Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2021, Тошкент вақти: 09:39

Facebook Россия ОАВларининг Воронежда украин миллатчилари қўлга олингани ҳақидаги хабарини блоклади


Facebook ижтимоий тармоғи РБК ҳамда ТАСС ахборот агентликлари (Россия) Воронежда украин миллатчилари қўлга олингани тўғрисида тарқатган хабарларига тўсиқ қўйди. Иккала хабар ҳам Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) пресс-релизи асосида тайёрланган эди.

Пресс-релизга кўра, махсус хизмат ходимлари ИИВ ҳамда Тергов қўмитаси (ТҚ) билан ҳамкорликда Воронежда “неонацизм мафкураси ва оммавий қотилликларни тарғиб қилишга алоқадор” “МКУ” украин ёшлари радикал гуруҳи тарафдорлари фаолиятига барҳам берган.

Ҳибсга олинганлар ёнидан экстремистик адабиётлар, миллатчилик ташкилотларининг рамзлари ва совуқ қуроллар топилгани иддао қилинган.

Бироқ ТҚ хабарномасида Воронежда қўлга олинганлар украин радикалларига дахлдорлиги тўғрисида маълумот йўқ. Унда 18, 19 ва 33 ёшли камида уч киши ҳибсга олингани ва улар адоват ва душманлик кайфиятини уйғотадиган хатти-ҳаракатларни содир этганликда гумон қилинаётгани хусусида сўз боради.

StopFake.org/ru сайти вазиятга шундай изоҳ берди:

“Дарҳақиқат, Воронежда маҳаллий уч киши эктремизмда айбланмоқда, аммо бу иш фигурантларининг бари Россия фуқаролари ва рус миллатчилик ташкилотлари аъзолари бўлиб, уларнинг Украинага ҳеч бир алоқаси йўқ.

Россия оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Коммерсант”, ТАСС, “Российская газета”, “РИА Новости” ва бошқалар гўё Воронежда МКУ (Маньяки. Культ убийц) украин неонацистлар ташкилоти тарафдорлари фош этилгани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарларга қараганда, гуруҳда туб воронежликлардан Роман Гребеншиков, Илья Шмелёв ва Александр Симонов бўлган. Дастлабки иккиси очиқда қолдирилган бўлса, Симонов тергов ҳибсхонасига сақланмоқда. ОАВ манба сифатида Россия Тергов қўмитаси хабарномаси ва видеолавҳасини кўрсатган. Ҳолбуки ТҚ пресс-релизида қўлга олинганларнинг украинлар билан алоқалари тўғрисида лом-мим дейилмаган”.

“Русский корпус” миллатчилик ташкилоти Воронежда ҳибс қилинган уч киши илгари унинг аъзоси бўлганини тасдиқлади.

“Украин нацистлари” ишини юритаётган терговчи Илья Бичев ўз интервьюсида Гребеншиков, Шмелёв ва Симоновнинг украин миллатчиларига алоқаси борлиги ҳақида матбуотга хабар қилмаганини иддао қилди, айни чоғда, “тергов сири” баҳонасида бу маълумотни тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади.

ТҚ минтақавий бошқармаси вакили Ольга Бовт эса, “тергов органи қўлга олинганлар украинларга алоқадорлиги ҳақида маълумотга эгами?” деган саволга қатъий қилиб: “Уларнинг ҳеч бири украинпараст ташкилот билан алоқа қилмаган.

Маълум вақт “Русский корпус”нинг Воронеждаги бўлимига ишлаган холос”, деб жавоб берди.

РБК билан ТАСС эса эълон қилинган маълумотларнинг ҳаққонийлигини рўкач қилиб, “Facebook”дан тўсиқ қўйиш сабаблари юзасидан изоҳ талаб қилди.

Россия Давлат Думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси аъзоси Антон Горелкин “Facebook”нинг бу ишини “сиёсий цензуранинг классик кўриниши” деб атади.

“Бу билан улар қўлга олинганларнинг кимлигини ФХХ ходимларидан ҳам яхшироқ биламиз, деб уқтиришмоқчи гўё. Ҳолбуки бизнинг мамлакатимизда цензура учун ва журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик бор”, -деган у ТАССга берган интервьюсида.

“Facebook”, шунингдек, “Взгляд” нашри эълон қилган материалга ҳам тўсиқ қўйиб, буни интернетдаги сохта хабарларни фош этувчи “StopFake” лойиҳаси Воронежда украин неонацистлари қўлга тушганини “ёлғон маълумот” деб топгани билан изоҳлаган.

Февралда Давлат Думаси Россия ОАВларига нисбатан цензура қўллаганлик учун интернет-ресурслар эгаларини 3 млн рублгача жаримага тортиш тўғрисида қонун қабул қилганди.

ТАСС маълумотига кўра, Роскомнадзорга Россия ОАВлари ва фуқароларининг камситилишига йўл қўйган интернет-ресурслар трафигини чеклаш ёки тўсиб қўйиш ваколати берилган.

XS
SM
MD
LG