Линклар

Шошилинч хабар
30 март 2020, Тошкент вақти: 15:16

Таниқли қизиқчилар реклама қилган машина сотувчи ширкат фирибгарликда гумон қилинмоқда


ТВ даги рекламадан кўриниш

Тошкент вилоят, Ангрен шаҳрида жойлашган Avto ideal xizmat ширкати устидан ҳуқуқ-тартибот органлари жорий ой бошида текширув бошлагани маълум бўлди.

Тошкент вилоят ИИБ мулозимининг Озодликка айтишича, автомобиль калитини 7 ойда топширишни ваъда қилиб, мижозлар пулини олган ширкат устидан улардан тушган ўнлаб шикоятни прокуратура ўрганмоқда.

Мижозларнинг баъзилари етти ой олдин пул берганини Озодликка айтди.

Мулозимнинг билдиришича¸ Avto ideal xizmat бошлиғидан эҳтиёт чораси сифатида шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олинган.

Мулозим ширкат мол-мулки ва ҳисоб рақмларига банд солинганми-йўқлигини билмаслигини айтди.

Ширкат вакиллари фирибгарлик жинояти содир қилганликда гумонланмоқда.

Avto ideal xizmat ширкати таниқли сўз усталари Мирзабек Холмедов ва Шукрулло Исроилов иштирокида суратга олинган рекламаларни “Milliy TV ” телеканалида мунтазам намойиш қилиб борган.

Бу рекламага ишониб, миллионлаб сўм пулини Avto ideal xizmat ширкатига топширганидан 7 ой ўтиб ҳам, на пулини ва на машинани ола олган мижозлар Озодликка ширкат вакиллари билан жанжали акс этган видеоларни юборди.

Видеода пулини ола олмаган мижозларга ширкат раҳбарининг “қаерга борсанг бор, олган видеотасвиринг гувоҳликка ўта олмайди” дея ўшқиргани акс этади. Видеода камида уч нафар ширкат вакили ва 20 га яқин пулини ола олмаган мижозлар кўринади. Бундан ташқари Avto ideal xizmat ширкати биноси олдида норозилик пикети қилиб турган одамлар акс этган видеотасвир ҳам Озодликда бор.

Озодлик билан суҳбатлашган ангренлик 48 яшар мижоз Самир Нажибуллаев молларини сотиб пулини Avto ideal xizmat га олиб келиб топширгани ортидан ҳеч вақосиз қолганидан шикоят қилди.

“Хурматли артистларимиз ўз оғизлари билан айтиб тургандан кейин ишониб келавергандим. "Спарк"нинг пулига "Малибу" оласиз деб Мирзабекни ўзи телевизорга чиқиб айтди. Мана 7 ой бўлди сарсонман ",- дейди ангренлик мижоз.

"Рекламани кўрсатган эмас, берган айбдор"

“Milliy TV ” умуммиллий телеканали реклама бўлимининг Озодлик боғланган ходими реклама мазмуни учун реклама берувчи масъулиятли билдирди:

“Реклама тўғрисидаги қонуннинг 8- моддасига кўра, реклама берувчи ширкат бизга рекламадаги ахборотининг ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилган. Автокредит бериш борасидаги тегишли лицензияни ҳам тақдим қилган. Реклама берувчи шундан кейин халқни алдаб пулни олган бўлса, унинг ўзи жавобгар”.

"Хизмат доирасидан ташқарида"

Озодлик Ангрен шаҳар Оҳангарон кўчасидаги Avto ideal xizmat ширкатининг эълонда кўрсатилган иккала телефон рақамига бир неча марта қўнғироқ қилди ва ҳар гал телеком операторининг “Мижоз хизмат доирасидан ташқарида” деган жавобини эшитди.

Озодлик билан суҳбатлашган ширкат мижози¸ пулини йўқотса ҳам юмор туйғусини йўқотмаган Нажибуллаев "Улар аллақачон Канада чегарасигача етиб олган" дея мутоиба қилди.

Тошкент вилоят ИИБ вакили Озодлик билан суҳбатда ширкат вакиллари устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 188−1-моддаси 1-қисми (Пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) бўйича суриштирув олиб борилаëтганлигини билдирди.

Мулозимга кўра¸ ишни маъмурий суд кўриб чиқиши кутилмоқда.

Avto ideal xizmat ширкатининг “чув тушган” мижозлари эса, ширкат мансабдор шахслари иши маъмурий судга оширилишидан хавотир билдиришди. Ангренлик мижоз аëл Озодлик билан суҳбатда "юзлаб аҳолининг миллиардлаб сўмини ўзлаштирганлар ишини жиноий суд кўриши керак" деди.

Фирибгаристон?

Автокредит билан боғлиқ ва умуман хар хил молиявий пирамида фирибгарликларидан жабрланганлар манфаатини ҳимоя қилиб келадиган ҳуқуқшунос Ойбек Нарзуллаевнинг Озодликка айтишича¸ сўнгги пайтда “машинани келгусида олиб бериш” ваъдаси билан одамларни алдаш кўпайган:

“Автокредит билан боғлиқ ўнлаб ширкатлар аслида халқни алдаб пулини ўзлаштириш схемасига асосланган лохотрондир. "10 миллион беринг 7 ойда машина оласиз" дейди. Аммо 7 ойдан кейин бу ширкатни чироқ ëқиб ҳам топа олмайсиз. Олдин пул кейин машина деган схема асосида иш юритган Avto oltmish oy ширкати устидан очилган жиноят иши одамларга дарс бўлмади".

Беш йилга бўлиб тўлаш шарти билан машина сотишни ваъда қилган Avto oltmish oy ширкати бор-йўғи 4 ой ичида 18 минг 818 нафар мижоздан 57 млрд 412 млн сўм олган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов қўмитаси вакиллари 2 март куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилган эди.

Бундан ташқари, шу кунларда одамларга туяқуш¸ автомобиль¸ тимсоҳ боласи келтириб бераман, деб алдаб, пулини олган ширкатлар устидан суд давом этмоқда.

Шарҳларни кўринг (7)

XS
SM
MD
LG