Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2025, Тошкент вақти: 09:08

4 чегарачи ҳалокати ортидан музокара ўтказган бош вазирлар дастлабки келишувларга эришди


Тожикистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашуви. 2019, 17 сентябрь
Тожикистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашуви. 2019, 17 сентябрь

18 сентябрь куни эрталаб Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида ҳар икки томондан тўрт нафар чегарачининг ўлимига сабаб бўлган қуролли зиддият ортидан икки мамлакат ҳукуматлари олиб борган музокаралар якунланди. Ҳар икки томондан яраланган ўнлаб кишилар касалхоналарда қолмоқда.

Қирғизистон билан чегарадаги Бобожон Ғафуров туманининг Овчикалача жамоати, Баҳор маҳалласидаги музокараларда иштирок этган тожик делегациясининг исми айтилмаслигини истаган юқори мартабали аъзосининг Озодлик радиосига хабар беришича, ҳар икки томон ягона тўхтамга келган, қирғиз томони кузатув минорасини олиб ташлайди, тожик томони бундай минорани қурмайди.

Унинг сўзларига кўра, музокараларнинг бошқа бир натижаси томонларнинг бугун соат 18 гача чегарадан қўшимча кучлар ва жанговор техникани олиб чиқишга розилик бергани бўлди.

Кеча кечаси бошланган Тожикистон бош вазири Кохир Расулзода ва Қирғизистон бош вазири Муҳаммадкалий Абилгазиевнинг музокаралари бугун эрталаб ҳам давом этди.

Сўғд вилоят маъмурияти матбуот котиби Музаффар Юнусовнинг чоршанба куни хабар беришича, “бўлиб ўтган музокараларнинг бош мавзуларидан бири можарони бартараф этиш ва баҳсли участкада вазиятни барқарорлаштириш масаласи бўлган. Дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш мақсадида томонлар чегарадош ҳамжамиятнинг мулоқотини давом эттириш ва турли-туман келишмовчиликларни тинч йўллар билан ечиш борасида ўз фикларини айтишди”.

Музаффар Юнусовнинг айтишича, Овчикалача жамоатидаги вазият ҳозирги вақтда осойишта, савдо нуқталари, жамоат овқатланиш пунктлари, ташкилот ва идоралар ишлаб турибди.

16 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма юз берди, натижада тўрт киши ҳалок бўлди. Тожик томонидан уч чегарачи, қирғиз томонидан бир чегарачи, ҳалок бўлди. 12 нафар тожикистонлик ва 13 нафар қирғизистонлик яраланган. Кўпчилик яраланганлар касалхонада қолмоқда.

XS
SM
MD
LG