Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Қўшни давлат ОТМдан ўқишини кўчираëтган ўн минглаб талаба 2-семестрда кўчада қолиши мумкин


Фарғона Политехника институтига қўшни давлатлардан қайтган талабалар ҳужжат топшириш учун туришибди. 2020, 12 февраль.
Фарғона Политехника институтига қўшни давлатлардан қайтган талабалар ҳужжат топшириш учун туришибди. 2020, 12 февраль.

Ўқишини Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги олий ўқув юртларидан Ўзбекистонга кўчираётганларнинг ҳужжатларини қабул қилаётган Ишчи гуруҳлари қайтган талабалар ўқишни қачон бошлашини билмаяпти.

Қайтмоқчи бўлаётган талабалар ўқиётган давлатлар расмийлари ва ўқув юртлари раҳбарлари ўқишни ўқув йили ўртасида кўчириб бўлмаслигини айтмоқда. Уларнинг айтишича, талабаларга рейтинг дафтарчасидан кўчирмалар берилгани, уларнинг талабалар сафидан чиқарилганини англатмайди.

Сирдарёлик Шаҳриёр ва сурхондарёлик Наврўзнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш жараёнини Озодлик 3 кундан буён кузатмоқда.

Чимкент - Гулистон - Чимкент

13 февралда Чимкентдаги Silkway халқаро университетининг Рус тили ва адабиёти факультети 1-курси талабаси, сирдарёлик Шаҳриёр 12 февралда қўлига теккан “Silkwayда ўқияпти” деган маълумотнома билан ўзи яшайдиган Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетига борди. Лекин Шаҳриёрнинг маълумотномасини Ишчи гуруҳи қабул қилмади. Озодлик боғланган пайтда Шаҳриёр яна Чимкентга қараб кетаётган эди: у Гулистон талаб қилган транскриптни олиб қайтмоқчи.

Душанбе - Термиз

13 февралда Душанбедаги Садриддин Айний номидаги педагогика университети Педагогика факультети 1- курс талабаси, сурхондарёлик Наврўз 12 февраль, куннинг иккинчи ярмида қўлига теккан ҳужжатларини Термиз давлат университети Ишчи гуруҳига топширди. Наврўзнинг айтишича, Ишчи гуруҳи вакили бундай деган:

“15 мартдан 20 мартгача ким қайси факультет ва қайси группада ўқишини ҳал қиламиз ва шундан кейин сизга телефон орқали хабар берамиз, дейишди”.

Ўқиш қачон бошланиши номаълум

Қайтаётган талабаларни қабул қилаётган ОТМлардан бири – Наманган муҳандислик технология институти Ишчи гуруҳи вакилининг Озодликка 13 февралда билдиришича, ҳужжатлар қабул қилингани уларни топширган талаба ўқишга қабул қилинди дегани эмас:

”Ҳужжатларни Олий таълим вазирлигида тузилган комиссия кўриб чиқади ва қарор қабул қилади. Ўқишнинг қачон бошланиши маълум эмас”.

Қайтганлар ўқишни қачон бошлаши тўғрисида Гулистон давлат университети Ишчи гуруҳи вакили ҳам аниқ гап айтмади.

Шаҳриёрнинг ҳужжати нега қабул қилинмади?

Бу савол жавоби ҳамда масаланинг қуйида баён қилинадиган бошқа бир муҳим жиҳатини тушуниш учун маълумот:

Гулистон давлат университети Ишчи гуруҳи вакилининг билдиришича, қайтаётган талаба ўзи шу пайтгача ўқиган ОТМдан:

1. Академик маълумот (ОТМ муҳри босилган бўлиши лозим)

2. Транскрипт (қайси фанлар бўйича таълим олгани ва қандай баҳо олгани тўғрисида маълумотнома) ёки рейтинг (зачёт) дафтарчасини (асл нусхаси ёки муҳр билан тасдиқланган нусхаси) олиб келиши лозим.

Шаҳриёр эса, бу ҳужжатларни эмас, “Чимкентдаги Silkway халқаро университетида ўқияпти” деган маълумотнома билан келган ва у ҳужжат ўрнига ўтмаган.

