Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:34

Урганчликлар товон пули олганидан кейин ғишт ва оҳак кескин қимматлаб кетди


Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов уйи бузилган одамлар билан музокара олиб бормоқда, 27 июл 2019й.
Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов уйи бузилган одамлар билан музокара олиб бормоқда, 27 июл 2019й.

Урганч шаҳри, Ашхобод маҳалласидаги уйлари бузилган аҳолига товон пули нақд тўлангани ортидан, хабарларга қараганда, қурилиш материаллари қимматлаб кетмоқда.

Урганчдаги қурилиш моллари бозори сотувчисининг Озодликка айтишича¸ бир куннинг ўзида оҳак ва ғишт икки бараварга қимматлаган. Сотувчининг фикрича, оҳак ва ғишт қимматлаб кетганининг яна бир муҳим сабаби бу материаллар ишлаб чиқариладиган цехларга газ таъминотидан узиб қўйилганидир.

Бузилган уйи учун товон пули олган урганчликнинг Озодлика айтишича, уста ҳақи ҳам ошиб кетган.

Хоразм вилоят ҳокимлиги мулозими бу ҳолатни бозорда талаб кўпайиши билан изоҳлади. Шу билан бирга мулозим уйи бузилганларга текин қум берилаëтганлигини айтди.

Озодлик суҳбатлашган қурилиш ширкати эгаси эса, “ҳокимият бизни текин қум тарқатишга мажбурламоқда”, дея шикоят қилди.

Бир кунда ошган нарх

48 яшар Музаффар ва унинг укаси Эркин Ашхобод маҳалласидаги уйи бузилганлардан. Улар икки ойдан бери Урганч шахри чеккасидаги Чондирқиëт қишлоғида палаткада яшамоқда. Ака-укаларнинг ҳар бирига икки сотихдан ер участкаси берилган. Музаффар ака Озодлика тақдим қилган ҳужжатда унинг бузилган уйи учун товон миқдори бир юз саксон миллион бир юз олтмиш минг сўм деб кўрсатилган. Аммо улар бу пулни икки ойдан бери ололмаëтган эди.

Музаффар ва укаси Эркин 27 июль куни Ўзбекистон Бош вазири билан учрашувдан кейин ниҳоят товон пулини олишди. Товон пулини шанба куни олган Музаффар ака якшанба куни қурилиш моллари бозорига бориб нархлар бир кунда ошганидан "шок бўлганини" айтди:

- Бир кун олдин бир дона пишган ғишт нархи уйга олиб келиб бериши 650 сўм эди. Ҳозир 850 сўм бўлди. Яна транспорт ҳақи ҳам бор устига. Хоразмда сувоқ раствори оҳакдан қилинади, цемент ëки алебастрдан эмас. Бир кун олдин килоси 650 сўм бўлган оҳак бугун 1500 сўм бўлди. Донаси 150 сўм бўлган хом ғишт нархи бир кунда 280 сўмга чиқди. Бу нархлар билан мен қишгача уйимнинг томини ёпа олмайман.

Уста ҳақи икки марта ошди

Ашхобод маҳалласидаги 12 сотихли уйи бузилиб, ўрнига 3 сотих ер олган ва Озодлик билан суҳбатда ўзини Хушнуд оға дея таништирган 52 яшар урганчлик эса, уста ҳақи қимматлигидан нолиди:

- Мен ўтган ойда қурилиш материалларини ҳозиргидан анча арзон нархда олиб қўйган эдим. Лекин уста ишлатишга пулим йўқ эди. Кеча товон пулини олиб, усталар билан нарх гаплашдим. Нарх - потолок. Фундаментга бетон қуйишнинг бир куб метри бир кун олдин 35000 сўм эди. Бугун (29 июль-таҳр​) гаплашсам 55000 сўм деб турибди. Ғишт териш ўтган ҳафтада минг донаси 100 минг сўм эди. Бугун гаплашсам? 200 минг, дейди. Шу қиммат уста ҳам дефицит бўлиб қолди.

Талаб ва таклиф низоси?

Озодлик вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарига телефон қилди. Ўринбосарнинг телефонини кўтарган, ўзини етакчи мутахассисман деб таништирган мулозим бу ҳолатни талаб кўпайиши билан изоҳлади. Шу билан бирга мулозим уйи бузилганларга текин қум берилаëтганлигини айтди. Мулозим Озодликнинг бошқа саволларига жавоб беришни истамади.

Ширкатларга “қум солиғи” солинди

Қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган ширкатнинг 46 яшар эгаси Ферузбек Матëқубов Озодлик билан суҳбатда “уйи бузилганларга текин қум тарқатишга мажбурланганидан” шикоят қилди:

- Ҳокимиятдан телефон қилиб солиқ солишди. 10 Камаз қум олиб бориб ташла дейишди. Майли, қум конида қумни экскаватор текин юклаб берди ҳам, дейлик. Лекин машиналарнинг ëнилғиси ва ҳайдовчиларнинг ойлиги менинг зиммамдаку?!

Ферузбек Матëқубовнинг яна айтишича¸ Хонқа туманида қум юклайдиган ширкатларга ҳам “текин юкланг” деган буйруқ бўлган:

- Фақат битта тушунарсиз ҳолат бор. Қачонгача текин юкланади? Аниқ число йўқ. Ҳукумат қўлидан келса уйларни бузсин, биз зўрға кун кўраëтган тадбиркорларга ўлигини ташламасдан.

Товон пули боис қимматлагани йўқ

Урганчдаги қурилиш моллари бозори сотувчисининг Озодликка айтишича қурилиш молларининг қимматлагани фақат товон пули тўлангани билан боғлиқ эмас:

- Тўғри, бир кунда 21 миллиард сўм товон тўланди. Ҳамма шу пулни кўтариб бозорга келди. Бозор ошди. Лекин қаранг, оға: мен оҳак сотаман. Одамлар айтган 600 сўмлик оҳак Хоразмда чиқадиган оҳак эди. Ўтган хафта газ идораси газни ўчирди. Оҳак чиқмай қолди. Мен бориб Самарқанддан килоси 1300 дан оҳак келтирдим. 100 сўм транспорт пули қўшсангиз 1400 бўлдими? Мен фақат устига 100 сўм қўйдим. Пишиқ ғишт ҳам газ ўчгани учун тўхтади. Агар ҳокимият халқни ўйласа газни берсин. Оҳак ва пишган ғиштни ўзимиз ишлаб чиқариб аҳолига арзон сотайлик.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 27 июль куни Урганч туманида бузилган уйлари учун товон пули ололмаганидан норозилик билдириб, 27 июлга ўтар кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини икки соатга тўсиб қўйган аҳоли билан учрашди.

27 июлга ўтар тунда бўлган воқеа тўғрисида Озодлик "Урганчда уйи бузилиб, товон пули ололмаган минглаб одам норозилик билдириб автомобиль йўлини тўсди" мақоласида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG