Линклар

Шошилинч хабар
16 август 2020, Тошкент вақти: 00:14

Эрон президенти уриб туширилган учоқ бўйича махсус суд ташкил қилишга чақирди


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакатда тинчимаётган норозилик намойишлари фонида Эрон ҳарбийлари томонидан йўловчи учоқ уриб туширилганини тергов қилиш учун махсус суд тузишни таклиф қилди.

14 январь куни президент телевидение орқали қилган мурожаатида ушбу “кечириб бўлмас” хато учун масъул шахслар жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлади.

Эрон расмийлари 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғи “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини тан олганидан кейин мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Эрон расмийлари аввалига учоқни ракета уриб туширганини кескин рад этишди. 11 январь куни эса расмий Теҳрон йўловчи учоқ “инсон хатоси сабаб” “бехосдан” уриб туширилганини тан олди.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлган.

Ҳалокат Эрон қўшни Ироқдаги АҚШ қўшинларига ракета билан ҳужум қилганидан кейин бир неча соат ўтиб содир бўлган.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг PS752 рейси бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.

- Суд тизими олий судья ҳамда ўнлаб мутахассисдан иборат махсус суд ташкил қилиши керак, — деди Руҳоний.

Президент Эрон ҳарбийлари ўз хатоларини тан олгани “тўғри ташланган илк қадам” эканлигини қўшимча қилди.

- Масъулиятсизлик кўрсатган барча айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши халқимиз учун жуда муҳим, — деди президент.

Суд тизими матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилий кенг кўламли тергов ўтказилиб, айрим шахслар қўлга олинганини айтди, аммо бошқа тафсилотларни очиқламади.

Исмоилий “ноқонуний йиғинларда” қатнашган 30 нафар шахс қўлга олинганини айтди. Кейинги уч кун давомида Эрон бўйлаб аксилҳукумат намойишлар бўлиб ўтди. Уларга йўловчи учоқнинг ҳарбийлар томонидан утиб туширилгани ҳамда ҳукуматнинг фожиа ортидан кўрган чоралари туртки бўлди.

AP агентлигининг хабар беришича, 12 январь куни кеч Теҳроннинг “Озоди” майдонидаги намойишчиларни тарқатиш учун полиция ўқотар қурол қўллангани акс эрган видеолар тарқалган. Агентлик, шунингдек, видеоларда намойишчиларни полиция дўппослаётгани акс этганини билдирди.

Аммо Теҳрон полицияси етакчиси Ҳусайн Раҳимий намойишчилар ўққа тутилганини рад этди.

АҚШ Давлат департаменти Вашингтон намойишчиларга қарши ҳар қандай зўравонликка қараб турмаслигини айтиб, Эрон расмийларини огоҳлантирди.

Эрон давлат матбуотининг хабар беришича, 14 январь куни Эрон, Украина ҳамда Канада расмийлари Теҳронда ҳалокат тергови бўйича ўтказилган илк йиғинда қатнашган.

11 январь куни Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпусининг ҳаво бўлими етакчиси Амирали Ҳожизода ўз бўлими фожиа учун “тўлиқ жавобгарликни бўйнига олишини” таъкидлади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG