Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:59

Сайлов-2019: Экологик партия аъзоси номзодлар рўйхатига киритилмаганини тушунолмаяпти


Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партиянинг лидерлари МСК раиси билан.

15 ноябрда Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиялардан кўрсатилган номзодларни расман рўйхатга олди.

Бу маълумотни Озодлккка Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати ходими тақдим қилди. МСК мулозими яқин кунларда депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганларга рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳнома берилишини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов 22 декабрда бўлиб ўтади.

МСК ходими номзод кўрсатиш жараëни эркин ва шаффоф ўтганини таъкидлади. Унинг айтишича¸ “Ўзбекистон тарихида илк бор парламент сайловларида қатнашадиган бешта сиёсий партия раҳбарларининг жонли телевизион дебатлари бўлиб ўтаётгани” бунга мисол.

Ўзбекистон президенти жорий йил 10 январь куни ўтказган селектор йиғилишида сайловларнинг эркин бўлиши лозимлигини уқтирган эди.

Ноябрь бошида бешта сиёсий партия — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП), Миллий тикланиш Демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ва Экологик партияси сайлов округлари сонига мос равишда 150 нафардан номзодни кўрсатган эди.

15 ноябрь куни 750 нафар номзоднинг барчаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олинди ва сайловда қатнашишга рухсат берилди. Тасдиқланган номзодлар орасида 43 нафари парламент қуйи палатанинг ҳозирги таркибида депутат сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Айни пайтда депутатликка номзоди кўрсатилишини истаганлар, бироқ ўз ниятига етолмаганлар ҳам талайгина. Улардан бири - депутатликка номзодини қўйишга уринган, бироқ рад этилган шаҳрихонлик шифокор Отабек Аҳлиддиновнинг айтишича¸ “сайловга номзод қўйиш деган спектакль ўйналган” холос:

- Ҳозирда сайлов сценарий бўйича ўтказилаётган жараёнга ўхшамоқда​, чунки бош қаҳрамонлар бўлган Марказий сайлов комиссияси ролидан ташқари, массовка бўламиз дея эпизодик роль ўйнаётган номзодлар ҳам, нима қилаётганини билмай, сценарий бўйича иш тутишмоқда. Булар саволларга ҳам жавоб беролмайди ва режиссёр командасини кутиб туришади.

Отабек Аҳлиддинов жорий йил декабрида бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш учун топширган аризаси бекор бўлганини айтаркан, бундай деди:

- Менинг исмим номзодлар рўйхатида йўқ, чунки аввалига менинг объективкамни Андижон вилоят экологик партия бошлиғи Наврўз Юсупов Тошкентга юбораман деб олди, сўнг вилоят ҳоким​ияти норасмий кўриб чиқиб тасдиқлаш керак деди, охирида эса мен билан алоқани узди, менимча вилоят ҳокимиятидан​ ўтмадим шекилли. Шу сабабдан нимага менинг номзодим рўйхатда йўқлигига жавоб ололмадим.

Отабек Аҳлиддиновнинг айтишича, партиянинг сайловолди мажлисларида низомга зид ҳолда ушбу партияга аъзо бўлмаганлар қатнашган:

- Оддий мисол. Туманда ўтказилган партия мажлисига партия аъзолари эмас, балки хар хил ташкилотлардан одамлар тўпланиб​ хўжакўрсин учун мажлис ўтказилди, номзодлар ҳаттоки ушбу мажлисга келишмади ҳам, партия аъзоси бўлмаган одамлар бу мажлисда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаса ҳам овоз беришди, бу мажлисни ҳақиқий кўзбуямачилик деб ҳисобласа бўлади. Мен эътироз билдирдим, ушбу холатлар бўйича эътирозим қабул килинди, лекин барибир ўзлари билгандай қилиб ҳужжатларни топшириб юборишди. Ҳеч кимнинг иши ҳам бўлмади бу воқеа билан.

Шаҳрихондаги касалхона врачи Отабек Аҳлиддинов янги тузилган Экологик партияга уни бутафорик эмас ва сайловда номзод кўрсатиш имкони бор, деб ўйлагани учун аъзо бўлганини айтди.

Шифокорнинг айтишича, нима сабабдан унинг номзоди рад қилинганини билишга уринмоқда. Лекин ҳозирча жавоб тополгани йўқ.

Озодлик Экологик партиянинг Андижон бўлими раҳбариятига қўнғироқ қилиб, партия аъзоси Аҳлитдиновнинг номзоди нега рўйхатга киритилмаганига қизиқди. Ўзини таништирмаган партия мулозими Озодлик саволига аниқ жавоб бера олмади.

  • Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда тузилган, 90- йиллар бошидаёқ мамлакатдан қувғин қилинган "Бирлик" ва "Эрк" партиялари давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг ҳам тақиқдалигича қолди, бинобарин улар бу йилги сайловларда ҳам иштирок этмаяпти.
  • Каримов даврида тузилган ва расман тан олинган 5 та сиёсий партиядан бошқа Мирзиёев даврида янги сиёсий партия пайдо бўлмади. Шаҳрихонлик врач Отабек Аҳлиддинов аъзоси бўлган Экологик партия аслида шу пайтгача парламентда 15 ўринга эга бўлган Экологик ҳаракат базасида тузилган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG