Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 01:22

Толибон университетларда талаба қизлар учун чекловлар жорий қилди


Кобулдаги Шаҳид Раббоний Университети - 11 сентябрь, 2021

Толибон муваққат ҳукумати аъзоси Афғонистонда аёлларга фақат алоҳида синфларда таҳсил олишга рухсат берилиши ҳамда уларга исломий либос кийиш мажбурий бўлишини маълум қилди.

Абдулбоқий Ҳаққоний янги сиёсатни 12 сентябрь куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилди.

Бутун дунё 1990- йилларнинг иккинчи ярмида Афғонистони бошқарган Толибон бу сафар қандай йўл тутишини диққат билан кузатмоқда. Толибоннинг илк ҳукмронлиги даврида қизлар ва аёлларга таълим олиш ман этилган ҳамда улар жамоат ҳаётидан четлаштирилганди.

Толибон ўзгаргани, шу жумладан, аёлларга бўлган муносабатини ўзгартирганини иддао қилади.

Таълим масалалари учун масъул этиб тайинланган Ҳаққонийнинг айтишича, толиблар вақтни 20 йил орқага қайтаришни хоҳламайдилар.

«Биз бугун мавжуд нарсаларга таяниб иш бошлаймиз», деди у.

Аммо университет талабалари Толибон ҳукмронлиги остида турли чекловларга дуч келадилар. Ҳаққоний ҳижоб мажбурий бўлишини айтди, лекин рўмол етарли бўлиши ёки аёллар юзларини бутунлай ёпишлари керак бўлишини очиқламади.

Шунингдек, Ҳаққоний ўғил болалар қизлардан алоҳида таҳсил олишини айтди.

«Ўғил болалар қизлар билан биргаликда ўқишига рухсат бермаймиз», деди у.

Ҳаққоний агар ўқитувчи аёллар бўлмаса, жинсларни ажратиш учун махсус чоралар кўрилишини айтди.

«Ҳақиқий зарурат туғилганда, эркаклар ҳам аёлларга таълим бера оладилар, лекин шариатга биноан. Парда бўлиши керак бўлади», деди у.

Эркак ва қиз талабаларни ажратиш учун синфларда пардалар илинади. Бундан ташқари, талабаларга дарс интернет ёки телевизор орқали берилиши ҳам мумкин.

Ўтган ой Кобулдаги Ғарб томонидан дастакланган ҳукумат қулаб, Толибон ҳокимиятни босиб олганидан буён кўплаб жойда синфлар аллақачон пардалар билан ажратилган.

Толибоннинг таълим бўйича мулозими журналистларга университетларда ўқитиладиган фанлар ҳам қайта кўриб чиқилишини айтди, аммо тафсилотларни очиқламади. Толибон аввалги ҳукмронлиги даврида мусиқа ва санъатни тақиқлаганди.

Кобул ва Афғонистоннинг бошқа жойларида аёлларнинг катта ва кичик гуруҳлари Толибон ҳукмронлиги ва ўз ҳуқуқларини чеклаш ҳаракатларига қарши норозилик намойишларини ўтказмоқда.

Айрим ҳолларда толиблар намойишчиларни куч билан тарқатган. Жангарилар аёлларни қамчи ва таёқ билан калтаклагани ҳамда ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG