. Бизда эса ҳозирча бундай имконият йўқ. Шу сабабли мажбурий чоралар бекор қилинганми ёки фақат уларни қўллаш шакли ўзгартирилганми — бу ҳали аниқ эмас. Ёпиқ муассасадан чиқарилишнинг ўзи реабилитация қилинганини ва барча ҳуқуқлари тўлиқ тикланганини англатмайди”, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.

Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси Саломова иши юзасидан расмий изоҳ берган. Унга кўра, "1970 йилда туғилган А. Г. ариза билан мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқларда унга туҳмат қилиб, ҳақорат қилган ижтимоий тармоқ фаоли фуқаро 1962 йилда туғилган Шоҳида Саломовага нисбатан қонуний чора кўришни сўраган."

Атаеванинг фикрича, Саломовани қарийб тўрт йил давомида психиатрия муассасаларида сақлашнинг қонунийлиги текширилиши керак. У Ўзбекистон Бош прокуратурасини ишни ўрганиб, мажбурий даволанишга жойлаштириш ва уни давом эттириш учун етарли ҳуқуқий асослар бўлган-бўлмаганига баҳо беришга чақирмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, Саломованинг ҳуқуқларини тиклаш учун унинг ҳозирги ҳуқуқий мақомини аниқлаш, суд қарорларини ўрганиш ва адвокатининг иш материаллари билан танишиш имконини таъминлаш муҳим.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ўзбекистонликларга кўпроқ сўз эркинлигини ваъда қилди. Маҳаллий матбуот жонланди, ижтимоий муаммолар муҳокамага олиб чиқилди. Ўзбекистон халқаро матбуот эркинлиги рейтингида бир неча поғона юқорилади. Аммо орадан кўп ўтмай, блогер, журналист ва тармоқ фаолларига нисбатан босимлар кучайди. Президентни ҳақорат қилгани учун 10 дан ортиқ одам қамоққа ташланди. Каримов давридаги каби қўрқув муҳити қайтди. Озодлик Мирзиёев президентлиги даврида ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ва босимга учраган 100 дан ортиқ журналист, блогер ва фаолларнинг ишини ҳужжатлаштирган.

“Шоҳида Саломованинг озодликка чиқарилиши асло қандайдир «либераллашув»дан далолат бермайди. Қатағон ва қўрқитиш воситаси сифатида қўлланиладиган жазоловчи психиатрия муаммоси ҳали ҳам мавжуд. Бундан ташқари, мажбурий равишда шифохонага жойлаштирилаётган одамлар сони ҳатто ортиб бормоқда”, дейилади AsiaTerra мақоласида.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

​
XS
SM
MD
LG