Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 08:21

Марҳаматда "Обод маҳалла" қуриш учун уйи бузилганлар вайроналар орасида яшамоқда


Марҳамат тумани Мустақиллик кўчасидаги юзга яқин уй “Обод маҳалла” дастури доирасида апрел ойида бузиб ташланган.
Марҳамат тумани Мустақиллик кўчасидаги юзга яқин уй “Обод маҳалла” дастури доирасида апрел ойида бузиб ташланган.

Андижон вилоят, Марҳамат туман марказидаги Мустақиллик кўчаси аҳли "тўрт ойдирки вайроналар ичида яшаётганини" айтмоқда.

Туман ҳокимлиги расмийларига кўра, уйларни бузиш “Обод маҳалла” лойиҳаси доирасида амалга оширилаяпти.

Лойиҳа бўйича Мустақиллик кўчасида бузилган уйлар ҳисобидан йўллар кенгайтирилади, у ерда яшовчиларга "Обод маҳалла" дастури доирасида "икки қаватли уйлар" қуриш мўлжалланган.

Ҳокимият уйи бузилган хонадон эгаларига товон пули берилишини ваъда қилган эди.

Аммо аҳоли вакилларига кўра, "товон пулидан дарак йўқ, янги уйларни қуриш ҳам бошланмаган".

32 ёшли Нодира Отақулова турмуш ўртоғи, қайнотаси ва уч фарзанди билан бузиб ташланган уйи вайроналари орасида яшаётганини айтаркан, деди:

- Олдимиздаги йўлни кенгайтириб, йўлнинг орқароғидан икки қаватли уйлар қуриб берамиз ёки бериладиган товон пулига ўзларингиз қурасизлар дейишганди. Тўрт ой бўлди, товон пули ҳам йўқ, янги уй ҳам қурилмаяпти, уч болам билан вайроналар остида қолиб кетдик. Қариндоши борлар қариндошиникига кўчиб ўтяпти. Бизга ўхшаган қариндоши йўқлар кўчада қоляпти.

Марҳамат туманида бузилган уйлар.
Марҳамат туманида бузилган уйлар.

Мустақиллик кўчасида уйлари бузилган бошқа оилалар вакилларининг айтишича, айримлар уйларининг бузилмай қолган қисмида, бошқалари чодир тикиб яшамоқда.

Исми сир қолишини сўраган бир оила вакилига кўра, вайроналар орасида яшаш уларнинг фарзандлари саломатлигига кескин салбий таъсир кўрсатмоқда:

- Болаларимиз аҳволини бир кўрсангиз. Уйимизнинг орқасида бузилмай қолган қисми қолган, шу ерда уларга бир амаллаб бошпана қилиб берганмиз. Ўзларимиз ташқарида ётамиз. Антисанитария, ўзимизку майли, болаларимизга қайғурамиз, бунақа аҳволда яшаш уларнинг соғлигига таъсир қилади-да. Совуқ тушса нима қиламиз, чунки янги уй ҳали қачон қуриладию...

Марҳамат туманида уйнинг бузилмай қолган қисми.
Марҳамат туманида уйнинг бузилмай қолган қисми.

Марҳамат туманидаги бузилган уйлар
Марҳамат туманидаги бузилган уйлар

Озодликнинг аниқлашича, Мустақиллик кўчасида жами 98та уй бузилган, тўрт юздан зиёд одам бошпанасиз қолган.

Нодира Отақулова ​бузилган ҳовлисининг қиймати 200 миллион сўмга баҳоланганини айтди:

- Ҳозир ҳокимият еримизнинг бир қисмини йўлни кенгайтириш учун олди. Уйни 200 миллион сўм қилиб баҳолашди Ҳозир ҳокимиятдан товон пулини беринглар, ўзимиз шу товон пулига ҳокимият белгилаган стандартда қурамиз деяпмиз, пул йўқ дейишади. Товон пули ҳам йўқ, қуриб ҳам бермаяпти.

Уйи бузилган аҳоли бир амаллаб кунини кўраётганини айтади.
Уйи бузилган аҳоли бир амаллаб кунини кўраётганини айтади.

Марҳамат туман ҳокимлигининг қурилиш масалаларига масъул бўлган мулозими Озодлик билан суҳбатда Мустақиллик кўчасида уйлар уч ой ичида қуриб битказилишини айтди.

- Ўттиз йил олдин қурилган эски уйлар эди. Шу уйлар бузилди, ўрнида бир хилда икки қаватли уйлар бўлади. Айрим оилаларники битай деб қолди. У ерга бориб кўришингиз мумкин. Келаси уч-тўрт ойда бу маҳалла тўлалигича обод бўлади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туманларида ҳам аҳоли уйлари бузилаётгани, эвазига товон пули берилмагани ҳақида Озодлик хабар берган..

Аксар туман ҳокимликлари катта маблағ сарфлаб барпо этилган биноларга экскаватор солаётганини президент Шавкат Мирзиёевнинг "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари билан тушунтирмоқдалар.

Президент Мирзиёевнинг 2018 йил 29 мартдаги "Обод қишлоқ" дастури тўғрисида"ги фармонида чекка ва олис қишлоқлар аҳолиси турмуш тарзи, ижтимоий шарт-шароитларни яхшилаш, мавжуд инфратузилма, коммуникация тармоқларини замон талабларига мослаштириш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини тубдан ошириш, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш кўзда тутилган.

Президент қарорида, "...ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши" таъкидланган.

XS
SM
MD
LG