Транскрипт берилгани талаба рўйхатдан чиқарилди дегани эмас

Айни пайтда, Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлаётган талабалар ўқиётган давлатлар расмийлари ва ўқув юртлари раҳбарлари академик маълумотнома ва рейтинг дафтарчасидан кўчирма берилиши талаба талабалар сафидан чиқарилди дегани эмас, бинобарин, бу талабалар камида ўқув йили охиригача ўқиётган ОТМ ҳисобида қолади, чунки ўқув йили ўртасида кўчириш мумкин эмас, демоқда.

Чимкентдаги Silkway халқаро университетининг раҳбарларидан бири (ўзини таништиришни истамади, бироқ университет ректори Ирина Ефимова 11 февралда куни Озодлик саволларига жавоб берган эди) бундай деди:

“Транскрипт талабага у истаган вақтда берилиши мумкин. Лекин бу ҳужжатнинг берилиши талаба кўчирилди, дегани эмас. Кўчириш таътил вақтида амалга оширилиши мумкин, ўқув йили ўртасида эмас. Ҳозир февраль эканлигидан келиб чиқсак, демак талаба баҳорги сессияни топширганидан кейин кўчиши мумкин. Ҳозир эмас. Бу меъёр барча курслар талабалари учун бир хилдир”.

Қирғизистон Таълим вазирлиги расмийси Гулмира Абилқасимова 13 февралда Озодлик саволларига жавоб бераркан¸ Қирғизистондаги ОТМлар ўзбекистонлик талабалар сўраётган академик маълумотномалар ёки транскриптларни дарҳол бераётганини, лекин бу талаба талабалар сафидан чиқарилганини англатмаслигини айтаркан, деди:

“Наҳотки, Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз таълим жараёнини бузиб, ўқув йили ўртасида қабул қилишса? Қоидани бузиб, мартнинг охирида талаба қабул қилишмаса керак, деб ўйлайман”.

Гулмира Абилқасимованинг айтишича, талабанинг Ўзбекистонга кўчирилиш жараёни истайдими-йўқми – ўқув йили охиригача чўзлиб кетади: Ўзбекистондаги ОТМ қайтган талабани ўз партасига ўтқазиб олган тақдирда ҳам, унинг асосий ҳужжатлари олдинги (Тожикистон, Қирғизистон ёки Қозоғистондаги) ОТМда қолган. Ўша ҳужжатларни сўраб хат юборилиши, хат ўрганилиб, жавоб берилиши керак ва бунинг ҳаммаси вақт олади.

Гулистон давлат университети Ишчи гуруҳи вакилининг Озодликка айтишича, талабаларни ўқув йили ўртасида кўчириш масаласини Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги қўшни мамлакатлардаги турдош вазирликлар билан келишган.

Озодликнинг “Сиз шундай ўйлаяпсизми ёки сизларга шундай маълумот берилганми?” деган саволига Ишчи гуруҳи аъзоси “Бизга шундай дейишди”, деб жавоб берди.

Вазирликлар ўртасида келишув бўлмаган

Қирғизистон Таълим вазирлиги расмийси Гулмира Абилқасимованинг айтишича, у ишлайдиган вазирликка бу масалада ҳеч қандай расмий хат, билдирув келмаган. Ҳеч қандай келишувга эришилмаган:

"Такрор айтаман: биз расмий мактуб олган эмасмиз. Фақат бугун (13 февраль) Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан "агар ҳужжатларини сўрашса, кечиктирмай беришингизни тавсия қиламиз", деган мазмунда хат келди, холос. Ўзбекистондан ҳатто оддий билдирувнома ҳам олганимиз йўқ".

Қирғизистон Таълим вазирлиги расмийси Гулмира Абилқасимова суҳбат охирида бундай деди:

- Биласизми, бу ишни ўқув йили ўртасида қилишнинг нима кераги бор эди?! Тушунолмай хайронман, ақлим етмаяпти...

Озодлик: Бу савол жавобини бир ҳафтадан бери излаяпмиз, топганимиз йўқ.

- Майли, кетмоқчи бўлишса, ҳужжатини олиб кетаверишсин. Бироқ унда нима учун чегараларни очишди? (кулиб) Ҳамкорлик қани? Дўстлик қани?

  • 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш муддатини 15 мартга қадар узайтирди.
  • Вазирлик ўз қарорини “талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсади” билан изоҳлаган.
  • Вазирнинг 6 февралдаги буйруғида муддат 7 февралдан 15 февралгача қилиб белгиланган эди.
XS
SM
MD
LG