Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:52

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш учун чет эллик блогерлар кўнглини олишга интилмоқда


Интернетнинг машҳур сайёҳ-блогерлари– инфлюэнсерлари Ракел да Силва ва Мигел Мимозо 45 метрлик Минораи Калоннинг тепасида қуёшчиқар вақтда, эҳтимолки, ўпишиш олдидан бир-бирига тикилиб турибди.

Уларнинг ортида Марказий Осиёнинг ўрта асрларга мансуб, яхши сақланиб қолган шаҳри узоқларга чўзилиб кетган, жумладан, Минораи Калоннинг феруза ва пиёзсимон гумбазлари ҳам кўзга ташланади. Ушбу саҳна Ҳолливуднинг қаҳрамонлар мурод-мақсадига етган эртагини эсга солади.

‒ Биз тўғрисини айтмоқчимиз, ‒ дея бошланади жуфтликнинг Инстаграмдаги саҳифасига 500000- обуначиси қўшилиши муносабати билан қўйилган суратга ёзилган тагхати. ‒ Ушбу мамлакат ҳақида кўп нарса, тўғрисини айтсак, деярли ҳеч нарса билмас эдик.

Ракел да Силва ва Мигел Мимозонингина эмас, умуман миллениаллар – 2000-йиллардан бир оз олдин ва ўша йиллари туғилган обуначиларнинг аҳволи ҳам шу бўлса ажаб эмас.

Айнан шунинг учун бир пайтлар дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири саналган Ўзбекистонга ижтимоий тармоқларда халқаро обрў қозонган 100 нафарча блогер ушбу португалиялик жуфтлик билан бирга таклиф этилди. Бундан мақсад – ўша блогерлар ўз обуначиларини кўҳна шаҳарларга бағишланган креатив фотосуратлари ва видеолари билан ҳайратга солиши керак.

Туризм саноати муаммоларидан бири Ўзбекистон ҳақидаги сифатли контент – мақола, видео ва фотосуратларнинг йўқлигидир,

‒ Туризм саноати муаммоларидан бири Ўзбекистон ҳақидаги сифатли контент – мақола, видео ва фотосуратларнинг йўқлигидир, ‒ дейди мамлакат туризм қўмитасининг стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси, 30 яшар Беҳруз Ҳамзаев. У блогерларни таклиф этиш ғояси муаллифи ҳамдир. – Бунақа нарсалар Интернетда жуда кам. Биз Интернетни тўлдирмоқчи бўлдик.

Инфлюэнсерларни таклиф қилиш мамлакат ҳукумати ташқи дунёга очилиш ва 33 миллионли аҳоли учун иқтисодий ўсишни таъминлаш учун қўяётган мисли кўрилмаган қадамларининг биридир. Таҳлилчиларга кўра, кейинги бир неча йилда Ўзбекистонда туризмдан келадиган даромадни икки баробар ошириш имконияти бор.

Ҳукуматнинг чет эллик блогерларни қучоқ очиб кутиб олаётгани мамлакатдаги ижтимоий тармоқлар эркинлигини таъминлаш борасида йўл қўяётган камчиликларига бутунлай тескаридир. Ўзбекистон ўз ватандошларига дунёдаги энг йирик Facebook билан YouTube ижтимоий тармоқларига киришни фақат ўтган йили осонлаштирди, ҳалигача ҳукумат амалдорлари танқид қилинган постлар учун блогерлар ҳибсга олинмоқда.

Ҳокимият “ўзини дунёга замонавий, бир сўзли ва очиқ қилиб кўрсатмоқчи

‒ Ҳокимият “ўзини дунёга замонавий, бир сўзли ва очиқ қилиб кўрсатмоқчи, гарчи бу борада бир оз олға силжишга эришган бўлса-да, “ҳамон онлайн дунёни назорат қилишдан манфаатдор”, ‒ дейди Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоу.

Ажойиб контент

Ўзбекистон ўтган ой охирида дунёнинг 40 мамлакатидан 93 нафар инфлюэнсер учун 5 кунлик саёҳат ташкил қилди. Ҳамзаевга кўра, уларнинг аксарияти Осиё ва Ўрта Шарқ мамлакатларидан эди, чунки Ўзбекистоннинг ўша минтақаларда кучли тарихий ва маданий алоқалари, шунингдек, йўлга қўйилган авиарейс боғланмалари мавжуд.

Грузия ва Ҳиндистон сингари кўплаб мамлакатлар инфлюэнсерлар учун шунга ўхшаш тадбирлар уюштириб турса-да, Ўзбекистон турли соҳаларни ёритувчи блогерлар учун энг йирик ва энг узоқ йиғин ўтказди, деди Maximum Exposure Limited маслаҳат берувчи компанияси асосчиси Софи Ибботсон. Ушбу компания ривожланаётган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонда туризмни тарғиб қилади.

Ўзбекистон туризмнинг охирги чегараси ва ундан кейинги улкан нарсанинг ўртасида тургандай ҳиссиёт туғдиради

− Ўзбекистон туризмнинг охирги чегараси ва ундан кейинги улкан нарсанинг ўртасида тургандай ҳиссиёт туғдиради, − дейди Ибботсон. – Саёҳат маршрутларига таъсир кўрсатувчи кишилар ҳаммадан олдинда бўлишни истайди.

Тошкентда ўтказилган тадбирда сайёҳлик, озиқ-овқат, турмуш тарзи, мода ва пардоз-андоз мавзуларини ёритувчи блогерлар қатнашди, улар орасида эронлик модель Садаф Масоилий ҳам бор эди.

Ажнабий блогерлар “дунё даражасидаги ажойиб контент яратди”, дейди Ҳамзаев. Унинг туризмни ва инглизча сленгларни тушуниши ўсмирлигидаги гидлик пайтлари шаклланган экан.

Ҳамзаевнинг ҳисоб-китобича, лойиҳа жараёнида тайёрланган фотосуратлар ва видеоларни 150 миллион киши томоша қилган.

Осиёдаги YouTube юлдузларидан бири саналмиш индонезиялик блогер Атта Ҳалилинтарнинг Ўзбекистонга саёҳатига бағишланган 10 дақиқалик видеоси 1,2 миллион марта кўрилди. Айни чоқда унинг Инстаграмдаги фотосуратларига 400000 мартадан ошиқ “лайк” босилди.


Ўзбекистон май ойида Индонезияга бевосита авиарейсларни очди. У аҳоли сони бўйича дунёда 4-ўринда туради ва Ўзбекистон сингари мусулмон мамлакатидир.

Бухоро ислом дини тарихи ва маданиятида муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли мусулмонлар учун потенциал зиёрат масканларидан биридир.

Ҳамзаевга кўра, давлат блогерлар тадбирига 250000 АҚШ доллари сарфлади. Телевидение ва матбуот сингари анъанавий ОАВ бунчалик катта аудитория учун шундай сифатга эга видео ва фотосуратлар тайёрлаши учун 6 – 7 миллион АҚШ доллари сарфлар эди, дейди Ҳамзаев.

Ёлғизликнинг 100 йили

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг “Жаҳон маданий мероси” рўйхатига киритилган, шунинг ўзиёқ сайёҳларни оҳанрабодек тортади.

Аммо ўша шаҳарлар сўнгги 100 йил мобайнида: аввал шўролар даврида, кейинчалик мустақил Ўзбекистонни 2016 йилгача бошқарган авторитар президент Ислом Каримов раҳбарлиги вақтида чет элликлар учун ёпиқлигича қолди.

Кўплаб совет давлатлари 1991 йилда глобаллашув жараёнларга қўшилишга шошилган бўлса, Каримов ноқулай виза режимлари билан мамлакатини изоляцияда сақлаб келди.

Унинг ҳукумати туризмни фаол тарғиб қилмади.

Ўзбекистон ҳақидаги онда-сонда эълон қилинган хабарларда асосий эътибор мажбурий болалар меҳнати, инсон ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари, камсонли дин вакилларини қатағон қилиш, атроф-муҳит муаммолари, шунингдек, собиқ президентнинг ҳали ҳам қамоқда ўтирган ғаройиб қизи Гулнора Каримова устидан ўтказилган суд маҳкамаларига қаратилар эди.

‒ Гарчи улкан потенциалимиз борлигини билсам ҳам, менинг дунёдаги деярли ҳеч қим танимайдиган брендим бор эди, ‒ деди Ҳамзаев.

Каримовнинг меросхўри бўлмиш президент Шавкат Мирзиёев даврида туризмга янги ҳаёт бағишлашга уринмоқдалар. У визасиз режимли мамлакатлар сонини 2017 йилги 9 тадан жорий йилга келиб 65 тага кўтарди.

У яна виза режими осонлаштирилган мамлакатлар сонини тенг ярмига ошириб, 75 тага етказди, чет мамлакатларга қатнайдиган авиарейслар сонини ҳам оширди.

Бу чоралар мамлакатга келаётган сайёҳлар сонини кескин оширди. Ўзбекистонга жорий йилда 6,3 миллон сайёҳ келиши кутилмоқда, бу 2017 йил билан солиштирганда, икки баробар кўпдир, дейди Ҳамзаев.

Бу қурилиш ривожланишига ҳам туртки берди. Мамлакатда 2017 йилдан бери 300 дан ошиқ меҳмонхона очилди.

