Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:34

Бир туманда уч ўқувчи ҳомиладор бўлгани ортидан ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида мактаб ўқувчиси бўлган уч қизнинг ҳомиладорлиги аниқланган, аммо халқ таълими бўлими бу маълумотни жамоатчиликдан яширишга уринмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиосига Самарқанд вилояти тиббиёт бошқармаси ходими хабар берди.

Тиббиёт бошқармаси ходимига кўра, шу муносабат билан тумандаги барча мактабларда ўқувчи қизлар шошилинч равишда УЗИ воситасида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Тойлоқ туман ҳокимиятининг масъул лавозимдаги вакили балоғатга етмаган қизлар ўртасида ҳомиладорлик ҳолатлари аниқланганини тасдиқлади, аммо қизлар мажбурий равишда УЗИдан ўтказилаётганини инкор қилди.

"Тойлоқда уч нафар мактаб ўқувчиси ҳомиладор бўлиб қолган"

Самарқанд вилоят тиббиёт бошқармаси мулозимининг (исми айтилмаслигини сўради) айтишича, Тойлоқ туманида шошилинч ва мажбурий тарзда мактаб ўқувчилари бўлган қизларни УЗИ кўригидан ўтказишмоқда:

“Бунга туманда мактаб ўқувчилари бўлган қизлар ўртасида ҳомиладорлик ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлди.Шу кунларда уч нафар балоғатга етмаган қиз ҳомиладор бўлиб қолгани аниқланди. Шу сабабдан барча мактабларга қизларни зудликда, шошилинч тарзда УЗИдан ўтказишга кўрсатма берилган”.

Тойлоқ туманидаги ҳомиладор қизлардан бири аниқланган мактабда ишловчи ўқитувчи ҳам бу маълумотни тасдиқлади:

“Ҳа, мактабларда шу масалада мажлислар ўтказилди. Ўқувчи қизлар орасида бир қанча ҳомиладорлар аниқланибди. Лекин аниқ сонини айтишмади. Р... маҳалласидаги (маҳалла номи Озодликка маълум-таҳр.) ҳомиладор қизни маҳалла тўй қилиб, турмушга чиқараяпти. Қолганлар ҳақида гапиришмади”.

Расмий: "Ўқувчилар ўртасида хомиладорликни аниқлаш мақсадида УЗИ қилинаяпти деган гап нотўғри"

Тойлоқ туман ҳокимиятининг масъул лавозимдаги вакили Озодлик мухбирининг бу борадаги саволларига жавоб берар экан, балоғатга етмаган ҳомиладор қизларнинг аниқ сонини айтишдан қочди, айни пайтда уч нафар ўқувчи қиз ҳомиладор бўлиб қолгани тўғрисидаги маълумотни инкор ҳам этмади.

“Уларнинг ёшлари 17га ва 17,5 га яқинлашиб қолган. 1 сентябрдан бошлаб турмушга чиқиш ёши қизлар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Шунинг учун турмушга узатишади. Улар ўз ихтиёрлари билан бу ишни қилган, ҳеч ким мажбурламаган. Тумандаги қолган мактаб ўқувчилари бўлган қизлар ўртасида ҳомиладорликни аниқлаш ва олдини олиш учун УЗИ қилинаяпти деган гап нотўғри. Бу навбатдаги тиббий текширув. Ҳар олти ойда бир марта ўқувчиларни мана шундай текширувдан ўтказамиз. Ҳозир 7-8-9 синф қизларини УЗИ кўригидан ўтказаяпмиз”, деди расмий.

Бироқ у тиббий текширувдан нега барча ўқувчилар эмас, фақат қизлар ўтказилаётгани тўғрисидаги саволга жавоб беришни истамади.

Танзила Норбоеванинг статистикаси

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда балоғатга етмаган қизлар ўртасида ҳомиладорлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева чиқишларидан бирида 2019 йилнинг 6 ойида вояга етмаганлар орасида 46 та, 2018 йилда эса 32 та ҳомиладорлик ҳолати қайд этилгани ҳақида гапирган эди.

Сенат раиси ўшанда: "“Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунда болаларнинг жинсий тарбияси ҳақида ҳам модда бор. Унда жинсий тарбия ва уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказиш ҳақида айтилган. Аммо амалда нима кўрилмоқда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳали ҳеч нарса қилинмаган, таълим вазирликларида ҳам бу борада ўзгаришлар кузатилмаяпти. Бу борада ҳеч ким дунёқарашини ўзгартирмаган”, деб танқид қилган эди.

БМТ статистикаси

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилда эълон қилган ҳисоботига қараганда, ҳар йили дунёда 17 миллион ваояга етмаган қиз ҳомиладор бўлади. Эрта ҳомиладорлик ўсмир қизлар орасидаги ўлимнинг асосий омили ҳисобланади.

БМТнинг тадқиқотида айтилишича, эрта ҳомиладорлик ривожланаётган мамлакатларда катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, ҳар йили дунёда балоғат ёшига етмасдан хомиладор бўлиб қолган етти миллиондан кўпроқ қиз ҳаётдан кўз юмади. Уларнинг икки миллиони 14 ёшгача бўлган қизлардир.

Ўзбекистонда вояга етмай туриб ҳомиладор бўлиб қолган қизлар ўртасида ўлим ҳолатлари бўлгани тўғрисида очиқ маълумотлар мавжуд эмас.

Мутахассис: "Мактабларда жинсий тарбия дарсларини жорий этиш керак"

Халқаро ташкилотларнинг ташвишли ҳисоботларига қарамай, Ўзбекистон мактабларида жинсий тарбия дарслари ҳалигача мавжуд эмас.

““Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида да болаларга жинсий тарбия бериш ва оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказиш назарда тутилган. Аммо мактабларда жинсий тарбия дарсларини киритиш ҳақида ҳеч бир қарор ёки қонунда назарда тутилмаган. Шунинг учун мактабларда йилда бир неча маротаба фақат поликлиника шифокорлари, Оила марказлари ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида қиз болалар учун тадбирлар ўтказиб турилади. Бу тадбирларда қизларни оилага тайерлаш, эрта турмушга чиқишнинг олдини олиш ва эрта ҳомиладорликнинг олдини олиш ҳақида гап бўлади. Бироқ ўғил болалар учун бундай тадбирлар деярли йўқ”, деди халқ таълими тизимида ишловчи мутахассислардан бири.

Унга кўра, бу каби тадбирларни нафақат қизлар орасида, балки ўғил болалар ўртасида ҳам ўтказиш зарур.

“Аслида, мактабларда жинсий тарбия дарсларининг киритилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Миллий жиҳатларимизни ҳисобга олиб, бу дарсларни қизлар учун алоҳида, йигитлар учун алоҳида ўтказилса, бўлаверади. Жинсий тарбиянинг мавжуд эмаслиги ортидан қизлар ҳомиладор бўлиб қолаяпти, ўғил болаларда бепуштлик юзага келиши мумкин. Жинсий тарбия фанининг киритилиши турли касалликларнинг олдини олишга ҳам катта хизмат қилган бўларди. Афсуски, бугунги кунда бу борада дарсликлар ҳам, педагог мутахасислар ҳам йўқ”, деб хулоса қилди халқ таълими тизимида ишловчи мутахассис.

XS
SM
MD
LG