Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Тармоқлар можароси: АКT вазири ва Бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди - манбалар


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги.

3 ноябрь куни Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блокланиши билан боғлиқ можаро ҳукуматда инқирозга сабаб бўлди. Озодликнинг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигидаги манбасига кўра, пайшанба куни Вазирлар Маҳкамасининг яна икки юқори мартабали мулозими - АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаровлар ишдан бўшатилган.

Яна икки юқори мартабали мулозими - АТК вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаровлар ишдан бўшатилган
Яна икки юқори мартабали мулозими - АТК вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаровлар ишдан бўшатилган

Чоршанба кечаси тармоқларнинг чекланиши учун масъул “Ўзкомназорат” раҳбари Ғолибшер Зияев лавозимидан четлатилганди.

Расмий манбалар ҳозирча Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири ҳамда Ариповнинг IT - технологиялар бўйича маслаҳатчисининг ишдан олинганини тасдиқлаганича йўқ.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати вакили ўз раҳбарининг ишдан олинганини тасдиқламади, аммо рад ҳам этмади.

“Вазиримизнинг ишдан олингани ҳақида қўлимда расмий ҳужжат йўқ”, - деди Озодлик билан суҳбатда вазирлик ахборот хизмати мулозими.

У, шунингдек, тармоқларнинг блокланиши билан боғлиқ воқеа бўйича изоҳ беришга ваколати йўқлигини айтди.

3 ноябрь оқшомида Ўзбекистонда Telegram, Facebook, YouТube ва Одноклассники тармоқлари ишламай қолди. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Информатизация ва телекоммуникация назорати бўйича Давлат инспекцияси - "Ўзкомназорат" сайтида номи тилга олинган ижтимоий тармоқлар, шунингдек, Телеграм мессенджери шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилгани ҳақида расмий маълумот пайдо бўлди.

Буларнинг ҳаммаси Skype, Twitter, TikTok, "ВКонтакте" ва WeChat тармоқларига шу йил июлида жорий қилинган чеклов амал қилиб турган паллада юз берди.

“Ўзкомназорат” қарори амалда Ўзбекистонда барча тармоқлар блокланганини англатарди.

Тотал чеклов жорий қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кўп ўтмай, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари чеклов ўрнатилганидан хабар топгани ва тармоқлар фаолиятини тиклашга буйруқ берганини маълум қилди.

Асадовга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзкомназорат"нинг қарорини "бир томонлама ва ўйланмай қилинган ҳаракат" деб баҳолаган.

Кўп ўтмай, маҳаллий нашрлар Бош вазир Арипов "Ўзкомназорат" раҳбари Ғолибшер Зияевни ишдан бўшатгани ҳақида хабар тарқатди.

Бунинг ортидан Президент матбуот котиби Зияев "Президент топшириғига асосан” бўшатилганини айтиб чиқди. Шерзод Асадов тармоқларнинг чекланиши юзасидан тергов ўтказилишини ҳам маълум қилди.

“Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилади", дейилади Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг баёнотида.

Президент имзолаган қонун

Президент матбуот котиби эълон қилган тергов-суриштирув жараёни, уни қайси идора олиб бораётганига доир расмий маълумот йўқ. Аммо Озодликнинг ҳукуматга яқин манбалари тергов аллақачон бошлангани ва АКТ вазирлиги ва умумиятла, ҳукуматда “асабийлик” ҳукмронлигини айтмоқда.

“Ҳозир тергов кетяпти, яна қанча одамнинг боши кетади, ҳайронмиз. Лекин президентнинг ўзи имзолаган “Шахсий маълумотлар тўғрисидаги” қонун асосида иш қилинди. Шу бўйича бизникилар тармоқларни ўчириб қўйишди. Буни Зиёев ёки вазир ўзича қилмайди-ку. Содиқов ҳам Зиёев ҳам Ариповнинг одами. Ариповнинг ўзи ҳам шу вазирликдан чиққан. У ҳам президентдан бемаслаҳат иш қиладиган одам эмас”, - дейди агентликдаги манба. ”

Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ва глобал интернет-компанияларни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида жойлашган серверларда қайта ишлашга мажбурловчи қонун қабул қилинди.

Шу қонун асосида "Ўзкомназорат" Facebook, Google, Mail. ru, Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter ва Yandex компанияларини Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.

Бундан олдин Skype, Twitter, TikTok, "ВКонтакте" ва WeChat фаолиятларини Ўзбекистонда тўхтатишга қарор қилинганди.

Лондонда яшайдиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов бўлаётган ҳодисаларни “айбдор эчки”ни топишга уриниш деб атади.

