Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:41

MyTaxiнинг 100 дан зиёд ҳайдовчиси ширкатга бойкот эълон қилди


Тошкентда 20 зиёд автоширкат такси хизматларини кўрсатиб келади
Тошкентда 20 зиёд автоширкат такси хизматларини кўрсатиб келади

Тошкент аҳолисига такси хизмати кўрсатаётган MyTaxi ширкатининг 1000 дан ортиқ ҳайдовчисидан 100 дан зиёди автоширкат раҳбариятини ўз муаммоларини ҳайдовчилар ҳисобига ҳал қилишга уринаётганликда айблади ва ширкатга бойкот эълон қилди.

MyTaxiдан буюртма олишни тўхтатган ҳайдовчилар ширкатдан тарифларни кўтаришни талаб қилмоқда.

MyTaxi ширкати директор ўринбосари ҳайдовчиларнинг норозилигини асоссиз, деб атади. Айни пайтда, унинг айтишича, тез кунларда ширкатнинг нарх сиёсатига ўзгартиш киритилади.

Тошкент аҳолисига такси хизматини кўрсатаётган энг йирик ширкатлардан бири - MyTaxiнинг 100 дан ортиқ ҳайдовчиси 17-20 август кунлари ширкатга бойкот эълон қилганини Озодликка билдирди.

- 15 август куни ҳамма ёнилғи турига нарх-наво ошди. Бунинг ортидан автобус йўл кираси ва бошқа хизматларнинг нархи ошмоқда. Лекин такси хизматида ҳеч нарса ўзгармади. Километраждаги тафовут ўзгармади, - деди ўзини Самариддин, деб таништирган ҳайдовчи.

Самариддиннинг айтишича, MyTaxi билан бошқа турдош ширкатлар орасида катта фарқ бор:

- MyTaxi ҳар куни ҳар бир таксичининг умумий олган заказидан тушадиган пулнинг 10-15 фоизини олади. MyTaxi бугунги кунда ҳайдовчилардан энг кўп фоиз ечиб оладиган компания – 15 фоизгача! Яндекс.Таксида баллига қараб 7-10 фоиз олишади, ишчиларига бонуслар берилади.

MyTaxi ҳайдовчисининг иддаосича, ширкат раҳбарияти Яндекс.Такси билан рақобатга дош бера олмаяпти ва барча оғирликни ҳайдовчилар зиммасига юклаб қўймоқда.

- Қайси программани Ўзбекистонда Интернетда очманг Яндекс.Такси рекламаси чиқиб қолади. Яндекс.Такси бошида роса арзон бўлди, одам йиғди, кейин нархларни кўтариб қўйди, лекин ишчиларига бонус беради, ишлашга имкон яратади. MyTaxi эса нарх-навоси арзон, ҳайдовчилар улардан олинадиган фоизни туширишни илтимос қилса ҳам улар кўнмаяпти. Шу сабабли MyTaxiдан кира ҳақини озгина кўтариш ва биздан олинадиган фоизни туширишни талаб қилиб, биз 17-18-19-20 август кунлари умумий бойкот эълон қилдик. Заказларини олмасликка қарор қилдик ва бошқа ҳайдовчиларни ҳам шунга чақирамиз. Ўзини ҳурмат қилган, меҳнатини қадрига етадиган, ўзини мулкини эҳтиёт қилиб асрайдиган ҳайдовчилар иш ташлашга қўшилдилар, деди Самариддин.

Маълум бўлишича, бугунги кунда MyTaxi ва Яндекс.Такси агрегаторларидан ташқари Ўзбекистон пойтахтининг ўзида Millenium, Alyans, GoTaksi каби 20 яқин такси ширкатлари мавжуд.

Самариддининг айтишича, MyTaxiнинг 100 дан зиёд ҳайдовчиси бойкот давом этаётган кунлари бошқа агрегаторларга қўшилиб ишламоқда.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган бошқа бир гуруҳ ҳайдовчилар MyTaxi раҳбарияти меҳнат шароити яратиб бермагани боис, улар иш вақти ошгани, авария ҳолатлари кўпайгани, оилавий қийинчиликлар келиб чиқаётганидан арз қилди.

- 18-20 соатлаб ишлаяпти болалар! Чунки кўпчилик ҳайдовчилар арендага машина олиб ҳайдайди. Аренда пулини чиқариш учун кам пул топаётган ҳайдовчилар кўп ишлашга мажбур бўляпти. Кам пул топган ҳайдовчилар оилаларида жанжал, ажрашиб кетишлар кўпайди. Фарзандларимизга вақт ажрата олмаяпмиз - дам олиш кунимиз ҳам йўқ бўлди! деди исмини очиқламасликни сўраган ҳайдовчилардан бири.

Ҳайдовчилар кўп ишлашга мажбур бўлгани сабабли рулда чарчаб қолган таксичилар билан боғлиқ авария ҳолатлари кўпайиб бораётганини ҳам айтмоқда.

Бойкот эълон қилган таксичиларга таҳдидлар ҳам бўлмоқда
Бойкот эълон қилган таксичиларга таҳдидлар ҳам бўлмоқда

Ҳайдовчилар MyTaxi директор ўринбосари ва айни пайтда Бош маркетологи Абдулло Ҳидоятовнинг Халқаро пресс-клуб кўрсатувларидан бирида “MyTaxi ҳайдовчилари кунига 300 минг сўмдан 600 минг сўмгача даромад олади” деган гапига ҳам жиддий эътироз билдириб, нарх-наво ошаётган бир пайтда уларнинг кунлик иш ҳақи 150-200 минг сўм атрофида эканини билдиришди.

MyTaxi ҳайдовчилари Ўзбекистон президенти ва мутасадди идораларга махсус мурожаатнома ҳам тайёрлаб, ўз хатини “Оилангизни ёки яқинларингизни шу чарчаган ҳайдовчи манзилга элтиб қўйиши мумкин!” жумласи билан якунлади.

Ширкатнинг “MyTaxi – Новости и обновления” деб номланган Телеграм каналида 15 август куни ёнилғи нархлари ошгани боис "ставкалар" ҳам оширилгани тўғрисида хабар чиқди.

“Ёнилғи нархи оширилиши муносабати билан шаҳар доирасида “Эконом” тарифида 1 км учун ставка 1300 сўмга кўтарилади. Шаҳар ташқарисига ставка 1600га чиқди. Ўзгартишлар 15.08.19да соат 14:00дан кучга киради. Қолган ставкалар ўзгаришсиз қолади!”- дейилади расмий хабарда.

Ҳайдовчилар 1200 сўм турадиган “Эконом” ставкасининг атиги 100 сўмга кўтарилишини “кулгили” деб атади.

MyTaxi ширкати директори муовини, Бош маркетолог Абдулло Ҳидоятов ҳайдовчилар эълон қилган бойкотга муносабат сифатида Озодликка бундай деди:

Ҳайдовчилар айбловларини асоссиз деб ҳисоблайман. Тарифларда нархларни пасайтириш ортидан кўпроқ заказ олишни бошлаган ҳайдовчилар ҳафталик даромадини ўртача 15-20% оширди. Ундан ташқари, бизнинг сервисимизга улар ихтиёрий равишда қўшилади. Бизнинг системамиз энг яқин бўлган буюртмаларни қабул қилишга ва ҳаражатларни камайтиришга кўмаклашади”, деб жавоб қайтарди MyTaxi ширкати директори муовини.

Абдулло Ҳидоятов яқин орада тарифларга ўзгартишлар киритилиши кутилаётганини ҳам билдирди.

Маълумотларга қараганда, MyTaxi 2015 йилда CityTaxi сервиси негизида пайдо бўлган.

ЎзА хабар қилишича, 2018 йилда Ўзбекистон бўйлаб 13 триллион марта такси хизмати кўрсатилган ва 53 миллиард сўмлик солиқ пули бюджетга келиб тушган.

XS
SM
MD
LG