Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 13:27

Хоразмлик йигит: Янгибозор ИИБсида мени калтаклаб, елим тўқмоқ билан зўрламоқчи бўлишди (ВИЕДО)


Шовот тумани касалхонасида ётган Бунёд Сапаев 16 август куни Озодлик билан суҳбатда Янгибозор тумани милиция бўлимида калтакланиши оқибатида боши, буйраги ва мояги шикастлангани, сия олмайдиган бўлиб қолганини айтди.

Шовот туманилик (Хоразм вилояти) 25 яшар қассоб Бунёд Сапаев 15 август оқшомида Янгибозор туман ички ишлар бўлимида терговчилар томонидан аёвсиз калтакланганини иддао қиларкан, олган жароҳатлари туфайли Шовот туман шифохонасига тушганини билдирди.

Сапаевнинг иддаосича, милиция ходимлари бир ёш аёлнинг шикояти асосида уни ўғирликда гумонлаб уйидан олиб кетишган ва милиция бўлимида айбни бўйнига қўйиш учун "тўрт соат давомида дўппослашган, орқасига дубинка тиқиш билан" таҳдид қилишган.

Шовот туманидаги маҳалла участка нозирининг Озодликка билдиришича, Сапаев билан боғлиқ воқеа юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда, аммо жиноят иши очилмаган.

Воқеа рўй берган Янгибозор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари эса Озодликка изоҳ беришдан бош тортди.

Хоразмлик йигит: Янгибозор ИИБсида мени калтаклаб, елим тўқмоқ билан зўрламоқчи бўлишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Шовот туман касалхонасида ётган Бунёд Сапаев 16 август куни Озодлик билан суҳбатда Янгибозор туман ички ишлар бўлимида калтакланиши оқибатида боши, буйраги ва мояги шикастлангани, сия олмайдиган бўлиб қолганини айтди.

Ўзбек йигит: ИИБда мени калтаклаб, елим тўқмоқ билан зўрламоқчи бўлишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00

- Ҳозир Шовот туман касалхонасида ётибман. Сийишга қийналяпман, катетер (махсус найча) қўйишган. Бундай ҳолатга тушиб қолишимнинг сабаби шуки, кеча мени Янгибозор ИИБсида милиция ходимлари калтаклашди. Тўрт соат давомида икки-уч хонага киргизиб уришди, эшак қилиб устимга миниб олиб бошимдан, почкамдан уришди. "Ўғирланган пулни олиб келасан, кейин қўйиб юборамиз" дейишди. Жиноят қидирув бўлимининг каттаси, исми Дилмурод, яна бирининг исми Сарвар. "Пулни олиб келмасанг, кетингга дубинка тиқамиз", дейишди. Ҳушимдан кетиб қолганимдан сўнг милиционерлар "Тез ёрдам" чақиришган. Ўзимга келганимдан кейин "Тез ёрдам" қайтиб кетди, мени эса уйга қўйиб юборишди, - деди Бунёд Сапаев.

Янгибозор Ички ишлар бўлимига "Тез ёрдам" чақирилганини Бунёд Сапаев устидан арз қилган ёш аёл ҳам Озодликка айтди.

Айни пайтда Янгибозор туман "Тез ёрдам" станциясидан олинган маълумотга қараганда, 15 август оқшомида туман ИИБга чақирув бўлгани қайд этилмаган.

Янгиобод ИИБдан чиқиб Шовотга - уйига борганида Бунёднинг ота-онаcи ўғлининг аҳволини кўриб, қайтадан "Тез ёрдам" чақиришади.

Озодликка тақдим этилган "Тез ёрдам" кузатув варақасида Бунёд Сапаев танасида жароҳат излари, мия чайқалиши белгилари борлиги ёзилган.

Бас, шундай экан, нега "Тез ёрдам" Сапаевни ИИБдан олиб кетмади? Бу саволни Янгиобод туман "Тез ёрдам" станциясига беришнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Бунёд Сапаевнинг тез ёрдам кузатув варақаси.
Бунёд Сапаевнинг тез ёрдам кузатув варақаси.

Шовот туман шифохонаси врачларидан бири Бунёд Сапаевнинг боши жароҳатлангани, почкаси шикастланганини тасдиқлади, аммо аҳволи яхши эканини айтди.

- Боши лат еган, лекин мия чайқалиши йўқ. Сознанияси яхши. Ҳозир томография қилдирдик, натижалари яхши чиқиши керак, тузалиб кетади, - деди шифокор.

Бунёд Сапаев сийишга қийналаётгани боис, катетер (махсус найча) қўйишганини айтди.
Бунёд Сапаев сийишга қийналаётгани боис, катетер (махсус найча) қўйишганини айтди.

Бунёд Сапаевнинг қариндошларидан бири ҳодиса юзасидан Шовот тумани Ички ишлар бўлимига шикоят қилишгани, аммо улар ишни бости-бости қилишга уринаётганликларини айтди.

- Участкавой келиб Бунёддан тушунтириш олди, лекин ишни бости-бости қилишга уринишяпти улар. Менга "милиция билан ўчакилашманг", деб ҳам айтишди. Шунинг учун ҳозир биз вилоят ички ишлар бошқармаси порталига ёздик. Бу ишни тергов қилишларини хоҳлаяпмиз, керак бўлса вазирликка ҳам чиқамиз, - деди Бунёд Сапаевнинг тоғаси.

Шовот туман Ички ишлар бўлими навбатчиси Бунёд Сапаевнинг калтакланиши юзасидан суриштирув бўлаётгани, лекин жиноят иши очилмаганини айтди.

Воқеа содир бўлган Янгибозор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари эса, қўполлик билан Озодликка изоҳ беришдан бош тортди.

Бунёд Сапаевнинг айтишича, янгибозорлик 24 ёшли қиз 1000 доллар пулини ўғирлагани ҳақида Ички ишлар бўлимига уни устидан арз қилган.

Аммо, Сапаев пул ўғирламаганини айтади.

-У қиз билан милициянинг тили бир бўлса керак. Чунки уришган пайти у ҳам милиция бўлимида эди, - дейди Сапаев.

Милиция ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

  • Шу йилнинг 14 март куни хоразмлик қурувчилар Исломжонобод Ражапов ва Маъмурбек Матчонов Хиванинг “Ичан қалъа” тарихий комплекси ҳудудида ўзини Фахриддин деб таништирган милиция майоридан халқ билан яхши муомала қилишни сўрагани ортидан, майор ўзи ва шеригини дўппослаганини Озодликка сўзлаб берган эди.
  • 7 март куни Қашқадарёнинг Косон туманида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони 59 ёшли Олим Мустафоев "милиция ходимлари ўзини дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани" ҳақида Озодликка шикоят қилганди.
  • Сурхондарё вилоят, Олтинсой туман, Миршоди ҚФЙнинг “Обод турмуш” маҳалласида яшайдиган 23 яшар Акмал Эсонов эса 27 февраль куни уч нафар профилактика инспектори уни дўппослаб, бурнини синдиргани ҳақда Озодликка арз қилганди.
  • 2018 йилнинг октябрида эса Бухорода яшовчи 46 ёшли мардикор Рустам Мавлонов "милиция зобити ўзини дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани" ҳақида Озодлик хабар бергач, туман прокуратураси суриштирув ўтказган, Мавлоновни калтаклаган милиция ходимлари ишдан ҳайдалган эди.
  • 2018 йилнинг июнида эса, Қашқадарёнинг Китоб туманида ҳомиладор аёл милиция зобити ўзини калтаклаши оқибатида қорнидаги ҳомиласидан ажралиб қолиш хавфини бошидан кечирган ҳақида Озодликка шикоят қилганди.
XS
SM
MD
LG