Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 02:45

Сурхондарёлик тадбиркорларнинг 1 млн долларлик цементи Туркманистонда қолиб кетди


“Туркманцемент” компаниясига жорий йил бошида цемент учун 1,1 миллион доллар ўтказган сурхондарёлик 37 тадбиркор цементни ҳам, пулини ҳам ололмаяпти.

Тадбиркорлар жорий йилнинг 1 октябридан цемент импортига Ўзбекистонда аввал жорий этилган имтиёзлар бекор қилиниши ортидан хонавайрон бўлишидан хавотирда.

Озодлик гаплашган мутасадди идоралар вакиллари тадбиркорлар аввал шартномада кўрсатилган тартибда туркман Арбитраж судига мурожаат қилиб кўриши керак, деган фикрни билдирди.

Сурхондарё вилоятидан Озодликка келган коллектив хат муаллифлари шу йил бошида бир гуруҳ тадбиркор “Туркманцемент” ишлаб чиқариш бирлашмасига 1 миллион 118 минг АҚШ доллари миқдорида цемент учун пул ўтказгани, аммо ҳанузгача уни ололмагани тўғрисида ёзди.

37 нафар тадбиркор номидан ёзилган бу хатда 500 маркали, тоннаси 39 долларлик бу цемент Ўзбекистонда анча қиммат бўлгани учун Туркманистондан сотиб олингани билдирилган.

"Туркманистон республикасида 1 млн 118 минг АҚШ доллари миқдорида 37 та тадбиркор пули турибди. Йил бошида пул ўтказганмиз, “Туркманцемент” 4 ой экспортга рухсат бермади. Мана ҳозиргача цементни ололганимиз йўқ. Хонавайрон бўлиш арафасидамиз" деб ёзди тадбиркорлар.

Озодлик суҳбатлашган сурхондарёлик бизнесменлардан бири туркман тарафи цементни етказиб беришни пайсалга солаётган бир пайтда Ўзбекистонда 1 октябрдан цемент олиб киришга олдин берилган барча имтиёзлар ҳам бекор қилинганини айтди.

- Имтиёзлар бекор қилиниши етмагандай, солиқ қўмитаси импорт қилувчи фирмаларга ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида руйхатдан ўтиш талабномасини юбормоқда.

- Имтиёзлар бекор қилиниши етмагандай, солиқ қўмитаси импорт қилувчи фирмаларга ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида руйхатдан ўтиш талабномасини юбормоқда. Давлат 2020 йил 1 январгача деб имтиёз берганди. Май ойида қарор чиқиб, қарор ўзгарди. Биз эса қарор чиқишидан олдин пулни туркманга чиқарган эдик. 1 октябрдан цементга ҳам бож, ҳам ҚҚС тулаймиз, яъни октябрдан Ўзбекистонга цемент олиб киришнинг ҳожати қолмайди, пулимизни эса “Туркманцемент” қайтармайди деган хавотирдамиз.

Маълум бўлишича, 2020 йил 1 январга қадар муддатга импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз бериладиган маҳсулот, хомашё ва материаллар рўйхатига ўзгартиришлар киритилган (.2019 йил, 13 майдаги ПФ-5715-сонли Президент Фармони).

Тадбиркорлар "Туркманцемент"га 1,18 млн доллар ўтказган
Тадбиркорлар "Туркманцемент"га 1,18 млн доллар ўтказган

Божхона имтиёзи татбиқ этиладиган товарлар рўйхатида цемент, шу жумладан, цемент клинкери (ТИФ ТН коди 2523) мавжуд. Президент қарорига кўра, 2019 йил 1 октябрдан цемент чиқариб ташланади, бироқ ушбу позицияда имтиёзлар цемент клинкерига нисбатан сақланиб қолади.

Мазкур ҳолатда имтиёзлар асосий қурилиш материаллари, шу жумладан, цемент клинкери ва асбест импорт қилинишида ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ҳам қўлланилиши белгиланди.

Озодлик гаплашган тадбиркорлар Ўзбекистон ҳукуматидан имтиёзни йил охиригача чўзишни ёки пулларини қайтариб беришга кўмаклашишни сўради.

Сурхонликлар бу масалада президент портали, Ўзбекистон Олий Суди, Ташқи ишлар вазирлигига бесамар мурожаат қилганликларини билдиришди. Улар 23 сентябрь куни Термизга қилган ташрифи давомида Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашгани ва у пулни қайтариб беришга ёрдамлашишини ваъда берганини айтишди.

Озодлик пули Туркманистонда қолиб кетган 37 тадбиркор иши масаласида Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Сурхондарё вилоят бошқармасига мурожаат қилиб, қуйидаги мазмунда жавоб олди.

- Цемент Президентнинг 5303-Қароридаги имтиёз асосида кириб келятувди. Учта тўлов тури – бож, акциз ва ҚҚС бор. Илгари шулардан озод бўлганди.

- Цемент Президентнинг 5303-Қароридаги имтиёз асосида кириб келятувди. Учта тўлов тури – бож, акциз ва ҚҚС бор. Илгари шулардан озод бўлганди. Лекин, 1 октябрдан энди президентимизнинг 5755-сонли Қарори билан бундан бу ёғига Қўшимча қиймат солиғини улар тўлайди. Хабарингиз бўлса керак, 1 октябрдан ҳамма тўлов турларидан ҚҚСни имтиёзлар қаторидан олиб ташлаяпти ва одамларга қийин бўлмаслиги учун ҚҚС 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, - деди бошқарманинг Тўлқин исмли мутахассиси.

Божхона вакили 37 тадбиркор муаммосини бевосита “Туркманцемент” корхонаси билан боғлади.

У 1 октябрдан киритилажак ўзгартишлар борасидаги қарор матни жорий йилнинг 27 июлида эълон қилинганини эслатар экан,бу орада цемент сотиб олган тадбиркорлар бемалол уни олиб кириши мумкин эди, деди.

- Тўлов энди шартнома имзоланганига эмас, кириб келаётган вақтига қарайди. Яъни, 1 октябрдан ҳамма тўлайди. Акс ҳолда ширкатлар бориб 2 йилга шартнома имзолаб, Туркманистондан бемалол олиб кираверади - Қарорнинг маъноси қолмайди.

Суҳбатдош эски имтиёз бўйича ҳатто бугун ҳам цемент Сурхондарёга киритилаётгани, аммо 1 октябрдан ҳар бир бу маҳсулот импорт қилувчи 15 фоизли солиқ тўлаши мажбур эканини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида сурхондарёлик цемент сотиб олган тадбиркорлар масаласида хабарлари борлиги ва улар мурожаатларига тегишли тартибда расмий жавоб берилганини Озодликка билдиришди.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий жавоби
Ташқи ишлар вазирлигининг расмий жавоби

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимининг Фарҳод исмли мутахассиси тадбиркорлар аввалига “Туркманцемент” билан имзоланган шартноманинг 8.1 бандига мувофиқ судга мурожаат қилиб кўришлари кераклигини уқтирди:

Шартноманинг 8.1 бандида кўрсатилган форс-мажор ҳолатлари асосида улар Туркманистон Арбитраж судига мурожаат қилишлари мумкин

- Шартноманинг 8.1 бандида кўрсатилган форс-мажор ҳолатлари асосида улар Туркманистон Арбитраж судига мурожаат қилишлари мумкин. Суд кўриб чиқишдан бош тортиб, тарбиркорлар ҳуқуқларини поймол қилса, ана унда Ташқи ишлар вазирлиги ёки элчихона “Нега ундай бўлаяпти?” деб аралашади. Ҳали ҳеч нарса қилмасдан туриб, бизга тўғридан-тўғри мурожаат қилишяпти, бу нотўғри. Туркманлар “сезон” ўлганидан кейин цементларини бериши мумкин.

Озодлик "Туркманцемент" билан ҳам боғланишга уринди, лекин боғланишнинг иложи бўлмади.

Туркманистонда цемент етишмовчилиги юзага келгани борасидаги хабарлар шу йилнинг апрелида пайдо бўлганди. Бунинг ортидан республиканинг Мари ва Лебап вилоятларида цемент давлат дўконларидан мутлақо сотувда йўқолди ва унга бўлган нарх кескин ошиб кетгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

“Туркманцемент” бирлашмасига қарашли дўконларда цемент сотиб олмоқчи бўлган мамлакат гражданларидан қатор ҳужжат талаб қилишгани тармоқларда қизғин муҳокама этилган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG