Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2021, Тошкент вақти: 16:41

Эронда президент сайловлари бўлиб ўтди


Олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаий овоз бериш пайтида.

18 июнь куни Эронда президент сайловлари бўлиб ўтди. Кўпчилик номзодларни танлаш жараёни туфайли сайлов натижаси олдиндан белгиланганини айтмоқда.

АҚШ санкциялари, самарасиз бошқарув ҳамда коронавирус пандемияси туфайли иқтисод таназзулга юз тутганидан ғазабланган эронликларнинг кўпчилиги сайловга бефарқлик билан қарамоқда.

Олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаий эронликларни овоз беришга ундаб, мамлакатнинг одамларни сайловда қатнашишдан қайтараётган «душманларини» қоралади. Давлат телевидениеси эса бир нечта шаҳардаги сайлов участкалари олдида узун навбатлар пайдо бўлганини хабар қилди.

«Ҳар бир овоз муҳим ... Келинг, овоз беринг ва президентингизни танланг... Бу мамлакатингиз келажаги учун муҳимдир», деган Хоманаий Теҳронда овоз бериб бўлганидан кейин.

Кескин қарашларга эга руҳоний ва суд тизими раҳбари Иброҳим Раисий сайловда ғолиб чиқиши кутилмоқда. Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ўз лавозимини кетма-кет икки муддат эгаллагани учун сайловда номзодини кўрсата олмади.

60 ёшга тўлган Раисий 1988 йилда минглаб сиёсий маҳбус ўлим жазосига маҳкум этилган ва қатл этилган суд жараёнларини назорат қилган судьяларнинг биридир. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар у инсониятга қарши жиноятларда айбдор эканини айтиб келади.

Эрондаги қудратли идоралардан бири бўлмиш Қўриқчилар кенгаши кўпчилик қўллаган мўътадил номзодларнинг сайловда қатнашишига тўсқинлик қилди.

Раисийнинг асосий рақиби ва сайловдаги ягона мўътадил қарашларга эга номзод Абдулносир Ҳимматийдир.

Ҳимматий президентликка номзодини кўрсатиш учун ишдан бўшатилишидан олдин Эрон марказий банки раҳбари бўлиб ишлаган.

Ҳимматий сўнгги кунларда давлат чекловларини танқид қилди ва ислоҳотчи эронликларга мурожаат қилди. 64 ёшли сиёсатчи 18 июнь куни рафиқаси Сепидеҳ Шабестарий билан бирга Теҳронда овоз берди.

Технократ Ҳимматий рақибидан анча орқада бормоқда. Сайловолди сўровлар унинг тарафдорлари 10 фоиздан озлигини кўрсатган.

Асосий ислоҳотчи гуруҳлар Ҳимматийнинг сайлов кампаниясини қўлламади.

Раисийнинг икки кескин қарашларга эга рақиби собиқ ядровий музокарачи Саид Жалилий ва қонунчи Алиризо Заканий 16 июнь куни пойгадан чиқиб кетди. Иккаласи ҳам ўз тарафдорларини Раисийга овоз беришга ундади.

Сипо ислоҳотчи, спорт бўйича собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализода ҳам 16 июнь куни сайловдан чиқди.

Сайловда яна икки нафар кескин қарашларга эга номзод – Ислом инқилоби гвардияси корпусининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий ва парламент спикерининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Амир Ҳусайн Ғазизода Ҳошимий билан беллашмоқда.

Собиқ ислоҳотчи президент Муҳаммад Ҳотамий Жамаран шаҳрида овоз берди.

Сайловда Эрон тарихида энг оз сайловчи овоз бергани эҳтимол. Бу эса ғолиб легитимлиги бўйича янада кўпроқ савол туғдиради.

«Эрон талабалар сўров агентлиги» ўтказган сўров шуни кўрсатдики, мамлакатдаги 59 миллион сайловчининг атиги 42 фоизи овоз беришни режалаштирган. 2017 йилда ўтказилган президентлик сайловларида сайловчиларнинг 73 фоизи овоз берган эди.

Кўплаб эронликлар танлов ҳуқуқи кескин чеклангани туфайли овоз бермасликларини айтишган. Шунингдек, улар иқтисодиётнинг аҳволи, давлат тазйиқлари ва ўзгаришларни амалга ошира олмаган сиёсатчилардан кўнгиллари қолганини изҳор қилишган.

Исфаҳон шаҳри турғунларидан бири яқинда:

«Улар бешта бананни таклиф қилиб, истаган мевангизни танланг, дейишяпти», дея шикоят қилди.

«Қандай қилиб бешта банандан апельсин танлашингиз мумкин?»

Америкада яшаётган эронлик фаол Маҳдия Гулру «Фарда» радиоси билан суҳбатда:

«Бу сафар эронликлар тузум қилаётган ишлар ва у ўйнаётган ўйинларга парво қилишни истамайдилар», деди.

Президент Руҳоний ҳам эронликларни сайлов участкаларига боришга чақирди.

IRNA агентлигининг хабар беришича, президент:

«Умид қиламанки, халқнинг иштироки ва сайловда кўплаб одам овоз бераётгани душманларнинг кўнглини хира қилади», - деган.

Агар 18 июнь куни бирорта номзод етарлича овоз тўплай олмаса, энг кўп овоз олган икки номзод иккинчи босқичда беллашади.

Ички ишлар вазири Абдулризо Раҳмоний Фазлий жорий ҳафтада овоз берувчилар сони «аввалги сайловларга нисбатан камроқ бўлиши мумкинлигини» тан олди.

«Рақобат озлиги бунинг сабабларидан бири. Коронавирус билан боғлиқ вазият эса яна бир сабаб», - деди у 16 июнь куни журналистларга берган интервьюси чоғида.

Хоманаий «Америка ва Британия оммавий ахборот воситалари» ва «уларнинг ёлланма аскарларини» овоз берувчилар сонини озайтириш ҳамда сайлов ҳақида шубҳа туғдириш учун «жонларини жабборга беришда» айблади.

«Бир неча ойдан бери АҚШ ва Буюк Британия оммавий ахборот воситалари сайлов участкаларида сайловчилар фаоллигини камайтиришга астойдил уринмоқда. Албатта, тажриба шуни кўрсатдики, одамлар душман хоҳлаган нарсага қарши иш тутади. Худо хоҳласа, бу сафар ҳам шундай бўлади», - деб ёзди Хоманаий “Twitter”да.

Сайлов Венада Эроннинг ядровий дастури бўйича 2015 йилда қудратли давлатлар билан тузилган келишувини қайта тиклашга қаратилган музокаралар фонида бўлиб ўтмоқда.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни қайта жорий қилган эди. Президент Жо Байден агар Эрон ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарса, шартномага Вашингтонни қайтаришга ҳозир эканини айтган.

Раисий келишувни қўллашини изҳор қилган. Келишувга биноан, Эрон ўзининг ядровий фаолиятини чеклаши эвазига мамлакатга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинади.

Эронда 59 миллиондан ортиқ одам овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан ярим тунда ёпилади, аммо сайлов яна икки соатга узайтирилиши мумкин.

Сайлов натижалари 19 июнь куни тушдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG