Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2019, Тошкент вақти: 16:24

Эронда футбол стадионига киритилмаган ишқибоз аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди


Эронлик спорт ишқибозлари

Эронда эркаклар ўртасидаги футбол ўйинини томоша қилишга уринишда айбланган 29 ёшли аёл ўзига ўтиб қўйиб юборганидан кейин бир неча кун ўтиб, вафот этди.

Эрон матбуотининг хабар беришича, “Истиқлол“ футбол клуби мухлиси Саҳар Худоёрий Теҳрон шифохоналарининг бирида жон берган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Худоёрий дам олиш кунлари ҳалок бўлган, аммо унинг вафоти Қум шаҳрида ўтказилган дафн маросими якунланганидан кейин эълон қилинган.

Худоёрий 2 сентябрь куни суд иморати олдида ўзининг устидан бензин қуйиб, ёқиб юборган эди. У футбол ўйинини томоша қилиш учун стадионга киришга уринишда айбланиб, судга чақирилган эди.

Хабарларга кўра, Худоёрий танасининг 90 фоизи куйган, ўпкасига жиддий шикаст етган.

Худоёрийнинг синглиси сўзларига кўра, опаси маниакал-депрессив психоздан азият чеккан. Олти ойга қамалиши мумкинлигини эшитгач, руҳий аҳволи оғирлашган.

Худоёрий жорий йилнинг мартида ўзи ишқибоз бўлган футбол жамоаси ўйинини кўриш учун стадионга киришга уринган пайтда полиция томонидан қўлга олинган эди. Уч кун ҳисбда сақланганидан сўнг у гаров эвазига озод қилинган ва иши судда кўриб чиқилишини олти ой кутган.

Белгиланган куни Саҳар Худоёрий судга келган, бироқ суд мажлиси судьянинг шахсий муаммолари туфайли бошқа кунга қолдирилган. Бироқ Худоёрий суд ходимларининг гапларидан ўзи олти ойдан икки йилгача қамалиши мумкинлигини билган.

Худоёрийнинг қўлга олиниши, ўзига ўт қўйгани ва ҳалок бўлгани ижтимоий тармоқларда кескин қораланди. Фойдаланувчилар стадионларга аёл томошабинларни киритишни ман этувчи қонунни ҳам кескин танқид қилишди.

Эронда ашаддий футбол ишқибози бўлган аёллар айрим ҳолатларда эркаклардек кийиниб ўйинларни томоша қилишга муваффақ бўлади.

Эронлик ҳуқуқшунос Парванеҳ Салаҳшури Худоёрий “Эрон қизи“ бўлганини айтар экан, мамлакатда эркаклар аёллар тақдирини ҳал қилишини ва уларнинг фундаментал ҳуқуқларини чеклашини таъкидлади.

“Истиқлол“ клубининг бир неча ўйинчиси Худоёрийнинг қисматини “шармандалик“ дея таърифлади.

Ўтган ҳафтада исми ошкор қилинмаган расмий Худоёрий танасини етарлича ёпмагани ҳамда хавфсизлик ходимлари билан тўқнашгани учун қўлга олинганини таъкидлагани хабар қилинди.

FIFA кейинги йилларда Эрон расмийларини эркаклар спорт ўйинларини аёллар томоша қилишини ман этувчи 40 йиллик қонунни бекор қилишга ёки ўзгартиришга чақириб келади.

25 август куни спорт вазири ўринбосари Жамшид Таҳизода аёлларга Эрон ва Колумбия ўртасидаги Жаҳон чемпионати учун саралаш ўйинини томоша қилишга изн берилишини эълон қилди.

Human Rights Watch ташкилотининг глобал ташаббуслар директори Минки Уорден Twitterда FIFA етакчиси Жанни Инфантинони Эронга етарлича босим ўтказмасликда айблади ва ташкилотни Худоёрийнинг фожиали вафоти ортидан бирор чора кўришини тасдиқлашга чорлади.

FIFAнинг матбуот бўлими Озодликка ёзган мактубида “Фожиадан хабаримиз бор ва қаттиқ афсусдамиз. FIFA Саҳарнинг оиласи ва дўстларига ҳамдардлик изҳор қилади ва Эрон расмийларини аёлларга қўйилган стадион чекловини йўқ қилишга қаратилган ушбу легитим курашда қатнашаётган ҳар қандай аёл эркинлиги ва хавфсизлигини таъминлашга чорловчи чақириқларини такрорлайди“, дейилади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG