Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:03

Самолёт бортида вафот этган муҳожир жасади яқин орада Ўзбекистонга юборилади


Ғ.Турсунов Москва-Фарғона бортида вафот этди (Суратни Самара шаҳар, Куйбишев туман прокуратураси тақдим этди)
Ғ.Турсунов Москва-Фарғона бортида вафот этди (Суратни Самара шаҳар, Куйбишев туман прокуратураси тақдим этди)

Москвадан Фарғонага учаётган самолёт бортида вафот этган фарғоналик 52 ёшли меҳнат муҳожири жасади текширувдан кейин Самарадан Ўзбекистонга юборилади.

Жасадни юбориш билан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари шуғулланмоқда.

Озодлик ўз манбаларидан Москва-Фарғона учоғи бортида нобуд бўлган шахс Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 1967 йилда туғилган Ғайратжон Турсунов эканини аниқлади.

8 ноябрь куни Москва-Фарғона йўналиши бўйича кетаётган учоқ йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қила бошлагани туфайли Россиянинг Самара шаҳридаги Қурумоч аэропортига шошилинч қўнган эди.

“Ural Airlines” авиаширкатига тегишли учоқ Москванинг Домодедово аэропортидан кундузги 12:30да кўтарилган ва 16:00ларда Самара аэропортига қўнган.

- Афсуски, йўловчи учоқ қўнгунига қадар вафот этди. Учоқни кутиб олган Тез тиббий ёрдам ходимлари аэропортда уни вафот этганини тасдиқлашди. Дастлабки маълумотларга қараганда, унинг ўлимига ўпка инфаркти сабаб бўлган, деб билдирди Қурумоч аэропорти навбатчиси.

Приволжский транспорт прокуратураси мулозими нобуд бўлган ўзбекистонлик жасади тиббий экспертизадан ўтказилаётганини Озодликка билдирди.

Прокуратура ходимларига кўра, вафот этган Ғайратжон Турсунов жасади тегишли текширувлар якунланганидан кейин Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги кўмагида ватанига жўнатилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида ҳам бу ҳақда маълумот берилди.

Озодлик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қайтаётган учоқларнинг турли сабабларга кўра йўлда тўхташга мажбур бўлгани борасида олдин ҳам хабар берган.

2019 йилнинг 4 ноябрида Санкт-Петербургдан Урганчга кетаётган яна бир учоқ Самаранинг Қурумоч аэропортида қўнишга мажбур бўлган.

Boeing 752 учоғида ўз юртига кетаётган ўзбекистонлик муҳожирлардан бирининг қон босими ошиб кетган ва борт командири учоқни Самарага қўндиришга мажбур бўлган. 1976 йилда туғилган хоразмлик йўловчининг онкология билан касаллангани ва у ҳозирда Самара онкологик шифохоналаридан бирида қолаётгани хабар қилинган эди.

“Ural Airlines” авиаширкати вакили, Озодлик сўровига жавобан, Ғайратжон Турсунов вафот этган самолётдаги қолган йўловчилар шу куниёқ Ўзбекистонга жўнатилганини тасдиқлади

- Учоқ шу куниёқ Ўзбекистонга жўнатилди ва Тошкент вақти билан 21:10 да қолган йўловчилар билан ўз манзилига етиб борди.

XS
SM
MD
LG