Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:51

Фарғоналик ҳайдовчилар: ЙҲХБ Қўқон фестивали арафасида ҳаммага жарима солмоқда


Фарғона вилоят, Қўқон шаҳрида икки ҳафтадан буён Йўл ҳаракати хавфсизлиги рейдлари ўтказилмоқда.

Фарғоналик ҳайдовчилардан олинган бу хабарни вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Қўқон шаҳридаги 3- отряд Ахборот-диспетчерлик маркази ходими​ тасдиқлади.

Фарғоналик ҳайдовчиларнинг иддао қилишича, Қўқонда ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик ишларини молиялаш учун, уларга рейдлар давомида жарималар солинмоқда.

​Бироқ вилоят ЙҲХБ мулозимининг айтишича, рейдлар фестиваль олдидан ўтказилаётган "Тозалаш" тадбири, холос.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев 16 июль куни Қўқонда ўтказган йиғилишда 10-15 сентябрга режалаштирилган Халқаро халқ ҳунармандчилиги фестивалига тайёргарлик масаласи кўтарилди.

Йиғилишда қатнашган, қўқонлик, касби ҳайдовчи фаоллардан бири (шахси очиқланмаслигини сўради) шаҳарни ободонлаштириш ишларига Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси ходимларини жалб қилиш топширилгани айтаркан, бундай деди:

- Йиғилишда ҳоким Қўқонда бўлиб ўтадиган фестивалга яқин қолгани ва шаҳар кўчаларини асфальт қилиш кераклигини гапирди. Бунга кетадиган маблағ йўқлигидан бу ишлар ГАИ ходимларига юклатилганини айтган. Мана ўшандан бошлаб катта рейдлар ўтказилмоқда, кўчаларда ГАИлар жуда ҳам кўп, ҳар бир машинани тўсишаяпди ва штрафнойга тиқишяпти. Бюджетда пул йўқ бўлса, нима бор эди фестиваль ўтказишга? Буни ҳам энди шофёрлар қилиб берамиз эканда?!

Бу гапларни айтган ҳайдовчига кўра, Қўқонда рейдлар бошланганига иккинчи ҳафта бўлаяпти.

“17 июлдан бошланган эди рейдлар”.

Фарғона вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Қўқон шаҳридаги 3- отряд Ахборот-диспетчерлик маркази ходимининг Озодликка билдиришича, рейдлар фестиваль олдидан ўтказилаётган "профилактика тадбири"дир:

- Худди шундай! Қўқон шаҳрида “Тозалаш” тадбири бўлаяпти. Шунинг учун рейдлар ҳам давом этаяпти.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир неча ҳайдовчи ҳам Фарғона вилояти йўлларида давлат автомобиль назорати ходимлари "облавалари кучайганини" айтди.

Фарғоналик ҳайдовчилардан бири 28 июль куни унга 202 000 сўм миқдорида жарима солинганини билдирди:

- Ҳайдовчиларни бесабаб тўхтатаётган ГАИ ходимлари бесабаб жарима ёзмоқда. Кеча дадам билан машинада кетаётганимизда Данғарадан Охун деган ходим тўхтатди. Нима учун жарима ёзаётганини сўрасам, "Вилоят хокимининг буйруғи бу, Қўқондаги фестивалга моддий тарафдан ёрдамлашиб юборинглар яхшиликча, бўлмаса машинангизни жарима майдонига олиб кириб қўяман. Айб топаман десам – аптечкангиздан, машинангиз тутунидан, балонингиз ёзги-қишкисидан баҳона топиб, стоянкага олиб кириб қўяман!", деб пўписа қиляпти. Ҳамма ҳайдовчига бир хил – 202000 сўмдан жарима ёзишяпти.

Очиқчасига “фестивалга беринг” деди! Ҳарна шу фестивалга кетади, деб штрафини тўлаб қўявердим. Лекин қамбағал ҳайдовчилар нима қилади?! Вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович фарзандларимизнинг ризқи эвазига Қўқонни обод қилмоқчими? Бу ишларни Шавкат Миромонович билармикинлар?!

Қўқонда таксичилик қилаётган Маҳмуджон рейдларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани ҳайдовчилар ғазабини қўзғамоқда, дейди.

- Битта-иккита точка бор - у ерда доимо турарди. Лекин охирги пайтларда тўхтатишлар кўпайиб кетди. Одамлар норози бўлаяпти! “Мана буни тўс, буни тўс” деб, ҳар ўтган 3-4 машинани тўхтатяпти. Одамларнинг меъдасига тегиб кетяпти. Фоторадарларни йўл бўйларига қўйиб қўйган. Лекин, тўхтатганидан кейин, айбини албатта топяпти! Ишдан қайтаётганда қўрқиб турамиз. Ҳамма нарса меъёрда бўлиши керак, - деди Маҳмуджон.

Айни дамда, ҳукумат қарори билан, 2019 йил, 1 августдан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун деярли барча жарималар бир неча баробарга оширилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги 3991-сонли қарорига асосан жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади.

Ҳунармандлар фестивали ташкилотчилари расмий сайтида кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиб, фестивални молиялаштириш масаласида изоҳ олиш имкони бўлмади.

Фестиваль расмий сайтида тадбир ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши, унга 60 дан ортиқ мамлакатдан турли йўналишларда 1000 дан зиёд чет эллик ҳунарманд келиши, 1600 га яқин маҳаллий ҳунармандлар иштирок этиши айтилади. Қўқоннинг тарихий марказида каштачилар, ўймакорлар, мисгарлар, зардўзлар "шаҳарчалари" ва бошқа ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ҳудудлар ажратилгани маълум.

Шунингдек, кўргазмада фольклор-этнографик шоулар ва театр томошалари намойиш этилиши кўзда тутилган. Фестиваль Қўқон шаҳридаги “Худоёрхон” ўрдаси ва унга туташган истироҳат боғи атрофида бўлиши белгиланган.

Расмий маълумотга кўра, Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ташкилотчилари ва ҳомийлари қаторида Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG