Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:07

Бердимуҳамедовнинг ўлими ҳақида миш-миш тарқатганларни қўлга олиш бошланди (ВИДЕО)


Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлими ҳақида миш-миш тарқатганларни қўлга олиш бошланди, деб хабар қилди "Хроники Туркменистана".

Нашр маълумотига кўра,"Туркментелеком"нинг Лебап бўлими ходими , қишлоқ хўжалиги ишчиси ҳамда маҳаллий уй-жой-коммунал хўжалиги ходимаси қўлга олинган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Туркманистонни дунёдаги энг ёпиқ ва ҳукумати энг мустабид жамиятлардан бири сифатида билади. Бу мамлакатда Бердимуҳамедов ва унинг командаси жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасини назорат қилади. Бундай шароитда миш-мишлар жуда тез урчийди ва мустақил журналистлар ҳақиқатни миш-мишлардан ажратиш имконига эмаслар.

Аввалроқ, маҳаллий ОАВнинг хабарлари, сўнгра президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлими ҳақидаги маълумотларни рад этувчи расмий хабарлар соясида ижтимоий тармоқларда туркман эстрадаси вакилларининг “президент соғлиғи тўғрисидаги сохта хабаларга” ишонмасликка чақирувчи видеомурожаатлари пайдо бўлди. Улар ўз саҳифаларида #duryalan (#ёлғонни тўхтат) хэштегларини жойлаштиришни сўрашмоқда, деб хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати.

"Шу кунларда интернет тармоғида ҳурматли президент тўғрисида ўта номақбул хабарларни тарқатишди. Менинг сизларга илтимосим бор, бу гап-сўзларга ишонманг, бу ёлғон ", – дейди блогер Ягши Гошунов ва ватанга муҳаббатли бўлишга чақиради, президентга соғлиқ тилаб, “туҳматчиларни” қарғайди.

21 июль куни мухолифатдаги "Озод Туркманистон" Ютуб канали мамлакат пойтахтидаги ўз мухбирларига таяниб, президент 20 июль куни ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этганини хабар қилган эди. Президент охирги марта жамоатчиликка 5 июль куни кўриниш берди. 15 июль куни матбуот хизмати президентнинг таътилда эканини хабар қилиб, президент набиралари ва мушуклари билан ўйнаётгани борасидаги видеолавҳани намойиш қилди.

"Хроники Туркменистана" нашрига кўра, президент самолётини 12 июлда Германияда кўришган. Хабар берилишича, Германияга оғир аҳволдаги Бердимуҳамедовнинг онаси учган, президентнинг мамлакат ахборот маконидан ғойиб бўлиши гуёки унинг ўлими билан эмас, балки президент онасининг оғир касаллиги билан боғланган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилгани тўғрисида хабар қилган эди.

25 июлда Озодлик “Хроники Туркменистана” нашрига таяниб, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов тўққиз кунлик танаффусдан кейин илк бор давлат телевидениеси телекамералари қаршисида пайдо бўлгани тўғрисида хабар қилган.

Бердимуҳамедов 2007 йилда Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ўлимидан сўнг Туркманистоннинг биринчи президенти бўлди. Айнан у Ниёзовни даволовчи шифокор бўлган. Мамлакатда Бердимуҳамедов шахсига сиғиниш урф бўлди, унга Аркадаг- барча туркманларнинг ҳимоячиси унвони берилди.

Июнь ойида Бердимуҳамедов 62 ёшга тўлди. Бу йилги тантана олдинги йиллардагидан фарқ қилди. Махсус ибодатлар уюштирилдики, унда имомлар ва вазирлар Бердимуҳамедов соғлиғини тилаб дуо қилдилар.

XS
SM
MD
LG