Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 07:36

Қўнғир айиқнинг ўлдирилиши: Фаоллар ноёб ҳайвонларни овлашни тақиқлашга чақирмоқда 


Тошкент вилоятида россиялик овчи Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган Тяншан қўнғир айиғини отиб ўлдиргани фаоллар ғазабини келтирган.

Ўзбекистондаги ҳайвон ҳуқуқлари ҳимоячилари "Қизил китоби"га киритилган ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни пул эвазига ва бошқа кўнгилочар мақсадларда овлашга рухсат берувчи қонун бекор қилинишини талаб қилиб чиқди.

Тошкент вилоятида россиялик овчи Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган Тяншан қўнғир айиғини отиб ўлдиргани фаоллар ғазабини келтирган.

“Ўзбекистоннинг “Қизил китоб”га кирган Тяншан айиғини овчи мутлақ қонуний равишда ўлдирган. Афсуски, бизнинг экологик қонунчилигимиз овчиларга ёввойи ноёб ҳайвонларни пул эвазига ўлдириб, ундан завқ олишларига изн беради. Бунга чек қўйиш керак”, - дейди Тошкентдаги “Живая планета” ҳайвон ҳимоячилари жамияти фаоли Анастасия Ташилова.

Россиялик овчи Евгений Широковнинг “Қизил китоб”га киритилган қўнғир айиқнинг қонга беланган суратини тармоқларга жойлаши ўзбекистонликларни ғазабга келтирди.

Норозиликларга жавобан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси россиялик овчига тўлов эвазига расман рухсат берилганини айтиб чиқди.

Ҳодиса Ўзбекистонда ноёб ҳайвонларни овлаш ва ёввойи табиатни асраш билан боғлиқ қатор саволларни ўртага чиқарди.

“Қизил китоб”га кирган ҳайвонларни ўлдириш тақиқланади, дейилган. Бошқа томондан, мамлакат қонунлари маълум тўлов эвазига уларни овлашга, ўлдиришга рухсат бериб қўйибди”, - дейди Ташилова.

Ўзбекистон Вазирлар Махкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарорида Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни овлаш маълум тўлов эвазига Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси рухсатномалари ва белгилаган квоталари асосида амалга оширилиши айтилган.

“Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонунда эса, Ўзбекистон "Қизил китоб"ига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган сут эмизувчилар турлари бўйича алоҳида тўлов прейскуранти ҳам белгиланган.

Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни овлаш учун нархлар рўйхатида Тяншан қўнғир айиғини илмий, тиббий ва назорат мақсадида тутиш учун ўзбекистонликларга қарийб 20 миллион сўм, спорт, ҳаваскорлик ва ўлжа олиш мақсадида тутиш учун эса, 25 миллион сўмгача тўлов белгиланган.

Хорижлик фуқаролар бундай ноёб ҳайвонни овлаш учун 3 минг доллар миқдорида тўлов қилиши кифоя.

Қонун нафақат ноëб айиқ¸ балки бошқа жонзотларни ҳам овлашга изн беради.

Масалан, холдор йўлбарс ва қоплон ҳамда илвирсни чет эллик овчи Ўзбекистонда 20 минг доллар тўлаб, отиб ўлдириши мумкин.

Хонгул кийиги¸ Туркистон силовсини каби “Қизил китоб”га кирган ҳайвонларни овлаш ҳақи 7000 АҚШ доллари қилиб белгиланган.

Ўзбекистон Экология қўмтитаси расмийлари Россия фуқароси Евгений Широковга 3 минг АҚШ доллари эвазига иккита айиқни отиш учун шу йилнинг 31 декабргача лицензия берилганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Экология қўмтитаси Россия фуқароси Евгений Широковга иккита айиқни отиш учун шу йилнинг 31 декабргача лицензия берган.
Ўзбекистон Экология қўмтитаси Россия фуқароси Евгений Широковга иккита айиқни отиш учун шу йилнинг 31 декабргача лицензия берган.

“Иккинчи айиқни ўлдиришга рухсатнома тўхтатилди”

Экология қўмитасининг Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий худудлар масалалари бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов 18 май куни Озодлик билан суҳбатда Тяншан қўнғир айиғининг ўлдирилиши “мутлақо қонуний” бўлгани, лекин жамоатчилик эътирози инобатга олиниб, овчига иккинчи айиқни ўлдиришга берилган рухсатнома вақтинча тўхтатилганини айтди.

“Бўстонлиқда биттасини отди. Лекин бу қонуний бўлган. Энди бу ҳолат жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганидан сўнг иккинчи айиқни отишга руҳсат вақтинча тўхтатилди, приостановлен”, - дея таъкидлади мулозим.

Аммо Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи баъзи ҳайвонларни овлашга Ўзбекистонда умуман рухсат берилмаслигини айтди.

“Масалан, Зарафшон қирғовулини ўлдириш мумкин эмас. Яна шунга ўхшаш қирилиб кетаётган ҳайвонлар борки, уларни овлаш, ўлдириш мумкин эмас, миллион доллар тўласангиз ҳам рухсат йўқ”, - дейди Содиқов.

Тяншан қўнғир айиғи россиялик Евгений Широков Ўзбекистонда ўлдирган ягона ноёб ҳайвон эмас.

Россиялик овчи “Қизил китоб”га кирган бурама шохли эчки, қизилқум қўчқори, тоғ такаси ва Бухоро уриалини ҳам отиб ўлдирган.
Россиялик овчи “Қизил китоб”га кирган бурама шохли эчки, қизилқум қўчқори, тоғ такаси ва Бухоро уриалини ҳам отиб ўлдирган.

Ўтган йил ноябрида олинган видеода Широков “Қизил китоб”га кирган бурама шохли эчки, қизилқум қўчқори, тоғ такаси ва Бухоро уриалини отиб ўлдирганини кўриш мумкин.

2020 йилнинг февраль ойида бу ҳайвонлар БМТнинг “Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш” Конвенциясига киритилган эди.

YouTube га жойланган видеода Широков Ўзбекистонга келганида уни қимматбаҳо машиналарда кутиб олишгани, Бухоро, Сурхондарё, Бўстонлиқдаги қирларга Ўзбекистон байроғи туширилган вертолётда олиб борилгани, маҳаллий раҳбарларнинг хос меҳмони бўлганини кўриш мумкин.

У видеода Ўзбекистонда овга нарх арзон эканини ҳам завқланиб гапиради.

Широков 2020 йил бошидан буён 18 жонворни ўлдириб, Россиянинг энг зўр овчиси номини олган.

“Живая планета” ҳайвон ҳимоячилари жамияти фаоли Анастасия Ташилова Ўзбекистон фаунаси нафақат пост совет ўлкалари, балки араб мамлакатларидан келувчи пулдор овчилар учун ҳам жозиба касб этганидан ташвиш билдиради

“Афсуски, мамлакатимиз ўз фаунасини хорижлик пулдорларга улар кўнгилхушлик қилиши, ҳайвонларни ўлдириб завқ олишлари учун бериб қўймоқда. Табиатимизни сотишни бас қилайлик!, - дейди “Живая планета” ҳайвон ҳимоячилари жамияти фаоли Анастасия Ташилова.

Ўзбекистонда йўрға тувалоқ овлаш ишқида бўлган араб шаҳзодалари

Ўзбекистонда дунёнинг бошқа жойларида учрамайдиган ҳайвонот ва қушлар дунёси мавжуд. Маҳаллий қонунчилик уларни овлашни тақиқламайди.

Шу боис ҳам бу мамлакат хорижлик ов ишқибозларини ўзига тортиб келади.

Бундан олдин Озодлик Бирлашган Араб Амирликлари шайхлари Ўзбекистонда лочинлари билан йўрға тувалоқ овлагани ҳақда хабар берган.

Ўтган йил Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасидаги ернинг ноёб қушларни овлашни ҳуш кўрадиган араб шайхига арзон-гаровга берилиши маҳаллий аҳоли норозилигига учраганди.

Ўзбекистон Бош вазири фармойиши лойиҳасида Абу Даби амирлиги валиаҳди, шайх Шайх Мансур бин Заид ал Наҳаён Ўзбекистонда ноёб қушларнинг наслини кўпайтириш учун Қўнғиротда 200 гектарлик дала лагери очмоқчи экани ҳақда ёзилган.

Айни пайтда йўқолиб бораётган қушлар айнан қандай қушлар экани фармойишда тилга олинмаган.

Озодлик гаплашган қўнғиротликлар эса, араб шайхлари Устюрт ялангликларида Қизил китобга кирган йўрға тувалоқларни кўпайтириб¸ уларни лочин ёрдамида овлаш режасида эканини айтишган.

Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистон чўлларидаги ноëб қушларни овлашга ишқи тушган ягона араб зодагони эмас..​

2019 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров Навоий вилоятида йўрға тувалоқларни овлагани келган Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактумни шахсан кутиб олган эди.

Ўз лочинлари билан келган шаҳзодага Отабек Умаров ва Шавкат Мирзиёевнинг яна бир куёви - Ойбек Турсунов ҳамроҳлик қилгани ва уларга зиёфат қилиб бергани ҳақида Озодлик хабар берган.

Халқаро "Қизил китоб"га киритилган йўрға тувалоқларни ов қилган шайхнинг ўнлаб лочинлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоғининг бизнес салонида Тошкентдан қайтиб кетаëтгани видеоси тармоқларда баҳсларга сабаб бўлган.

Европа мамлакатларида ноëб ҳайвонларни катта пул эвазига ҳам овлаш мумкин эмас.

XS
SM
MD
LG