Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Сатторий ишини қайта кўриш бошланди. Суд мажлисини ёзиб олишга рухсат берилмади


29 июнь куни Термиз шаҳар судида самарқандлик судьялар гуруҳи блогер Отабек Сатторий иши бўйича апелляция жараёнини бошлади.

Суднинг биринчи кунида фақат саноқли блогер ва журналистлар суд залига киритилди. Уларга ҳам суд мажлисини ёзиб олишга рухсат берилмади.

Судья, айни пайтда, Отабек Сатторийнинг отасига ўғли билан исталган пайтда қамоқхонага бориб учрашиш имконини берди.

Апелляция жараёни узоқ давом этиши ва кейинги судларга блогерлар тўлиқ киритилиши ваъда қилинди.

10 май куни Музработ туман суди Сатторийни 6,5 йилга қамаган эди. Айбловни тан олмаган Сатторий апелляция аризаси ёзган.

Апелляция: Биринчи суд 40 дақиқа бўлди

Отабек Сатторийнинг апелляция судининг биринчи мажлиси 29 июнь куни соат 11:15 да Термиз шаҳар жиноят ишлари суди биносида ўтказилди.

Судда иштирок этган блогерга кўра, суд залига фақат саноқли матбуот ходимлари киритилган:

Жуда кўп блогер ва журналистлар келди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам суд залига киритилмади. Ҳатто Кун.уз мухбири ҳам судга қўйилмади. Судда қатнашиш истагида бўлган блогерларнинг барчаси киритилмагани суд залининг кичкиналиги билан изоҳланди. Лекин кирган блогерларга ҳам суд мажлисини ёзиб олишга рухсат берилмади”.

Суд тафсилотларидан хабардор бошқа бир блогерга кўра, суд мажлиси тахминан 40 дақиқа давом этган:

“Сатторийга Умид Давлетовдан ташқари яна бир адвокат берилибди. Шу адвокат иш билан танишишга вақт сўради. Шунинг учун бугунги судни тўхтатишди”.

Суд иштирокчиларига кўра, судья Отабек Сатторийнинг отасига ўғли билан қамоқхонада учрашиб туриш имконини берган:

“Адвокатлар Тошкентдан келиб-кетиши узоқлиги учун Сатторийнинг отаси ўғли билан учрашиб, судга доир масалаларни гаплашишига рухсат берилди. Кейин судья суднинг ўзида Сатторийга фарзандлари ва ота-онаси билан кўришишга рухсат берди. Отабек панжара ортида ўтирган бўлсада, яқинлари билан қўл бериб, кўришишга муваффақ бўлди”.

Суд тафсилотларидан хабардор блогерга кўра, судья кейинги мажлисларда блогерларга видео олиш имконини беришга ваъда қилган:

“Блогерлар ҳаммамиз жаҳлимиз чиқиб ўтиргандик. Бир маҳал судья ҳаммамизни байрам билан табриклаб, кейинги судларда бошқа блогерларнинг ҳам кириши ташкиллаштирилиши ва суд залида видео қилишга ҳам рухсат бериши мумкинлигини айтди. Лекин прямой трансляция қилишга рухсат бермаскан. Фақат видеони ёзиб олиб, кейин ишлатишга рухсат бераркан”.

Сатторий иши бўйича апелляция жараёнининг кейинги мажлиси 30 июнь соат 10:00га белгиланган. Суд Термиз шаҳар судида ўтиши айтилган.

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

Самарқанддан Термизга кўчган сайёр суд

Блогернинг оиласи ва ҳимояси Сатторий ҳибсга олинганидан буён унга нисбатан маҳкаманинг бошқа вилоятда кўрилишини талаб қилиб келаётган эди.

Оиласи ва адвокати блогер ўз фаолияти давомида асосан, Сурхондарё вилояти раҳбарларини кескин танқид қилиб келгани боис унга нисбатан маҳкаманинг бу вилоятда холис ўтишига ишонмаслигини айтишган.

Дастлаб Сатторийнинг апелляция суди Самарқанд вилоят судида ўтказилиши хабар қилинди.

Бироқ кейинчалик самарқандлик судьялар гуруҳи Термизга бориб, апелляция судини сайёр суд тарзида ўтказилиши айтилди. Бу хабар ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга сабаб бўлгач, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров суднинг кўчирилишини изоҳлашга мажбур бўлди.

Акбаров апелляция жараёнининг бир неча кунга чўзилиши ва Сатторий яқинлари “манфаатини кўзлаб” суд яна Термизга кўчирилганини айтди.

Судланувчининг Сурхондарёдан Самарқандга “этап” қилиниши, шунингдек, ҳар суд мажлисига Термиздан келиб-кетиш унинг яқинларига ташвиш ва чиқим туғдириши мумкинми? Ҳа. Шу каби ҳолатлардан келиб чиқиб, суд Термизда ўтказилиши белгиланди, холос”, деган Акбаров “Дарё” нашрига.

Блогерлар судда ҳоким қатнашишини талаб қилишди

29 июнь куни Термиз шаҳар суди биноси олдига тўпланган блогерлар ўз чиқишларида вилоят ва шаҳар ҳокимлари ҳам Сатторий судида қатнашишини талаб қилишди.

Жумладан, блогер Фазилат хоним шаҳар ҳокими гувоҳ сифатида судга чақирилишини талаб қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев эса Сурхондарё ҳокимини Сатторий ишига алоқадор дея “айблаган” эди.

Сатторий суди ва халқаро чақириқлар

10 май куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбдор, деб топилган блогер Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Сатторий иши бўйича чиқарилган ҳукм юзасидан тезкор баёнот эълон қилди.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Блогер ҳибсга олинган кезда унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинганди. Кейинчалик айбловнинг 3 таси рад этилган.

"Ҳамма менга қарши" - Отабек Сатторий судида гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Жумладан, Human Rights Watch халқаро ташкилоти томонидан 11 май куни ёйинланган баёнотда, мустақил блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ҳақида суд томонидан чиқарилган ҳукм сўз эркинлигига қарши зарба ва маҳкама хатоси бўлиб ҳисобланади, дейилди.

HRW вакилларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти, жумладан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар марказига инсон ҳақларига ҳурмат тамойили қўйилаётганини баралла айтиб келмоқда, аммо бу ўринда амаллар сўзларга зид келаётир.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича бу йилги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлаган.

Ташкилот ўтган ой эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни 180 давлат ичида 157-ўринга қўйган. 2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ёмонлашгани англашилади.

OzodRakurs: Президент Мирзиёев блогер Сатторий ҳақида...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:31:28 0:00

XS
SM
MD
LG