“Бу кадр президентнинг ўзи имзолаган икки қонун, январь ойида ва яқинда, 29 октябрда ижтимоий тармоқларга нисбатан чораларни кучайтириш тўғрисидаги қонун асосида ҳаракат қилди. Шундай экан, бўлиб ўтган ҳодиса учун масъулият Мирзиёев ва у шоша-пиша ишдан бўшатган “Ўзкомназорат” раҳбари зиммасида”, - деб фикр билдирди Илҳомов.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, 3 ноябрь кунги ҳолат Ўзбекистон бошқарув инстанцияларидаги сиёсий-ҳуқуқий зиддиятлардан ҳам дарак беради.

“Аслида, битта шахсни ёки давлат муассасасини айблаш нотўғри бўлса керак. Бугунги Ўзбекистонда, миллий манфаатлар борасидаги қарашлар тўқнашмоқда, курашмоқда. Эски инстинктлар ва зеҳният, бир масалада маъқулланса, бошқа вазиятда панд бермоқда. Ички зиддият ҳали бартараф бўлгани йўқ. Чунки, янги бошқарув стили тўлиқ шаклланиб улгурмади, унинг баъзи тамойиллари еки шартлари шаклланди.

Кеча амалга оширилган блоклаш, қонунчиликка ишора қилинган ҳолда амалга оширилди. Лекин, ўша “шахсга доир маълумотлар” ҳақидаги қонун бандини ўзини ҳам мутлақ ҳар хил талқин қилиш мумкин эди. Авторитар талқинга кўра, тотал назорат ва ташқи дунёдан мустаҳкам ихоталанишни назарда тутиш мумкин.

Ҳуқуқий-либерал талқинга кўра, бу талаб фақат давлат муассасаларидаги (масалан, ИИВ, ДХХ ва ҳ.к.) шахсларга дахлдор маълумотлари Ўзбекистон ҳудудида сақланишини назарда тутади.

Лекин, қонуннинг ўша моддасига шарҳ берилмагани, вазиятни чигаллантирган. Мулозимлар, эски зеҳниятдан келиб чиқиб, авторитар талқин йўлидан боришган”, - дея фикр билдиради Раббимов.

Тармоқлар ва “Одил шоҳ”

Ижтимоий тармоқларда юз берган ҳолатни иккинчи муддатга қайта сайланган президент Мирзиёевни эркинлик ҳимоячиси қилиб кўрсатиш учун атайин ўйлаб топилган томоша, дегувчилар ҳам топилди. .

“Бу ўзини олийжаноб қилиб кўрсатиш учун олдин лайлакни оёғини синдириб кейин уни тузатган чол ҳақидаги эртакка ўхшайди. Сайлов тугади. Бирданига тармоқларга тўсиқлар қўйиляпти. Саноқли соатларда президент чиқиб “ёмон ниятли одамларни” жазолаяпти, қойилмисиз”, - деб ёзди Фэйсбукнинг Дилдора исмли фойдаланувчиси.

Айни пайтда 3 ноябрь кунги воқеани ҳажв қилганлар ҳам бўлди.

“Ўзи келар ёр-ёр, ўзига кетар ёр-ёр. VPNни ўчираверинглар. Бекорга МБ еб ётмасин” , деб ёзди таниқли блогер Ақида Ханум..

Ижтимоий тармоқларда тармоқ можароси мазаҳ қилинди.
Ижтимоий тармоқларда тармоқ можароси мазаҳ қилинди.

Ўзбекистонда Facebook ва YouTube га кириш билан боғлиқ муаммолар 2019 йил охири — 2019 йил бошида бир неча ой мобайнида ҳам кузатилган. Расмийлар буни телекоммуникация ускуналарини янгилаш ва тайинланган номлар ва рақамлар бўйича интернет-корпорацияси — ICANN нинг криптографик калитини ўзгартириш билан изоҳлашган.

Аммо кейинроқ тармоқлар блоклангани фош бўлди.

2019 йил ёзида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўша пайтдаги директори Комил Алламжонов YouTube ва Facebook ни блоклаб қўйган шахслар “қамоқда” эканлигини айтди.

Алламжонов тармоқларни блоклаш билан салбий маълумотлар оқимини камайтиришга ҳаракат қилинганини ҳам қўшимча қилганди.

Аммо тармоқларга тотал чеклов ўрнатилиши билан боғлиқ сўнгги можаро юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Алламжонов ҳам, унинг ўринбосари, президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам сукут сақламоқда.

XS
SM
MD
LG