Шунга қарамай, Ўзбекистонга ҳали ҳам кўпроқ авиарейслар, меҳмонхоналар, айниқса, юқори даражали меҳмонхоналар керак, дейди Ибботсон. Унга яна юқори малакали иш кучи ҳам зарур:

Агар Ўзбекистон машҳур туризм манзиллари билан рақобатлашмоқчи бўлса, хизмат кўрсатишни яхшилаши керак бўлади.

− Агар Ўзбекистон машҳур туризм манзиллари билан рақобатлашмоқчи бўлса, хизмат кўрсатишни яхшилаши керак бўлади.

Гарчи Ўзбекистоннинг туризмдан ўтган йили олган даромади икки баробар ошиб, тақрибан 1,2 миилиард долларга етган бўлса ҳам, бу кўрсаткич Жанубий Кавказдаги Арманистон, Озарбайжон ва Грузияники, шунингдек, Марказий Осиёдаги қўшниси Қозоғистонникидан пастдир.

"Агар Ўзбекистон дунёга очилишини давом эттирса, унинг туризмдан оладиган даромади кейинги ўнйиллик ўрталарига бориб, 5 миллиард долларга етиши мумкин"

"Агар Ўзбекистон дунёга очилишини давом эттирса, унинг туризмдан оладиган даромади кейинги ўнйиллик ўрталарига бориб, 5 миллиард долларга етиши мумкин" дейди Вашингтондаги Халқаро молия институтининг етакчи тадқиқотчи-таҳлилчиси Бобан Маркович.

Ушбу натижага эришиш учун айни пайтда мамлакатга келмаётган ёш сайёҳларни чорлаш керак бўлади. Ўзбекистонга келаётган чет элли8к сайёҳлар аксариятининг ёши 50 дан баланддир, деди Ҳамзаев.

Президент билан селфи

62 яшар Мирзиёев блогерлар билан уларнинг Самарқандга сафари вақтида учрашди ва улар билан бирга суратга тушди. Ушбу лаҳза янги, очиқ Ўзбекистон рамзи бўлди, “Назаримда, у бу билан зўр тарзда, биз ислоҳотлар қиляпмиз ва мамлакатни очяпмиз, деб айтди”, дейди Ҳамзаев.

Мирзиёевнинг апрелда давлат матбуот ва ахборот агентлиги раҳбарига ўринбосар қилиб тайинланган тўнғич қизи Саида Мирзиёева блогерлар сафарининг биринчи куни уларга мурожаат қилган эди.

Ҳамзаевнинг қўшимча қилишича, Мирзиёев билан бошқа етакчи раҳбарлар блогерлар сафарини қўллаб-қувватлади ва блогерлар учун ҳамма шароитни яратиб берди.

Мабодо модель блогерга сураткаш керак бўлса, улар бир сураткашни топиб берди. Агар фотоблогерга суратга тушириш учун бирор модель керак берса, улар ўша моделни ҳам топди.

Мабодо Ракел билан Мигел Бухородаги минора тепасига чиқиши керак бўлса – аслида бунга рухсат этилмайди – улар буни ҳам ташкил қилди. Агар жуфтликка эсдалик лаҳзасини юқоридан тасвирга олиш учун дрон лозим бўлса, бунга ҳам имкон топилди.

‒ Биз уларга ишини бажариши учун эркинлик бердик, ‒ деди Ҳамзаев.

Лекин ҳукумат айни эркинликни ўз блогерларига ҳам бериши керак, деди Свердлоу.

Инсон ҳуқуқи масалалари тадқиқотчиси Мирзиёев ҳокимиятни эгаллаганига уч йил бўлганига қарамай ҳали бирор ўзбек журналисти ёки блогерига интервью бермаганини қайд этди.

‒ Биз ҳукумат блогерлар билан ишлаётганини ва уларнинг ишини қўллаб-қувватлаётганини тан оламиз, ‒ деди у. ‒ Ўзбекистон ҳали ҳам авторитар мамлакат ва ижтимоий тармоқларда босиб ўтилиши керак бўлмаган чизиқлар аниқ эмас. Ижтимоий тармоқлар тўлиқ эркин бўлмагунча, гуллаб-яшнай олмайди.

Блогерлар тадбири якунлангандан сўнг орадан 3 ҳафта ўтар-ўтмас, 29 яшар ўзбек блогери Нодирбек Ҳожиматов маҳаллий амалдорлар танқид қилинган хатини Фейсбукда эълон қилгач, 10 кунга қамалди.

Тодд Принс (Todd Prince)

ОзодЕвропа/Озодлик радиосининг Вашингтондаги етакчи мухбири.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG